Жалолиддин Машарипов: “Криштиану Роналду келганидан сўнг…” (Катта интервью)
“Ан Наср” клуби ярим ҳимоячиси – Жалолиддин Машарипов SPORTS.ru нашри учун катта интервю берди. Бу суҳбатни тўлиқ ўзбек тилига таржима қилдик. Ҳар доимгидек, Жалолиддин бирорта саволнинг жавобидан қочгани йўқ.
“Ан-Наср”дан таклиф келиб тушганида, ҳаёлингдан нималар ўтди?
- У пайтда менга биргина “Ан-Наср”дан эмас, бошқа клублардан ҳам таклифлар бўлган эди. Тўғриси, барчасини ўйлаб кўриб, Саудия Арабистонини танладим. Ўша пайтда Россия, БАА ва бошқа мамлакат клублари мени ўз жамоасида кўрмоқчи эканлигини маълум қилган эди. Тўғриси, чемпионат савиясидан келиб чиқиб, айнан шу клубни танлаганман.
Сизни Саудия Арабистонида нима ҳайрон қолдирди?
- Бу мамлакат мени ҳайратда қолдиргани йўқ, аммо футбол атрофидаги бундай атмосферани кутмаган эдим. Мухлисларнинг стадионга ташрифи, футболчиларни қўллаб-қувватлашига қойил қолдим. Бежизга Саудия Арабистони терма жамоаси Жаҳон чемпионатида шов-шув кўтаргани йўқ. Бу ерда футбол атрофидаги барча майда деталлар ҳам эътибордан четда қолмайди. Саудияда футболни жуда ҳам яхши кўришади.
Саудия Арабистони чемпионатининг даражаси қандай?
- Жуда ҳам яхши савияда деб айта оламан. Европадан кучли футболчиларнинг ташрифи лига савиясини оширгани рост, бироқ уларга ҳам осон бўлмаётгани аниқ. Авваллари бўлгани каби, ҳозир ҳам араб мамлакатларида футбол ўйнаш осон эмас, айниқса, Саудия Арабистонида. Хориждан келаётган легионерларнинг ҳаммаси ҳам бу ерда ўз даражасида футбол ўйнай олмайди. Кучли рақобат ва услублар қарама-қаршилиги ҳар бир тўқнашувда 90 дақиқа давомида сезилиб туради.
Криштиану келган куни стадион тўлди. Бундан аввал ОЧЛ ва чемпионат ўйинларига ҳам ишқибозлар аренага шундай "оқиб келармиди?"
- Роналду келишидан аввал ҳам аксарият ҳолларда стадион лиқ тўлган. Криштианунинг таништирув кечасида арена лиқ тўлгани бор гап. Улар дунё юлдузини севимли клуби либосида кўриш учун ташриф буюрди, аммо “Ан-Наср” ишқибозлари бу трансфердан аввал ҳам деярли ҳамма ўйинда стадиондан туриб қўллаб-қувватлаб келган. Бу жамоанинг Ар-Риёдда ишқибозлари кўп. Роналдунинг жамоага келиши нафақат мухлислар, балки бутун мамлакат футболининг ютуғи.
Роналду осмонўпар бинода истиқомат қилади. Сиз ва жамоадаги бошқа легионерлар-чи?
- Криштиану ҳозир энг яхши меҳмонхоналардан бирида истиқомат қилмоқда. Тез орада энг яхши виллалардан бирига кўчиб ўтса керак. Жамоанинг бошқа футболчилари учун ҳам худди шундай имконият тақдим этилган. Кимдир меҳмонхонада туришни афзал билса, бошқалар стадион атрофидаги уйлардан бирини танлайди. Клуб барча футболчилари учун керакли шароитларни яратиб беради.
Сўнгги пайтларда сизнинг жамоадан кетишингиз борасида жуда кўп маълумотлар пайдо бўлди. Аслида, барчаси қандай бўлган эди?
- Роналду келган пайтда кўпчилик менинг жамоадан кетишим ҳақида миш-мишлар тарқатишди, ҳар хил ёлғон хабарлар чиқди. Криштиану келишидан аввал кўпчилик мендан "7-рақамни берасанми?", деб сўради. Қандай қилиб бермаслик мумкин?! У Криштиану Роналду-ку! Бундай футболчиларни доим ҳурмат қилиш керак! Кўпчилик рақамимни беришим ортидан менинг жамоадан кетишимни тахмин қилди. Ҳеч қандай мауммосиз рақамимни бердим. Кетиш ҳақида эса, гап-сўз бўлгани йўқ. Клуб ҳам, мураббий ҳам мени таркибда кўришни истади. Жамоа билан шартномам бор. Рақамимни фақатгина Роналду келгани учунгина алмаштирдим. Бу йигит дунёдаги энг зўр икки футболчидан бири ҳисобланади. Бу ерда ортиқча гап-сўзга ҳожат йўқ.
“Ан-Наср”нинг Инстаграмдаги кузатувчилари сони 800 мингдан, 12 миллионгача ортди. Видеодан сўнг сизда ҳам шундай ўсиш бўлдими?
- Мени кузатишни бошлаганлар асосан ўзбекистонлик инсонлар. Нима бўлганда ҳам, мени ватандошларим кўпроқ кузатади. Мен Роналду билан бирга ўйнаётган биринчи ўзбекман. Ижтиоий тармоқлардаги кузатувчиларим сони ҳам ошди. Бу нормал ҳолат.
Роналду келгач стадион майсаси алмаштирилди. Аввалгисининг ҳолати ёмон эдими?
- Йўқ, Роналду келишидан ҳам аввал доимий равишда майдон чимини алмаштириб туришарди. Аслида, Саудия Арабистонида чим масаласига жиддий қаралади. Бу унинг келиши билан боғлиқ эмас. Бу ерда стадионнинг ҳолати ҳар доим биринчи ўринда бўлган. Футбол раҳбарлари шу йўсинда ўйинчиларга майдонда ўзини яхши ҳис қилиши учун имконият яратади.
Жуниньо Роналду келгач, Руди Гарсия унга ҳар куни нонушта олиб боради, деган эди. Мураббийнинг характери қандай?
- Йўқ, бўлмаган гап. Ундай деб ўйламайман. Руди Гарсиянинг ҳарактери яхши. Иккиси ҳам майда-чуйда нарсаларга эътибор қаратмайди. Иккиси ҳам профессионал. Мураббий барчага бирдек муомала қилади. Клубдаги исталган футболчи у билан соатлаб суҳбатлашиши мумкин. Шу пайтга қадар, у биз футболчилар билан жанжаллашмаган. Роналду келишидан аввал ҳам, келганидан кейин ҳам ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.
У биринчи бўлиб сенга нима деди? Танишувингиз қандай бўлди?
- Иккинчи машғулотимиз пайтида мендан "Ўзбекистон қандай?", деб сўради. Мен барчаси яхши эканлигини айтдим.
Бирга ўтказган машғулотни нечанчи дақиқасидаёқ Роналдунинг топ футболчи эканлигини ҳис қилдингиз?
- Мен аввалдан унинг топ даражадаги футболчи эканлигини билар эдим. Бунинг учун Роналду билан бир жамоада тўп суриш, бирга ўйнаш шарт эмас. Унинг учун карьераси давомида ютган совринлари ва эришган ютуқлари гапиради. Ўйлашимча, Криштианунинг футбол оламига исботлаши керак бўлган нарсаси қолмаган. У “Ан-Наср”га келгунига қадар барчасини исботлаб бўлган.
Машғулотларда Криштиануга нисбатан тўлиқ куч билан ўйнаяпсизларми?
Тўғриси, Роналди келишидан аввал, жамоадошларим унга машғулотлар пайтида кескин ҳаракат қилмаса керак, деб тахмин қилган эдим, бироқ амалда ундай бўлиб чиқмади. Барча максимал даражада профессионал бўлишга интилмоқда, лекин қаерлардадир уни ҳурмат қилишимиз сезилади. Оёқни кескин кўтармаслигимиз, "подкат" ташламаслигимиз мумкин. Бу шунчаки, уни ҳурмат қилишимиз сабабли. Биздан ҳеч ким буни талаб қилгани йўқ. Уни жароҳат олишдан эҳтиёт қиляпмиз. Бу нормал ҳолат. Биз исталган жамоадошимизни шундай эҳтиёт қиламиз.
Роналду жамоа билан чиқишиб кетдими? Ўзини кийиниш хонасида қандай тутмоқда?
- Келган кунидан бошлаб барча билан тил топишиб кетди. Барчага бир оила бўлишимиз керак деди ва соврин ютгани келганини бир неча бор такидлади. Машғулотлар чоғида ҳам барчани бирдек кўради. Шу боис, унинг ҳурмати кундан кун ошиб бормоқда. Инсонийлик борасида ҳам барчага аъло даражада наъмуна бўлмоқда.
2015 йилда Роналду Хавининг Қатарга йўл олгани борасида ҳазиллашган эди. Унинг бу сўзлари борасида ҳеч ким жавоб қилмадими? Мессининг “Ал-Ҳилол”га ўтиши борасида гап-сўзлар бўляптими?
- Хави ҳақида айтилган фикрни ўқимаган эканман. Мессининг “Ал-Ҳилол”га келиши борасида ҳам маълумотим йўқ. Агар унинг ўзи истаса, Саудия Арабистони буни ташкил этиши мумкин. Пул борасида ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Криштиану келишни истади, трансфер амалга ошди. Барчаси Леонинг ўзига боғлиқ. Менимча, бугунга келиб Роналду келган чемпионатда тўп суриш ҳеч бир юлдузнинг эътиборидан четда қолмаса керак.
Роналду келгач, жамоада нималар ўзгарди? Кун тартиби, машғулотлар, овқатланиш, мураббий кўрсатмаси?
Ҳеч нарса ўзгармади. Шунчаки, Инстаграмда обуначи кўпайди. Шу билан биргаликда, энди Саудия Арабистони чемпионатини томоша қилишни истовчилар сони ошди. Машғулот борасида ҳаммаси аввалгидек.
Мураббий Роналдуни қайси позицияд кўрмоқда? Ким ўз ўрнини йўқотиши мумкин?
Унинг позицияси аниқ - марказий ҳужумчи. Ўша нуқтада ҳаракат қилган Венсан Абубакар кетди. Энди Роналду жамоамизнинг асосий форвардига айланади.
Роналду маҳаллий ва легионер футболчилар билан қайси тилда суҳбатлашмоқда?
- Маҳаллий футболчилар билан инглизчада. Саудиялик жамоадошларим инглиз тилида муаммосиз сўзлашади. Легионерлар билан эса испанчада гаплашяпти. Тил борасида ҳеч қандай муаммо йўқ. У деярли барча билан бемалол мулоқот ўрнатди.
Роналду билан неча киши доим бирга юради? Улар кимлар?
Унинг ёнида таржимон ва қўриқчилари бор. Дарҳақиқат, у таниқли шахс ва етарлича эҳтиёткорлик чораларини кўриб қўйган. Шунга қарамай, атрофидаги инсонлар ҳақида ортиқча маълумот бермоқчи эмасман. Сабаби, бу Роналдунинг шахсий иши. Буни оммага айтиш тўғри эмас деб ҳисоблайман.
“Ат-Тани”га қарши ўйиндан олдин кийиниш хонасидаги атмосфера қандай эди?
Беллашувдан аввал ҳолат ўша-ўша эди, аммо биз билан кийиниш хонасида дунёнинг энг кучли икки футболчисидан бири ўтирганини ҳис қилдик. Бу фақат жамоа фойдасига ишлайди. Уни кўриб, бошқалар ҳам янада профессионал бўлишга интилади.
Роналдунинг жуда катта маош олишига жамоадошларингиз қандай муносабат билдирди? Унинг ойлиги сизникидан неча баробар кўпроқ?
- Роналдунинг қанча даромад топиши борасида жамоадошларим ҳатто сўз ҳам очмади. Сабаби, қолган футболчилар ҳам яхши савияда, бироқ у футбол тарихидаги энг катта номлардан бири. Бундай ижрочига катта пул тўланиши табиий. Барчанинг ўз шартномаси бор. Ўша суммани олади, тамом. Барчанинг пули ўзига етади.
Абубакар Роналду сабабли жамоани тарк этишини қандай қабул қилди?
- Агар Венсан қолишни истаганида, аниқ қолган бўлар эди. У шунчаки захирада ўтириб қолмаслик учун кетди. Менимча, у буни нормал қабул қилди. Криштиану келгач, иккинчи планга тушиб қолишини ўзи ҳам сезди. Шу сабабли, яхши таклиф келиши билан “Ан-Наср”ни тарк этди. Менимча, ҳеч қандай жанжалли вазият содир бўлгани йўқ.
Жамоадошларингиз Эден Азар, Кейлор Навас, Серхио Бускетс, Марко Ройс, Пепе ва Серхио Рамослар каби юлдузларнинг клубга келиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларга қандай муносабат билдирмқода?
Бу футболчиларнинг келиш эҳтимоли юқори. CR7 келгач, қолганларни олиб келиш қийин эмас. Менимча, “Ан-Наср”нинг исталган юлдузга шартнома таклиф қилишга қурби етади. Шунчаки, улар буни истаса бўлди. Қолганини клуб ташкиллаштиради. Саудия Арабистони чемпионатининг мавқейи бу трансфердан сўнг сезиларли даражада ўсгани аниқ.
Роналду жамоа сардорига айланиши эҳтимоли қай даражада юқори?
Аниқ! Қолган футболчиларнинг Роналдуга сардор бўлиши бироз ғалати. Биз буни кутгандик. Аввалги сардоримиз ўзи истаб, ҳеч қандай муаммосиз боғични топширди. Менимча, бу энг тўғри ечим. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.
Я . У
Фикрлар