Жасур Жалолиддинов:

“Бунёдкор”да тўп сурган иқтидорли футболчи Жасур Жалолиддиновнинг расман Москванинг “Локомотив” клубига кўчиб ўтгани маълум бўлди ва у янги жамоаси билан беш йилга мўлжалланган шартномага имзо чекди. Футболчи эса ўзининг инстаграмдаги саҳифасида “Бунёдкор” билан хайрлашганини эълон қилган ҳолда шундай деди:

- Ҳурматли “Бунёдкор” раҳбарияти, мураббийлари, ишчи-ходимлари ва клубнинг жонкуяр мухлисларига чин кўнглимдан раҳмат айтмоқчиман ҳамда самимий тилакларимни баён қилмоқчиман. Айниқса, ёшлигимдан менга футболнинг сир-асрорларини ўргатган марҳум Акмал Рисқуллаев, мураббийим – Сергей Чигодаев, катта футболга етаклаган Миржалол Қосимов ва Шуҳрат Мақсудов, шунингдек, ҳозирги кунга етиб келишимга асосий сабабчи бўлган ва менга имконият берган Вадим Абрамов, академияда йўл-йўриқ кўрсатган Азамат ака, қолаверса, янги жамоага ўтишимда қаршилик қилмасдан қароримни ҳурмат қилган “Бунёдкор” клуби раҳбариятига чин кўнглимдан миннатдорлик билдириб қолмоқчиман. Футболчилик фаолиятимда янги саҳифа очиш арафасида турибман. Ишонаманки, ушбу қароримни қўллаб-қувватлайсизлар. Қаерда бўлсам ҳам мени катта футболга ва катта ҳаётга етаклаган “Бунёдкор”ни ҳеч қачон унутмайман ва ҳар доим клубнинг мухлиси бўлиб қоламан. Ҳозирги кунгача етиб келишимда ва эришган ҳамда эришаётган ҳар бир ютуқларимда сизларнинг ёрдаминглар ва дуоинглар сабаб, деб ҳисоблайман. Бундан кейин ҳам менда “Бунёдкор”нинг қони оқишда давом этади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)