"Жамоадошларимни танимадим". "Локомотив" дарвозабони про лигада ўйнашга розими ёки...

Тошкентнинг “Локомотив” клуби мавсумда жуда бўш ўтказди. Лекин уларда охиригача Суперлигада жон сақлаб қолиш учун имконият сақланиб турганди. Бунинг учун плей-оффда про лига вакили - “Турон”ни мағлуб этишса кифоя эди. Бироқ “темирйўлчилар” шуни ҳам эплай олмади.

Жамоанинг асосий дарвозабони Абдумавлон Абдужалилов ўша сўнгги расмий баҳсда клубига ёрдам бера олмади. Про лигага тушиб кетган “Локомотив” яна Суперлигага қайтиш учун жиддий курашадиган бўлиб турибди. Бу йўлда клубнинг биринчи рақамли посбони “Локо” билан бирга бўладими? Шу мақсадда Sports.uz журналисти дарвозабон билан боғланди.

Дастлаб Суперлигадаги омадсизлик сабаби ва “Турон”га мағлубиятга учрагани хусусида фикр билдирди.

"Жамоамиз бу йил омадсиз иштирок этди. Бунга айнан битта нарсани сабаб бўлди, деб айтиш қийин. Футболда бежизга майда-чуйдалар бўлмайди, деб айтилмайди. Кичик-кичик хато ва камчиликларнинг йиғиндиси, бўлди, деб ўйлайман. “Турон” билан учрашувга келсак, ўзим ҳам телевизорда ўйинни кўрдим. Бир сўз билан айтганда, бунақа натижа бўлишини кутмагандим. Охирги 3-4 та учрашувларда жамоа яхши ўйин кўрсатаётганди. Ҳатто, ютқазган баҳсларда ҳам жамоа яхши ўйнаётганди. Ҳайронман, шу куни “Локомотив”га нима бўлди?! Ўша ерда бўлмаганим боис аниқ бир гап айтиш қийин. “Металлург” билан ўйинда тўртинчи сариқ карточкани олганим учун “Турон”га қарши учрашувни ўтказиб юбордим. Очиғи, телевизор орқали ўйинни кўриб, жамоадошларимни танимадим. Бу мавсумдаги энг ёмон ва омадсиз ўйин бўлди, десам муболаға бўлмаса керак".

абдумавлон3_1

Абдумавлон “Локо”ни тарк этмоқчими ёки клубда қолиб фаолиятини давом эттирадими? Бу масалада посбоннинг жавоби қуйидагича бўлди:

"Бу масалада ҳали аниқ бир тўхтамга келмадим. Аммо биринчи навбатда “Локомотив” раҳбарияти билан гаплашиб кейин бир қарорга келинади. Жамоани ташлаб кетиш ниятим йўқ, ҳозирча. Нима бўлишини вақт кўрсатади. Клуб раҳбарияти билан суҳбатдан кейин аниқ бир тўхтамга келаман".

абдумавлон_1

Унга бошқа жамоаларнинг қизиқиш билан қараётгани ҳам бор гап. Дарвозабоннинг хизматига айнан қайси клублар кўз тикмоқда?

"Бу йилги иккинчи давра бошларида жамоам билан шартномани узайтиргандим. Шунинг учун айни пайтда “Локо” билан амалда келишувимиз бор. Бошқа клублардан таклифлар бор. Кимлигини ошкор қилишни жоиз деб билмайман. Лекин боя айтганимдек, авваламбор “Локомотив” раҳбарияти билан учрашиб янги мавсум режалари ва мақсадлари ҳақида гаплашиб олишим лозим".

абдумавлон4_1

Асосан Суперлигада фаолият олиб борган ва ҳали про лигада ўйнамаган футболчи учун бу орқага ташланган қадам эмасми?

"Албатта, про лигада ўйнаш фаолиятимда бироз орқага чекиниш бўлиши мумкин. Менимча, Суперлига билан про лига ўртасидаги фарқ сезиларли даражада. Бу турнирда ҳали фаолиятим давомида ўйнаб кўрмаганман. Нима бўлишини вақт кўрсатади”, - дея жавоб берди, Абдужалилов.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!