Жароҳатланган "Нефтехимик" футболчиси Янгиерда...
Маълумки, Россиянинг биринчи дивизион вакили – “Нефтехимик” клуби сафидан икки нафар ҳамюртимиз – Вагиз Галиулин билан Бобир Давлатов жой олгандилар. Лекин Вагиздан фарқли ўлароқ, Бобир ўтган вақт давомида жамоасининг расмий учрашувларида иштирок эта олмай келмоқда.
Бунга эса унинг оёғидан олган жароҳати сабаб. Шуни айтиш керакки, у ўтган мавсумда “Насаф”дан “Нефтехимик” таркибига кўчиб ўтганди. Анчадан бери даволанаётган футболчимиз айни пайтда карантинни ўзи туғилиб ўсган Янгиерда ўтказмоқда.
Аммо шуни ҳам таъкидлаш керакки, Давлатов ҳозирга келиб, жароҳатидан аста-секин фориғ бўлган ҳолда ўзи якка тартибда индивидуал тарзда шуғулланмоқда. Россияда ҳам карантин жорий этилгани боис футболчимизнинг “Нефтехимик” клубига қачон қайтиши номаълум бўлиб турибди.
Бобир Давлатов “Машъал”, “Рубин” (Россия), “Жетису” (Қозоғистон), “Актобе” (Қозоғистон), “Локомотив”, “Насаф” каби жамоаларда тўп сурган. Шунингдек, у фаолияти давомида иккинчи бор “Нефтехимик” шарафини ҳимоя қилмоқда.
Фикрлар