Жасур Абдураимов: "Саломатлигим билан боғлиқ муаммолар туфайли тўлиқ куч билан ишлай олмадим"
“Металлург” ПФК бош мураббийлигидан истеъфо берган Жасур Абдураимов клуб матбуот хизмати билан боғланиб, дил сўзларини изҳор этди:
- “Металлург” жамоасида ўтган кунларим мен учун катта тажриба мактаби бўлди. Клуб раҳбарияти, футболчилари, ходимлари билан етти ой давомида елкама-елка, баҳамжиҳатликда меҳнат қилдик. Бекободда ўтган кунларим хотирамда бир умрга муҳрланиб қолишига шубҳам йўқ. Жамоа билан бир қатор учрашувларда ғалаба нашидаси сурдик. Кучли рақиблар билан тенгма-тенг курашдик, аксарият жамоалардан очко тортиб олдик. Энг асосийси, мухлисларга ёқадиган – ҳужумкор, комбинацион футбол намойиш этишга ҳаракат қилдик.
“Металлург” билан барча ўйлаган режаларимизни амалга ошира олдик, дея олмайман. Қаердадир омадимиз чопмади, қаердадир жароҳатлар, таркибдаги йўқотишлар панд берди. Яна қайсидир ўйинлар учун ишлаб чиққан тактикамиз самара бермади. Аммо шуни ишонч билан айта оламанки, “Андижон”, “Қўқон 1912”, “Локомотив”, “Насаф” сингари жамоаларга қарши ўйинларимиз мухлисларимизга манзур бўлди.
Сўнгги пайтларда саломатлигим билан боғлиқ муаммолар туфайли тўлиқ куч билан ишлай олмадим. Бунинг учун “Металлург” ПФК мухлисларидан узр сўрайман. Инсон учун саломатлик биринчи навбатда зарур. Шу сабаб ҳам клуб раҳбариятидан истеъфо беришларини сўрадим.
Фурсатдан фойдаланиб, менга “Металлург” ПФК бошқарувида фаолият юритишимда барча зарур шарт-шароитларни яратиб берган муассисларимиз – Ўзбекистон металлургия комбинати раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Клуб раҳбариятига, футболчиларига мавсумнинг ҳал қилувчи – сўнгги тўртта тур учрашувларида омад ёр бўлишини тилаб қоламан. “Металлург” Суперлиганинг ўзига хос ўйин услубига эга, салоҳиятли жамоаларидан бири. Ишонаманки, йигитлар қолган ўйинларда ўзларининг бор куч ва маҳоратларини ишга солишади ва жамоа кучлилар сафидаги мавқеини сақлаб қолади. Гарчи клубдан кетган бўлсам-да, мен фикран сизлар билан биргаман йигитлар! Бўш келманг, омад сизларга ёр бўлсин, - дейди Жасур Абдураимов.
Фикрлар