
Иван Бошкович: "U21 жамоаси иштирокидаги баҳс аввалроқ ўтказилса жароҳат олишидан қўрқиб турасиз"
ОАВда U21 жамоалари иштирокидаги ўйинлар 2025 йилдан бошлаб асосий таркибникидан бир кун аввал бўлиб ўтиши мумкинлиги тўғрисида хабар эълон қилингач, "Сўғдиёна" бош мураббийи Иван Бошкович Лига билан боғланди ва мазкур масалада ўз позициясини билдирди.
«Ёш ва иқтидорли футболчиларга етарлича ўйин амалиётини беришни истайдиган мутахассис учун U21 жамоаси асосий таркибдан кейин ўйнагани маъқул. Биз бу йўналишда етарлича иш олиб бордик, деб ўйлайман. Агар U21 жамоаси асосий таркибдан бир кун аввал ўйнаганида эди, катта эҳтимол билан қатор ёш футболчиларни эртанги учрашувга асрашга ҳаракат қилган бўлардик. Бу билан улар на ёшлар жамоасида етарлича ўйин амалиётига эга бўлади ва на эртасига асосийда кўп ўйнаши кафолатланади. Чунки асосий учрашувда нималар бўлиб кетишини олдиндан айтиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам биз кўпроқ эътиборни асосий беллашувга қаратдик ва эртаси куни кам ўйин амалиётига эга бўлганларни қўрқмасдан U21 жамоаси сафида майдонга тушишини таъминладик», — деб гап бошлади Бошкович.
Черногориялик мураббий фикрида давом этади: «Жароҳатини эндигина даволаган тажрибали футболчи одатда асосий жамоада камроқ дақиқаларга эга бўлади. Мана шундай вақтда улар керакли зўриқишни U21 жамоаси сафида олишга интилади ва табиийки, келгуси турга қадар ўз формасини тиклаб бориши осонроқ кечади. U21 жамоаси иштирокидаги беллашув аввалроқ ўтказилса, сиз жароҳатини қайталаб олишидан чўчиб турасиз, чунки сизни асосий баҳс кўпроқ қизиқтиради. Ахир мураббий сифатида мени асосий учрашув қайдномасига киритиладиган 20 талик кўпроқ қизиқтиради. Эртасига эса бемалол ёшлар иштирокидаги ўйинга режа тузиб, уни диққат билан кузатамиз. Бу бизга келгуси тур учун дастлабки хулосаларни беради».
Маълумот учун, Иван Бошкович U21 жамоалари иштирокидаги учрашувларни ҳам диққат билан кузатиб борадиган мутахассислар сирасига киради.
ЎзПФЛ матбуот хизмати.
Фикрлар