Жасур Жалолиддинов: Биринчи кунданоқ Гилерьме менга ўз ёрдамини аямаяпти

Кечаги куннинг муҳим хабари шубҳасиз 18 ёшли футболчимиз – Жасур Жалолиддиновнинг “Локомотив” (Москва) клуби билан шартнома имзолагани бўлди. Аслида бу рўй бериши мумкин бўлган ўзгариш эди ва буни барчамиз кутаётгандик ҳам. Мана, энди барчаси расман ўз тасдиғини топди. Жалолиддинов эса фаолиятида олдинга катта қадам ташлади. Уни олдинда жиддий йўл ва шу билан бирга ўзига яраша қийинчиликлар ҳам кутиб турибди. Ахир легионер сифатида ўйнаш, боз устига 18 ёшли ўйинчимиз учун осон бўлмаслиги аниқ. Биз эса Жасур билан боғланиб дастлабки интервьюни олдик.

- Авваламбор, сизни “Локомотив” билан шартнома имзолаб, клубнинг янги аъзосига айланганингиз билан табриклайман. Айни пайтда ўзингиздаги ҳис-ҳаяжонлар қандай? “Локомотив”дек жамоанинг оиласидан жой олганингиз ҳам катта гап. Шундай экан, илк таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз?

- Ассалому алайкум, табрик учун раҳмат. Албатта, бундай жамоага келишнинг ўзи ёқимли. “Локомотив” – топ-клуб. Барибир ҳиссиётларим зўр.

- “Локомотив” билан беш йиллик шартномага имзо чекдингиз. Бундан аввал ҳам айтганингиздек, улар билан битим тузилгач, маълум вақт “Бунёдкор”да ижарада ўйнаб туришингиз варианти ҳам йўқ эмасди. “Локомотив” билан музокаралар ва шартнома тузилгач, воқеалар ривожи қандай тус олади? Бизни қизиқтираётгани “Локомотив”да тўлиқ қоласизми ёки бошқа жамоада ижарада ўйнаб турасизми?

- Нима бўлиши ҳақида айрим сайтлар турлича ёзяпти. Ҳамма ҳар хил гапиряпти. Менимча, нима бўлишини вақтнинг ўзи кўрсатиб берса керак. Қоламанми-кетаманми, ҳаммаси ўз қўлимда.

- Янги жамоанинг бош мураббийи билан гаплашдингизми? Умуман, у ерда дастлаб қайси футболчилар билан мулоқотда бўлдингиз?

- Ҳа, бош мураббий билан танишишга улгурдим. Шунингдек, футболчилар билан ҳам танишдим. Менга ҳозирги пайтда дарвозабонлар кўпроқ ёрдам беришяпти. Гилерьме биринчи кунданоқ менга жуда яхши муносабатда бўла бошлади ва нима ёрдам керак бўлса, бемалол айтишимни таъкидлади. Бундан ташқари, клубнинг Кочинков деган захирадаги дарвозабони ҳам бор. У илгари Санжар Турсунов билан бир жамоада ўйнаган экан. Айтишича, Турсунов билан яхши алоқада экан. Шунинг учун у ҳам менга ёрдамини аямаяпти.

- “Бунёдкор”дан “Локомотив”га кўчиб ўтишингиз сифатида сизнинг трансфер нархингиз 350 минг еврони ташкил қилгани ҳақидаги хабарлар айтилди. Ушбу нарх сизга қанчалик таъсир қилиши мумкин? Ҳар холда ҳали ёшсиз ва одатда бундай пайтларда тўланадиган катта сумма турлича таъсир кўрсатиши мумкин? Балки босим ўтказиши ҳам ҳеч гап эмас...

- Трансфер суммасининг менга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Масалан, у пул менга эмас, клубнинг ўзига тўланади. Шу боис ўша пуллар сабаб нимадир ўзгаради деб ўйламайман. Бу фақат клублар ўртасидаги келишув холос.

- “Локомотив”нинг машғулотларида иштирок этишни бошладингиз. Айтинг-чи, клубдаги ҳаёт тарзи, ишга бўлган ёндашув, муҳит қандай? У ерда ўзингизни йўқотиб қўймаяпсизми?

- Машғулотлари барибир бошқача эканлиги билиниб туради, худди Европаники каби. Уларда талаб бошқа. Футболчилардан ҳам бошқача ёндашув талаб қилинади. Жамоадаги ўйинчилар ўз ишига фақат профессионал ёндашадилар. Шунга яраша бу ерда мураббийлар ҳам кўп. Кимдир тренажёр бўйича мураббий, яна кимдир машғулотни ўтказади, шуниси билан ҳам “Локомотив”да жуда талабчан.

- Яқинда Юрий Белоус сиз ҳақингизда илиқ фикрларни айтди ва келажакда “Локомотив”нинг ўйинини белгилаб берадиган футболчи сифатида эътирофлади, шунингдек, клубни тарк этган Жоау Мариудан устун қўйган. Аммо бунга жавобан бошқа бир экспрет қарши чиқди. Умуман олганда, Россияда ўзига яраша танқидий ва таҳлилий фикрлар бўлиши одатий ҳол. Ўзингиз ҳақингиздаги фикрларга қанчалик эътибор қаратяпсиз?

- Барибир ўқийман, чунки кимдир менга бу ҳақида маълумот ташлаши мумкин. Лекин бундай нарсаларга жиддий эътибор бериб, ортиқча ўйланиб ўтирмайман. Менинг ишим майдондан ташқарида эмас, балки майдонга чиқиб ўйнаш. Мен ҳақимда ёзиладиган мақола ёки фикрларга эътиборчан эмасман.

- Москвага бориб “Локомотив” билан шартнома тузганингизда кимдир сизга ҳамрохлик қилдими?

- Ҳа, агентларим Россияда бўлиб туришибди, барча масалаларда ўзлари қараб ёрдамлашиб туришибди.

- Дарвоқе, сиз янги клубда 23-рақам остида ўйнайдиган бўлдингиз. Уни ўзингиз танладингизми ёки клуб тавсия қилдими?

- Йўқ, рақам масаласида клуб ҳеч қандай таклиф билдирмади. Бўш рақамларнинг ичида яхшироғи 23 эди. Лекин буни Жоау Мариуга алоқаси йўқ. Фақат бўшлиги учун олдим.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!