Жалолиддинов “Тамбов”да қолмаслиги аниқ, унга хориждан таклиф бор!

Ўтган йили легионерга айланиб, Россия футболига қадам қўйганидан кейин келажак фаолияти мавҳум бўлиб қолган футболчиларимиздан бири Жасур Жалолиддиновдир.

Ўз тенгқурлари орасида дунёнинг энг иқтидорли 60 нафар футболчиси қаторига киритилган Жасур Испания, Италия, Туркия каби мамлакатлар жамоаларидан таклиф олганига қарамай, Европа футболига осонроқ мослашиши учун Москванинг “Локомотив” жамоасини танлаган эди.

2020 йилнинг 29 июль куни “Локомотив” футболчисига айланган 18 ёшли футболчимиз Москвада узоқ ушланиб қолмади. Остон Ўруновдан фарқли равишда “темирйўлчилар” ўзбекистонлик легионерни бирорта учрашувда синаб кўришни ҳам лозим топмади.

Ёзги трансферлар якунланиши арафасида Жалолиддинов “Тамбов” жамоасига мавсум охиригача ижарага жўнатилди. Қизиғи, молиявий инқирозлар гирдобида қолган тамбовликлар ҳам ёш ярим ҳимоячини премьер-лиганинг бирорта учрашувида майдонга туширмади. Жасур Россия кубоги мусобақаси доирасидаги баҳсда бир неча дақиқа ўйнади холос.

scale_1200

Ҳозирча, Жалолиддинов “Локомотив”га керак эмас. Чунки москвалик “темирйўлчилар” ҳамюртимизни қишки ўқув-машғулот йиғинларига таклиф қилгани ҳақида бирорта маълумот чиқмади. Демак, улар чемпионатнинг қолган қисмида ҳам ўзбек футболчиси хизматларидан фойдаланмайди.

“Тамбов”нинг аҳволи анча мураккаб. Клубни молиялаштириш тўхтатилганидан кейин у тарқалиб кетиши арафсида. Тамбовликарда Жасурнинг масаласини ҳал қилишдан кўра, муҳимроқ муаммолар қалашиб ётибди.

Жасур Жалолиддиновнинг манфаатларини ҳимоя қилаётган мутахассис Юрий Белоус бугун журналистлар билан суҳбатда футболчи “Тамбов”га қайтмаслигини ва фаолиятида ўзгариш бўлиши кутилаётганини маълум қилди.

- Жалолиддинов “Тамбов”га ўтганидан кейин, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасидан чақирув олиб юртига кетди. Коронавирус пандемияси туфайли ёшлар термасининг  тайёргарлиги ва ўйини қолдирилди. Ҳатто Ўзбекистон чемпионатида ҳам ўтган йили тўхталишлар бўлди. Пандемия туфайли икки ой давомида Ўзбекистондан чиқа олмай қолди. Коронавирус режаларни чипакка чиқарди. “Тамбов”га келганида у маълум сабабларга кўра, ўйнашга тайёр эмасди. Ҳар ҳолда уйида мустақил шуғулланиш билан, мураббий назоратида ишлашнинг фарқи катта.

Ҳозир унинг келажагини “Тамбов” билан ҳам, “Локомотив” билан муҳокама қилиб турибмиз. “Локомотив” раҳбарияти ўзгарган. Улар билан гаплашамиз. Шуни айтишим мумкинки, Жасур Жалолиддинов “Тамбов”да қолмаслиги аниқ. Чунки унга хориж клубларидан яхши таклифлар бор. Ҳали ҳаммаси яхши бўлади, - деди Юрий Белоус championat.com нашри журналисти Максим Пахомов билан суҳбатда.

Жасур Жалолиддинов Ўзбекистон миллий чемпионатлари юқори лигаси тарихида майдонга тушган энг ёш фуболчи ҳисобланади. “Бунёдкор”даги дебют учрашувини 2018 йилнинг 2 августида “Қўқон-1912” жамоасига қарши ўтказилган Ўзбекистон Суперлигаси баҳсида нишонлаган. 2019 йилнинг 6 апрель куни Суперлигада “Навбаҳор”га қарши ўтказилган беллашувда биринчи голини уришга муваффақ бўлди.

Истеъдодли ёш футболчи икки мавсум давомида “Бунёдкор” таркибида 29 та ўйин ўтказиб, рақиблар дарвозасини уч маротаба аниқ нишонга олди. У Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида битта ўйинда майдонга тушган.

15235595_1

Айни пайтда футболчимиз Москванинг “Локомотив” клуби билан беш йиллик шартномага эга.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!