ЖЧда Осиё жамоаларининг иштироки
Ads

2002 йилги мундиалдан буён илк жаҳон чемпионатларида Осиёдан 5 жамоа иштирок этмоқда. 18-мундиалга 2 қитъадошимиз мезбон бўлганини, бу йил бошқа континент вакили мезбон бўла туриб, 5 терма жамоа чиққанини инобатга олсак, Осиёда футбол анча ўсганидан далолат. Хўш, бу ўсишни терма жамоалар амалда қандай исботлашди? Келинг, дастлаб, гуруҳлардаги жойлашувига қараб, Саудия Арабистонидан бошласак. Ушбу терма жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиққан мураббийга чиқиш эшиклари кўрсатилгач, ҳамма ҳайратдан ёқа ушлади. Термани мундиалга тайёрлаш эса аргентиналик Хуан Антонио Пиццига топширилди. Хуан Антонио тузган жамоа гуруҳ босқичидаги билан тубдан фарқ қилади. Саралашнинг сўнгги гуруҳ босқичида Япония, Австралия, БАА каби жамоаларга 17 та гол урган жамоани Россияда кўрмадиик. Балки бу қуръа билан ҳам боғлиқдир. Лекин Россия, Уругвай ва Миср каби жамоалар орасида 3-ўрин билан ортга қайтиш ҳам ёмон эмас. Дастлабки икки ўйиндаги аламли мағлубиятлар, қолаверса, охирги ўйиннинг дастлабки қисмида Муҳаммад Салоҳнинг киритган голидан кейин Суадиядан яна мағлубият кутганди кўпчилик. Бироқ жамоа метин ирода намойиш этиб, ҳеч бўлмаса жаҳон чемпионатида 1 та ғалаба билан бўлса ҳам уйига қайтмоқда.

Ана энди Эрон ҳақида тўхталсак. Карлуш Кейруш бошқилигидаги форслар “Б” гуруҳида шу даражада интригани ёндириб бердики, бу ҳаяжон Португалияга қарши учрашувни бошқариб борган бош ҳакамнинг финал ҳуштаги чалингунча сақланиб турди. Баҳснинг сўнгги 10 дақиқасидаги Эрон шу қадар дахшатли эдики, асти қўяверсиз. Агар сўнгги дақиқаларда Меҳди Руи Патрисио дарвозасини ишғол қилганида Испания ва Португалияни ҳам ортда қолдириб, гуруҳни 1-ўринни якунларди. Бу эса немисларнинг жаҳон чемпионатини тарк этишидан кам сенсация эмас. Португалларнинг бахти экан, ўша зарба ноаниқ кетди. Эрон термаси бу мундиалда ҳар қачонгидан ҳам мазмунли иштирок этди. Марокаш устидан ғалаба, испанлардан кичик ҳисобдаги мағлубият ва португаллар билан жанговор дуранг – жами 4 очко. Улар Россиядан мағрур ортга қайтишмоқда. Кеча бир қизиқ ҳолат юз берди. Алам устида айтилганми ё хакерлар ҳужумими эмишки 23 яшар Сардор Азмун терма жамоа билан хайрлашган. Манба эса футболчининг инстаграмдаги расмий саҳифаси.

Осиёнинг яна бир омадсиз жамоаси Австралия. Яқинда футбол бўйича Осиё минтақасига қўшилган бу терма очиқчасига аутсайдер бўлиб қолди. Гарчи мусобақани атиги 1 очко билан якунлаган бўлса ҳам шармандали мағлубият кўрмади. Эсланг биринчи турда  Франция қанчалик қийналганини. Кейин Дания билан дуранг. Перуга қарши сўнгги турда ҳам эҳтимоли жуда паст бўлса-да, нимчорак финалга чиқиш умиди билан майдонга тушди. Тим Кэхилл эса 4 та жаҳон чемпионатларида ўйнаган камдан кам футболчиладан бири сифатида тарихда қолмоқда.

Буни қарангки, мағрурликда ҳам кўз ёшлар тўкилар экан. Мана шу кўз ёшларни Жанубий Кореяда кўрдик. Сон Хьён Мин бошчилигидаги жамоа ўша мағрурликни сўнгги баҳсда кўрсатиб берди. Кореялар дастлабки икки беллашувда минимал ҳисобларда имкониятни бой беришган бўлса ҳам худди соккерузлар сингари улардаям охирги ўйин аввалида нимчорак финал умиди бор эди. Бунинг учун талаб этиладиган 2 унсур бўлиб, улардан бири ўзларининг, наригиси Мексика термасининг қўлида бўлган. Ўзларига боғлиқ жиҳати уддаландию, мексикаликлар шведларга йирик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйишди. Корейсларнинг амалдаги жаҳон чемпионларини қандай мағлуб қилишганини бутун дунё ҳали узоқ вақт эслаб юради.

Ваниҳоят навбат Японияга ҳам етиб келди. Кунчиқар юрт вакиллари мундиални Колумбияга қарши баҳсни ғалаба билан бошлаб катта шов-шув кўтариб берди (ўшанда улар ба ғалаба мундиалдаги биринчи ва озирги ютуқлари эканлигини билишмасди). Бу овозалар тасодиф эканлигини Сенегалга қарши баҳс исботлади. Гарчи ғалабага тенг ўйин кўрсатган бўлса ҳам, ҳимоядаги қўпол хато ва яратилаётган вазиятлардан фойдалана олмаслик якунда 1 очко келтирди. Сўнгги тур польякларга қарши кечди. Баҳс европаликларнинг кичик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланган бўлса ҳам кунчиқар юрт вакиллари плей-офф масаласини ижобий ҳал қилдилар. Жаҳон чемпионатлари тарихида биринчи бор очколари ва тўплар нисбати тенг бўлганида сариқ карточкаси кам бўлган жамоа кейинги босқичга чиқди. Бундан бахт айнан японларга кулиб боқди. Сенегаллик футболчилар эса алам билан ортларига қайтишга мажбур. Япониялик футболчилар тартибли ўйин намойиш қилишган бўлса, ушбу диёрдан келган мухлислар томошабин маданияти қандай бўлиши кўрсатиб беришди. Нимчорак финал қитъадошларимиз учун чинакам трагедия бўлди. Қачон кўргансиз, иккинчи тайм ўрталарида 2:0 ҳисобида олдинда бораётиб, ҳакамнинг финал ҳуштаги чалингунча 3 та тўп ўтказиб юборган жамоани. Бу японларнинг кучсиз ўйинидан эмас, Бельгиянинг иродали ўйини натижа бўлди.