Жасорат соҳибалари. Олимпия ўйинлари рекордчиси андижонлик Муаттар
Оғир тош кўтариш аёллар табиатидан бироз йироқ. Аммо спорт оламида барчаси бошқача, яъни оғир атлетика спорт тури бугун миллионлаб аёл-қизларни ўз атрофида жамлаган. Жумладан, 2021 йил Япония пойтахтида бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида ҳамюртимиз Муаттар Набиева рекорд натижа қайд этган. Келинг, ҳозир спортчимиз ҳақида сиз билган ва билмаган маълумотлар билан ўртоқлашамиз.
Муаттар Абдуллажоновна Набиева 1996 йил 2 июнь куни Андижон вилоятида таваллуд топган. Ҳаммамизга маълумки, Андижон вилояти тош кўтарувчи полвонлар ўлкаси, қайсидир маънода бу номга аёллари ҳам лойиқ эканини биргина Муаттарнинг натижаларидан ҳам кўрсак бўлади.
Профессионал фаолиятини 2015 йилда бошлаган спортчимиз 2016 йилда Тбилисида ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида -58 кг вазн тоифасида иштирок этди ва бронза медални қўлга киритди. 2017 йилда Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган Ислом бирдамлик ўйинларида аёллар ўртасида -58кг вазн тоифасида ҳам бронза медалга эга чиқади. Шу йилда Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Ёпиқ иншоотлардаги ва жанг санъатлари бўйича Осиё ўйинларида кумуш медалга эга чиқди.
2018 йил Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида аёллар ўртасида -58кг вазн тоифасида иштирок этади ва 4-ўрин билан мусобақани якунлайди. 2019 йилда эса Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтказилган 6 Халқаро Қатар кубогида аёллар ўртасида 55 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган. Пандемиядан сўнг 2021 йилда пойтахтимизда бўлиб ўтган оғир атлетика бўйича 2020 йилги Осиё чемпионатида бронза медалга эгалик қилди.
Айнан 2021 йил Муаттар Набиева учун жуда омадли келади. Негаки, Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтган 2020 йилги ёзги Олимпия ўйинларида 4-ўринни эгаллайди. Эътиборли жиҳати эса, ҳамюртимиз даст кўтариш машқида 98 кг тошни ўзига бўйсундириб, Олимпиада рекордини янгилади. Маълумот учун, даст кўтаришдаги аввалги рекорд 97 кг эди.
Дилноза Мустафоқулова тайёрлади
Фикрлар