Жасур Мавлянов: Қора белбоғ олиш учун бир ярим йил тер тўкканман (фото ва видео)
Ads

 

Яқинда Жанубий Кореяда олимпия спорт тури – таэквондонинг WTF йўналиши бўйича "Chuncheon Korea open - 2017" чемпионатида Тошкентдаги "Tornado" спорт клуби спортчилари ҳам муваффақиятли иштирок этди.

Нуфузли мусобақада 68 килограмм вазн тоифасида даянгга чиққан Жасур Мавлянов шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди ва фаолиятида илк маротаба халқаро миқёсда чемпион бўлди. Жасурнинг истеъдоди ва салоҳияти мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.

Лекин ёш спортичимиз бу эътирофга осонликча эришгани йўқ. У бир неча йил давомида машғулотларда тер тўкди, мағлубиятлар аламини тотиш эвазига иродасини мустаҳкамлаб, ғалаба қозониш сирларини ўрганди.   

SPORTS.uz ахборот портали Жасур Мавляновни спорт мухлисларига яқиндан таништириш учун ёш спортчимиз билан суҳбат уюштирди.

- Жасур, аввало ўзингиз ҳақида маълумот беринг...

- Ассалому алейкум. Мен 1996 йили Тошкент шаҳрида туғилганман. Ота-онам соғлом бўлишим учун болалигимдан спортга беришган. Аввалига, таэквондонинг ITF йўналишига бордим. Бир-икки ойдан кейин ўзбек жанг санъати билан шуғуллана бошладим. Мен ўша вақтдан буён Аҳрор Асроров қўл остида машқ қиламан.  

Кейинчалик мураббийим таклифи билан таэквондонинг WTF йўналишига ўтдим.

- Нега?

- Чунки, таэквондо WTF Олимпия ўйинлари дастурига киритилган. Мен ҳам барча спортчилар каби спорт оламининг энг нуфузли мусобақасида қатнашишни истайман.

- Бир спорт туридан бошқасига ўтиш қийинчилик туғдирмадими?

- Бошида қийин бўлди. Лекин машғулотларда қаттиқ ишладик. Беш йилдан буён таэквондо WTF билан шуғулланяпман. Ҳали ўрганадиган нарсаларим кўп. Бу спорт турида асосан зарбалар оёқда берилади. Жангларда ғалаба қозониш анча қийин. Лекин мусобақа қоидалари адолатли, беллашувлар тартибли ўтади. Баҳолаш усули электрон воситалар ёрдамида бўлгани учун эътирозлар ва шубҳалар кам.

- Натижа кўрсатиш қийин бўлмаяптими?

- Таэквондонинг бу йўналишига ўтганимдан кейин бир ярим йил давомида пумсэ – комплекс машқ бажаришни ўргандим. Пумсэда 9 та комплекс бор. Буларнинг барчасини ўзлаштирдим ва имтиҳон топширдим. Шундан сўнг, қора белбоғ биринчи ДАН соҳиби бўлдим. Таэквондо WTF да қора белбоғ олиш учун пумсэдан имтиҳон топширилади.

Бу биринчи ютуғим, десам ҳам бўлади. Кейин яккама-якка курашларга чиқа бошладим. Дастлаб қатор жангларда ютқаздим. Тажрибам камлик қиларди. Қолаверса, бу спорт турининг мураккаблиги ҳам менга кўп панд берган.

- Пумсэдаги усуллар ёрдам бермаганми?

- Тўғриси, комплекс машқлардаги усулларни жангда қўллаш қийин. У машқлар саломатлик учун фойда. Жангда ёрдам бермайди.

- Энг аламли мағлубият қачон бўлган?

- Мен ўтган йили илк маротаба Қозоғистондаги нуфузли мусобақада қатнашдим. Рақибим халқаро рейтингга эга бўлган тажрибали спортчи эди. Ҳисобда уч очко олдиндайдим. Кучли рақибни енгаётганимдан бахтиёр эдим. Жанг тугашига бир неча сония қолганди. Ютуқ чўнтагимда, деган ўй-фикр бор эди. Салгина бўшашдим. Тажрибали рақиб юзимга зарба беришни уддалади. Устига-устак, йиқилганим учун ҳакам жарима очкоси қўшди ва тайёр ғалабани бой бердим. Роса алам қилди.  

Бу менга жуда катта дарс бўлди. Шундан сўнг, жанг якунланмагунча ҳамма нарсага тайёр турадиган бўлдим. Аҳрор акам ҳам ҳар бир учрашув олдидан Қозоғистондаги жанг ҳақида эслатади. Қизиғи, ўша мусобақадан кейин узоқ кутилган ғалабалар кела бошлади.

2017 йилда юртимиздаги турнирларда зафар қучдим ва Жанубий Кореяга борадиган бўлдим.

- Кореядаги жанглар ҳақида гапириб беринг...

- Ярим финалда россиялик таэквондочи билан беллашдим. Унинг бўйи мендан анча баланд эди. Жангда оёғим унинг тирсагига тегди. Қаттиқ оғрий бошлади. Аҳрор акам рақибнинг нозик ва ҳимоясиз жойини айтди ва ўша ерга оёқда зарба беришимни уқтирди. Мен теполмадим. Танаффусда устозим нега зарба бермаганимни сўрагач, оёғим оғрияпти дедим. Шунда Аҳрор акам “Бўлди жангни тўхтатаман, Ватанга бошингни эгиб, қуруқ қўл билан қайтишга уялмасанг бўлди”, деди. “Уят – ўлимдан қаттиқ”, деган мақол мағзини ана ўшанда чақдим.

Қизиғи, жангга қайтганимда оғриқдан ҳис қилмай қўйдим. Кейин устоз айтган усулни қўллаб, ғалабага эришдим.

Финалда АҚШ таэквондочиси билан беллашдим. Уни ҳам мағлубиятга учратиб, қадрли совринга эга бўлдим.

 

 

- Сизнингча, дунёда энг кучли таэквондочилар кимлар?

- Мен ўзимизнинг таэквондочиларимиз орасидан жаҳон чемпиони Дмитрий Шокинга ҳавас қиламан. Чунки у қисқа фурсат ичида кўп нарсаларга эришди. Жаҳонда уни тан олишади. Бу ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

Шокиннинг техникаси зўр, ўзига хос услуби бор. У ҳам “Торнадо” клубидан чиққан. Кўпинча дам олиш клублари залга келиб, биз билан спарринг жангларида қатнашади ва кўп нарса ўргатади. Айниқса, ўзбекчани равон гапиришига беш кетаман.

Жанубий кореялик Ли Дай Хуннинг усули ҳам ёқади. Америкалик Стивен Лопес эса ҳақиқий афсонага айланган. Олти карра жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинларининг икки карра ғолиби бўлган. Шунингдек, менинг вазнимда жаҳон чемпиони туркиялик Сервет Тазегул ҳам замонамизнинг энг зўр таэквондочиси ҳисобланади.

- Жасур, яна қандай мусобақаларга тайёргарлик кўряпсиз?

- Август ойида Тошкентда халқаро турнир бўлади. Шунда ўз омадимни синаб кўрмоқчиман. Бу турнир Олимпия ўйинларига 20 очко беради. Кузда Қозоғистон очиқ биринчилиги, Россияда халқаро турнир бор. Бу икки мусобақада ҳам Олимпиадага ўнтадан очко берилади. 

Энг асосийси, йил охирида Ўзбекистон чемпионати бўлади. Ундан умидим катта. Терма жамоага кириш учун чемпион бўлишим керак.

- Миллий чемпионатда асосий рақобатчиларингиз кимлар?

-  Менинг вазнимда Ҳожиакбар Зокиров, Зуҳриддин Хонимқулов, Шаҳбоз Дўсматов каби етакчи таэквондочилар бор. Рақобат кучли. Лекин бу йил ҳаммасига тайёрман. Зотан, ўз олдимга Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида юртимиз байроғини кўтаришни мақсад қилиб қўйган эканман, ҳар қандай мусобақада ўзимни кўрсата олишим керак.

- Жасур, сизга мусобақаларда ғалаба ёр бўлишини тилаб қоламиз...

 

SPORTS.uz