Жалил Кимсанов ва яна икки нафар футболчимиз Тожикистон клубига йўл олишди

Коронавирус кириб бормаган кам сонли мамлакатлардан бири бўлиб турган Тожикистонда футбол бўйича янги мавсум бошланиш арафасида. Аниқроғи, 5 апрель куни дастлабки тур ўйинлари ўтказилади.

Гап шундаки, Тожикистоннинг бой тарихига эга бўлган клубларидан бири – Турсунзоданинг “Регар-Тадаз” жамоаси уч нафар ўзбекистонлик футболчиларни ўз сафига қўшиб олди. Ўтган мавсумни “Андижон”да якунлаган ҳимоячи Жалил Кимсанов жорий йилни яна қўшни юрт чемпионатида ўтказади. Ёдингизда бўлса, у ўтган йилги мавсум бошида Душанбенинг “Истиқлол” жамоасида тўп сурганди ва биринчи даврадан кейин у ердан кетганди. Энди эса ушбу футболчимиз Турсунзода жамоасида ўйнайди.

Шунингдек, ўтган йилги мавсумни Самарқанднинг “Динамо” жамоасида ўтказган ярим ҳимоячи Сардор Эминов ҳам “Регар-Тадаз” шарафини ҳимоя қилади. Аслида ушбу ярим ҳимоячи илгари ҳам Тожикистон чемпионатида ўйнагани билан мухлисларнинг ёдида қолган бўлса ажаб эмас.

Ушбу жамоа аъзосига айланган яна бир ҳамюртимиз эса ҳимоячи Фаррух Нурлибоевдир. Ўз вақтида миллий терма жамоамизга номзод бўлган ва ҳаттоки 2011 йили Вадим Абрамов бошчилигидаги терма жамоамиз билан бирга Қатардаги Осиё Кубогига борган ушбу ўйинчи кейинчалик бир қатор клубларда ва биринчи лигада фаолият кўрсатиб юрди. Бу йил эса у ҳам ўз омадини четда синаб кўриш мақсадида “Регар-Тадаз” шарафини ҳимоя қилишга қарор қилди.

Эслатиб ўтамиз, 5 апрель куни старт оладиган янги мавсумнинг илк турида “Регар-Тадаз” жамоаси сафарда “Кўктош” билан куч синашади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!