"Жамоани алмаштириш керак, деб ўйлаб турибман" - легионеримизга кимлар харидор бўляпти?
2020 йилнинг февраль ойида Таиланднинг “Муангтонг Юнайтед” жамоаси билан шартнома имзолаган ҳамюртимиз Сардор Мирзаев ўтган вақт мобайнида ушбу клуб шарафини муносиб ҳимоя қилиб келди.
Лекин афтидан, легионеримизнинг у ердаги фаолияти охирлаб бораётганга ўхшайди. Чунки Сардор ҳақида гап-сўзлар йўқ эмас. Футболчи Sports.uzга қуйилагиларни айтди:
Мирзаев Суперлигага қайтяптими?
- Ҳали Ўзбекистон чемпионатида тўп суришим аниқ эмас. Чунки “Муангтонг” билан бир ярим ойлик шартномам бор. Улар қайтишимни кутишяпти. Ҳозирча бир қарорга келганим йўқ, уйда дамдаман.
Футболчининг олдида қандай таклифлар бор?
- Ўзбекистондан 3-4 та жамоалардан таклиф бўлиб турибди. Аммо бир тўхтамга келмаганлигим сабабли ҳеч бири билан гаплашиб, бир тўхтамга келганим йўқ. Иложи борича кўпроқ оилам билан дам олиб турибман. Худо хоҳласа, фаолиятимни қаерда давом эттиришим шу ойнинг охирларига аниқ бўлиб қолади.
Таиланддаги фаолиятини тугатяптими?
- Тўғри, Таиланд клубидаги фаолиятим охирги пайтларда кўнгилдагидек бўлмадию, аммо умумий маънода олиб қаралганда ёмон эмас. Асосийси, жароҳатларсиз яхши ўтказиб олдик. Ўзимни фикрим шунақа: жамоани алмаштириш керак, деб ўйлаб турибман. Лекин қаерда, нима бўлишини билмайман. Насиб қилгани бўлади. Балки Ўзбекистонга қайтарман, балки Таиландда қоларман ёки бошқа мамлакатга кетарман, кўрамиз.
Яна четга кетиши мумкинми?
- 32 ёшдаман, ҳали куч-қувватимиз бор. Биринчи ўринда четга кетиш ҳаракатини қиламиз. Кучимиз етганича қаерда бўлсак, ўша ерда ўйнаб тугатамиз. Барибир ҳозирча четда биз ўйлагандек бўлмади. Балки биз ўйлаган нарсалар олдиндадир. Бошқа хориж клубига кетиб қолармиз, вақт кўрсатади. Ёшимиз ҳам ўтиб боряпти, буни ҳам ҳисоби бўлади.
“Навбаҳор”дан таклиф бўлгани ростми?
- “Навбаҳор” масаласига келсак, мен ҳам биринчи марта интернет орқали ўқидим. Самвел Бабаян билан гаплашганим йўқ. Тўғриси, бу жамоа тўғрисида фикр билдира олмайман. Натижаларини кузатиб боряпман. Рости, Ўзбекистон клублари хусусида ўйламадим. Юқорида айтганимдек, ойнинг охирларига ҳал бўлиб қолса керак. Ўзбекистон чемпионатида бир-иккита учрашувларни кўрдим.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар