"Жамоамиз ўтган йилдагидек кучга эга" ёхуд "Металлург" устози клубдан қайси футболчилар кетганига ачинди?

Бекободнинг “Металлург” жамоаси ҳам бошқа клублар қатори чемпионатга тайёргарлик кўрмоқда. Испаниялик бош мураббий Луисма Эрнандес “Металлург” билан навбатдаги мавсум учун астойдил ҳозирлик кўряпти.

Таркибда ҳам ўзгаришлар бор. Бир қатор етакчилар кетди ва ўрнига легионерлар олиб келинди. Бу борада бош мураббий Sports.uz журналистининг саволларига жавоб қайтарди.

- Янги мавсум учун тайёргарлик режалари қандай олиб бориляпти?

- Авваламбор, биз билан самарали ҳамкорлик қилиб келаётганингиз учун хурсандмиз. Бунинг учун клуб ва ўз номимдан миннатдорчилик билдираман. Клуб режаларига келадиган бўлсак, биринчи йиғинимизни Бекободда бошладик. Туркияда ўқув-машғулот йиғинини ташкил этишга ҳаракат қиляпмиз. Бу ердаги об-ҳавонинг ва айниқса ҳарорат пасайиб кетганидан хабарингиз бор. Шу боис Туркияда йиғин ўтказишнинг ҳаракатидамиз. Жамоамизни март ойига ҳар томонлама пухта тайёрлашга ҳаракат қиламиз.

- Таркибни бир қатор етакчи футболчилар тарк этишди. Ўрнига легионерлар олиб келинди. Шу боис жамоадаги ўзгаришлар хусусида ўз фикрларингизни билдириб ўтсангиз.

- Албатта, мавсум давомида келиб-кетишлар кузатилди. Юқорида ўзингиз айтиб ўтганингиздек, жамоамизни бир қатор етакчи футболчилар тарк этишди. Кетган ўйинчиларимизга раҳмат айтамиз ва келажакдаги ишларига омад тилаймиз. Уларнинг ўрнига легионерлар келишди. Легионерларимизга улардан ҳам кўра кўпроқ омад тилаймиз. Жамоамиз натижалари бевосита ушбу ўйинчиларга ҳам боғлиқ. Янги футболчиларга келсак, умумий ҳисобда 6 нафари келди. Ўшалардан 4 таси легионерлар. Йосович, Стаменкович, Обрадович, Касминин ва Палич клубимизда қолган. Маҳаллий футболчилардан Маназаров ва Исломов каби ўйинчиларни таркибга қўшиб олганмиз. Яна бир-иккита футболчини таркибимизга қўшиб олиш режамиз бор. Буни воқеалар ривожига қараб ҳал қилишга ҳаракат қиламиз.

луисма1_3

- “Металлург”ни тарк этган футболчилардан кўпроқ кимни кетганига ачиндингиз?

- Кетган футболчиларимизга тўхталадиган бўлсам, уларга бошқа жамоалардан яхшироқ таклифлар чиқди. Шу сабабли хайрлашишга мажбур бўлдик. Ҳар доимгидек жамоамизга қилган меҳнатлари учун миннатдорчилик билдирамиз. Келажакдаги ишларида омад тилаймиз. Анвар Ғофуровнинг кетганидан афсусландим. У иккинчи даврада энг яхши ўйин кўрсатган футболчиларимиздан бири бўлганди. Фарҳод Бекмуродов ва Ихтиёр Тошпўлатовни ҳам олиб қолиш учун ҳаракат қилдик. Лекин вазият тақозосини тўғри тушунган ҳолатда улар билан ҳам хайрлашишга мажбур бўлдик. Ушбу йигитларнинг кетганидан ҳам қайсидир маънода афсусландим.

- “Металлург” ўтган йилгига нисбатан бироз кучсизланиб қолгани ҳақида гаплар бор. Масалан, клубдаги имконият ва шароитлар олдигидек эмаслиги борасида ҳам гап-сўзлар йўқ эмас. Жамоанинг ҳозирги ҳолати ҳақида нима дея оласиз?

- Фикримча, ҳозирги шакллантираётган жамоамиз ўтган йилдагидек кучга эга. Бундан ташқари, сафимизга қўшилган легионер ўйинчиларга умид қилган ҳолатда ўтган йилгига нисбатан кучлироқ ўйин кўрсатишимизга ва юқорироқ ўринни эгаллашга ҳаракат қиламиз.

металлург4_8

- Раҳбарият тарафидан олдингизга реал қандай вазифа қўйилди?

- Раҳбарият томонидан клуб олдига қўйилган мақсад – чемпионат жадвалининг юқори ўрнига қайтиш. Шу сабабли ҳам биз ҳозирги кунда жамоага жалб қилган янги футболчиларга катта умид қиляпмиз. Ўйлашимча, бу ўз мевасини беради, деган умиддаман.

- Сиз Испанияда бўлган чоғингизда клуб легионерлар билан келишувга эришиб қўйганди. Ҳаммаси сиз билан маслаҳатлашилган ҳолда амалга оширилдими? Ёки сиз жамоага қайтгунингизга қадар барчаси ҳал қилиб қўйилганмиди?

- 21-аср технологияларини ҳаммамиз яхши биламиз. Шу сабабдан Испания бўламизми ёки Австралияда бўламизми, ҳар доим раҳбарият билан узвий алоқада бўлиб турдик. Ҳар ҳафта онлайн видео орқали йиғилишлар ўтказиб турдик. Ҳафтасига икки мартадан видео орқали йиғилишлар қилдик. Ҳар бир ўйинчини жамоага жалб қилиш бўйича биз билан маслаҳатлашган ҳолда амалга оширилди. Янги легионерлардан Йосович ўзбек футболига жуда яқин ўйинчи. Обрадовични оладиган бўлсак, у ҳам ўзбек чемпионатида ўйнаб кетган. Керим Палич иккинчи мавсумдирки, биз билан бирга. Фақатгина Стаменкович ўзбек чемпионатига янги келган.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!