Жалолиддиновнинг шартномаси бекор қилинди

Москванинг “Локомотив” жамоасига тегишли бўлган ўзбекистонлик легионер Жасур Жалолиддиновнинг “Тамбов” клуби билан тузган ижара шартномаси бекор қилинди.

Бу ҳақда “Тамбов” клуби бош директори Ольга Коновалова хабар берди.

- Жасур Жалолиддинов ва Герман Онугха “Тамбов”ни тарк этди. Уларнинг ижара шартномаси бекор қилинди. Бу улар тегишли бўлган клубларнинг қарори эди. Ҳар икки футболчи ўз клубига қайтади. Бошқа футболчиларимиз жамоада қолади, - деди Ольга Коновалова.

Россия премьер-лигасининг легионерларга қўйган лимити туфайли Жасур Жалолиддинов мавсум бошида “Лоомотив”нинг мусобақада иштирок этадиган футболчилари рўйхатидан чиқарилган эди. Кейин ёш футболчимиз “Тамбов”га ижарага берилди. Бироқ, тамбовликлар ҳам унинг хизматларидан фойдаланмади. Жасур Россия кубогининг битта учрашувида бир неча дақиқалик ўйин билан чекланди.

Ҳозирча, унинг “Локомотив”даги тақдири ҳам мавҳумлигича қолмоқда. Москваликлар билан беш йиллик шартнома имзолаган футболчимизнинг агенти Юрий Белаус унга хориждан таклифлар бўлаётганини айтган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!