Италия клуби билан шартнома имзолаган спортчимиз Шомуродовнинг ўйинларини кўришга бормоқчи
Бу йил ёш велоспортчиларимиздан бири Беҳзод Раҳимбоев учун ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Беҳзод ўтган йили Италиянинг “Team Viris Vigevano” жамоаси билан шартнома имзолашга муваффақ бўлган эди. Ҳозирда спортчимиз Италия сафарига йўл олиш ниятида. Эътиборингизга велоспортчимиз билан ташкил қилган кичик суҳбатимизни ҳавола қиламиз.
– Италия жамоасидан таклиф қанчалик кутилмаган эди?
– Очиғи, бундай таклифни кутмаган эдим. Улар мени 1-2 мусобақалардаги иштирокимни кўришган экан. Октябрь ойида расмий таклиф билан чиқишди ва мураббийларим буни қўллаб-қувватлашгач ўйлаб ўтирмай рози бўлдим.
– Шартнома неча йилга тузилган ва сир бўлмаса, унинг молиявий бандлари қандай?
– Шартнома 1 йиллик. Очиғи маошим у қадар кўп эмас. Асосийси, менинг у ердаги озиқ-овқат ва яшаш ҳаражатларим тўлалигича жамоа ҳисобидан бўлади. Қўшимчасига, йил давомида ташкил қилинадиган мусобақаларда эгаллаган ўринларимга қараб қўшимча бонуслар оламан. Асосийси, мен у ерда пул билан ўлчанмайдиган катта тажрибага эга бўламан.
– Италияга йўл олишни қачонга мўлжаллаяпсиз?
– Менимча, Туркиядаги йиғиндан сўнг. Бир неча кундан сўнг Туркия сафарига йўл оламиз. У ердаги машғулотлар якунлангач кетсам керак. Боиси у жамоа тўлиқ шакллантирилиб, мусобақалар тақвими эълон қилингач борсам, мақсадга мувофиқ бўлади.
– Футболга ҳам қизиқасизми? Сўрамоқчи бўлганим, ҳозир Италия чемпионатида ўзбекистонлик футболчи тўп тепмоқда. Имкон бўлса, балки унинг ўйинларини кўргани борарсиз?
– Очиғи, футболга у қадар қизиқмайман. Лекин ҳамюртимиз Элдор Шомуродовнинг Италия чемпионатида ўйнаётгани ҳақида эшитдим. Албатта, имкони бўлса юртдошимнинг ўйинларини кузатгани бораман.
– Келажакдаги фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз. Суҳбат учун раҳмат!
– Раҳмат
Умид қиламизки, Беҳзод Раҳимбоев сингари ҳамюртларимизнинг Европага йўл олиши ўсиб келаётган ёш спортчиларимиз учун янада катта мотивация бериши аниқ.
Манба: olympic.uz
Фикрлар