"ЖЧ-2026" финалидан кейин Суперлига қайта бошланади, тақвимда ўзгаришлар кутиляпти
"ЖЧ-2026" финал ўйини 19 июль куни бўлиб ўтади. Лига режасига кўра, ёзги танаффус айнан шу санада якунига етади ва 20 июлдан Суперлига 12-турига старт берилади.
Ўтган вақт давомида Лига бош директори аъзо ҳисобланган ОФК Профессионал футбол қўмитаси Чемпионлар лигасининг икки мусобақаси учун квоталарни қайта тақсимлаш устида ишлади. Унинг якуний қарори эълон қилинмагунига қадар, Лига мундиалдан кейинги тақвим учун саналар белгиламаганди. Эндиликда шу йилнинг сентябрь ойидан эътиборан старт оладиган Элит Чемпионлар лигаси ҳамда Чемпионлар лигаси 2 каби мусобақаларнинг гуруҳ босқичида Ўзбекистоннинг уч клуби тўп суриши режалаштирилмоқда.
Хабарингиз бор, Лига 2026 йилги мавсум қуръасини янги механизм асосида ўтказган бўлиб, ундан "Пахтакор" клубининг 11 август санасига энг яқин учрашувини Тошкентда ўтказиш масаласи ҳам ўрин олганди. Қуръа ташланаётган вақтда "Пахтакор" Чемпионлар лигаси 2 гуруҳ босқичида иштирок этиши белгиланганди. Эндиликда Суперлига вице-чемпионида Элит Чемпионлар лигасининг саралашида иштирок этиш имконияти пайдо бўлди. Катта эҳтимол "Пахтакор" саралаш ўйинини БАА мамлакатида ўтказади. Мазкур беллашувда ғолиб чиқса, қитъанинг энг нуфузли клублар мусобақасининг лига босқичида қатнашади. Битта учрашувдан иборат саралашда мағлубиятга учраса, "Насаф" билан биргаликда Чемпионлар лигаси 2 мусобақасининг гуруҳ босқичида иштирок этади.
Қизиқ тарафи шундаки, Лига аввалдан инобатга олган 11 август санасида тошкентликлар барибир пойтахтда ўйнай олмайди. Айнан шу куни "Пахтакор" сафарда БАА клуби меҳмони бўлади. Шундан келиб чиққан ҳолда, Лига мавсумнинг иккинчи ярми учун тақвимда айрим ўзгаришларга қўл уришни режалаштирган. 20 июль санасидан бошлаб 30 августга қадар бўлган вақт оралиғида Суперлиганинг кубок гуруҳ босқичини муваффақиятли ўтказган клуби 9 та учрашувда иштирок этиши лозим. Шундан келиб чиқиб, "Пахтакор" клубининг Суперлига 16-туридан ўрин олган "Бухоро" билан учрашувини мазкур саналар оралиғига жойлаштириш имконияти мавжуд эмас. Лига буни инобатга олиб, мазкур учрашувни белгиланган санадан аввалроқ ўтказиши катта эҳтимол. Бунинг учун нисбатан қулайроқ сана "ЖЧ-2026" ярим финал учрашувларидан кейин бўлиши мумкин.
Айни вақтда Лига июль ойидан эътиборан ўтказиладиган учрашувлар тақвимини ишлаб чиқмоқда. Тез орада расмий веб-сайтимизнинг учрашувлар бўлимида аниқ саналар эълон қилинади.

Фикрлар