Жаҳон чемпионати: Уч жангда уч ғалаба

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри мезбонлик қилаётган бокс бўйича ёшлар ўртасидаги 20-жаҳон чемпионатининг тўртинчи кунида рингга чиққан уч нафар ҳамюртимиз рақиблари устидан ишончли ғалабага эришди. 

Мусобақада 60 килограмм  вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Билолбек Мирзараҳимов чемпионатдаги иштирокини қозоғистонлик Санатали Толтаевга қарши баҳс билан бошлади. Жангда рақибидан ҳар томонлама устунлигини намойиш этган ҳамюртимиз 5:0 ҳисобида зафар қучди. 

Ўзбекистонликлар учун энг қулай  - 75 килограмм вазн тоифасидаги жангларда қатнашаётган Шоҳруҳ Рустамов ўзининг иккинчи жангини озарбайжонлик Расим Чобанлига қарши ўтказди. Биринчи жангда  болгариялик Егор Скамароховни мусобақадан чиқариб юборган ҳамюртимиз бу гал ҳам 5:0 ҳисобидаги ғалаба билан кейинги босқичга ўтди. 

 69 килограмм вазн тоифасида ҳамюртимиз Улуғбек Собиров иккинчи саралаш беллашувида жазоирлик Самир Мекаоуче билан куч синашди. Ҳакамлар барча раундларда устунлигини кўрсатган ўзбек боксчисининг 5:0 ҳисобидаги ғалабасини эътироф этди. 

SPORTS.uz