Шомуродов Месси бошчилигидаги супертўпурарлар билан бирга!

Футбол тарихи ва статистикаси халқаро федерацияси – IFFHS 2022 йил давомида халқаро майдонда энг кўп тўп киритган тўпурарлар рейтингини эълон қилди.

Халқаро федерация мутахассислар рўйхатга ўз миллий терма жамоалари ва клубларининг қитъа миқёсидаги расмий учрашувларида рақиблар дарвозасини энг кўп ишғол қилган футболчилар статистикасини ҳисоблаб чиқди.

Якунланган йил давомида халқаро баҳсларда Лионель Месси ҳаммадан кўп гол уришга муваффақ бўлган. 35 ёшли ҳужумчи Қатарда ўтказилган жаҳон чемпионатида еттита гол уриб, Аргентина терма жамоасининг бош совринга эга чиқишини таъминлади. Леонинг ўзи мундиалнинг энг яхши футболчиси совринига ҳам сазовор бўлди.

Лионель Месси Аргентина терма жамоасидан ташқари ПСЖ сафида ҳам Европа Чемпионлар лигасида рақиблар дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди. Бир йил мобайнида Месси халқаро майдонда ўз номини 22 маротаба таблога ёздириб қўйди.

messi700

Кучли учликнинг иккинчи поғонасини халқаро учрашувларда Лионель Мессидан битта кам тўп киритган Килиан Мбаппе эгаллади. 24 ёшли ҳужумчи жаҳон чемпионатида саккизта гол уриб, тўпурарлар пойгасида ғолиб чиқди.

Учинчи ўрин Аргентина терма жамоасининг янги юлдузи – Хулиан Альваресга насиб қилди. “Манчестер Сити” ҳужумчиси ҳисобида халқаро ўйинларда киритилган 15 та тўп бор.

Супертўпурарлар киритилган рейтингдан Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов ҳам ўрин эгаллади. “Рома” бош мураббийи Жозе Моуриньо клуб миқёсидаги мусобақаларда ишонч билдирмаётган легионеримиз ўтган йилги голларининг деярли барчасини Сречко Катанец бошчилигидаги миллий терма жамоамизга киритган.

Футбол тарихи ва статистикаси халқаро федерацияси – IFFHS рейтингида Шомуродов халқаро майдонда жами 12 та гол ургани кўрсатилган. Шулардан биттаси “Рома” сафида Европа лигаси гуруҳ босқичида Болгариянинг “Лудогорец” жамоаси дарвозасига киритилган тўп ҳисобланади.

Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ўтган йил давомида ўн марта майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини ўн бир маротаба ишғол қилган.

Терма жамоамиз етакчиси халқаро учрашувларда Уганда ва Мальдим ороллари терма жамоасига учтадан, Жанубий Суданга иккита, Қирғизистон, Коста-Рика ва Қозоғистон футболчилари дарвозасига биттадан гол урди.

Таъкидлаш жоизки, Элдор Шомуродов халқаро миқёсдаги тўпурарлар рейтингига киритилган Осиё қитъасининг ягона футболчиси ҳисобланади.  

IMG_3759

Футбол тарихи ва статистикаси халқаро федерацияси – IFFHS рейтингидан жой олган футболчилари рўйхати қуйидагича кўриниш ҳосил қилди:

  1. Лионель Месси (Аргентина) – 22 та гол

 

  1. Килиан Мбаппе (Франция) – 21 та гол

 

  1. Хулиан Альварес (Аргентина) – 15 та гол

 

4-5. Эрлинг Холанд (Норвегия) – 14 та гол

 

4-5. Садио Мане (Сенегал) – 14 та гол

 

6-7. Роберт Левандовски (Польша) – 13 та гол

 

6-7. Педро (Бразилия) – 13 та гол

 

8-11. Элдор Шомуродов (Ўзбекистон) – 12 та гол

 

8-11. Ришарлисон (Бразилия) – 12 та гол

 

8-11. Муҳаммад Салоҳ (Миср) – 12 та гол

 

8-11. Карим Бензема (Франция) – 12 та гол

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!