Жозе Моуриньо: "Элдорнинг трансферидан хурсандмиз, у бизга қандай ўйинчи эканлигини намойиш этяпти"

  • 18 август, 2021, 22:17
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 1
  • Футбол
CHERY AUTO

Элдор Шомуродов “Рома”га кўчиб ўтганидан буён унинг номи янада кўпроқ жаранглай бошлади. Айниқса, “Бетис” ҳамда Ража Касабланка” жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувларида ўзбек ҳужумчисининг рақиб дарвозаларига биттадан гол уриб, ассистентлик вазифасини бажариши ва ўйиндаги ажойиб ҳаракатлари эвазига чиндан ҳам Моуриньо ва “Рома” Шомуродов трансферида оқилона йўл тутганликлари ҳақида барча гапира бошлади.

“Женоа”дан фарқли ўлароқ, Элдор “Рома”да янада каттароқ имкониятларга эга бўлиши кутиляпти. Қолаверса, римликлар жамоасида ижодкорлик ҳам бор. “Рома” бош мураббийи Жозе Моуриньо куни кеча клуб матбуот хизматига катта интервью берди. У жамоасининг тайёргарлик режаси, трансферлар ва яна бошқа мавзуларда муносабат билдирди.

Биз учун энг қизиғи, бу Шомуродов ҳақидаги фикри эди. Эътибор берган бўлсангиз, Шомуродов “Рома” аъзосига айланганидан бери Моуриньо ҳали ҳамюртимиз тўғрисида ўз фикрини билдирмаганди. Ниҳоят, “Рома” сайтига берган интервюьсида бош мураббий кўплаб саволлар қатори Шомуродов борасида ҳам гапириб ўтди.

шомуродов2_1

- Бу трансфер ойнаси учун жуда оғир иш жараёни бўлди. Бош директор Тьяго Пинто учун ҳам жараён оғир кечди. Жумладан, клуб скаутлари ва менежери ўтган вақт давомида футболчиларни қидириш йўлида астойдил тер тўкдилар.

Амалга оширилган оғир ишдан сўнг, биз ўзимизга ёқадиган ҳолатни юзага келтириш пайида бўлдик. Асосий ўйинлар бошланиши остонасида турибмиз. Мен ҳар доим шундай дейман: менга ўртоқлик ва расмий учрашувлар бир-бирига мос тушади, деган гаплар ёқмайди. Биз буларнинг барига бўлажак расмий учрашувлар олдидан ўзимизга руҳият бағишлайдиган манба сифатида қарадик. Якшанба куни уч очко олиш учун “Фиорентина”га қарши ўйин билан чемпионатдаги иштирокимизни бошлаймиз.

Мен шунингдек, Эдин Жеко билан боғлиқ ҳолат ҳақида гапирмасдан ўта олмайман. Бу жуда ғалати эди. Унинг бошқа клубга ўтиб кетиши тахмин қилинаётганди. Аммо шунинг баробарида бу билан боғлиқ вазият юзасидан иккиланишлар йўқ эмасди, - дейди Моуриньо.

Шунингдек, португалиялик мутахассис жамоасининг “Бетис”га қарши ўйинини эсга олди ва Шомуродовнинг ушбу ўйиндаги ҳаракатларини баҳолади.

шома8

- Ўйинчиларда юқоридаги вазият билан боғлиқ хавотир ҳам йўқ эмаслигини сезиб турдим. Боз устига улар мавсумолди тайёргарлик жараёнини якунлаш борасида бутун диққат-эътиборларини шунга қаратгандилар. Ўйлайманки, биз 50-55 дақиқа давомида яхши ўйнадик. Шунингдек, учрашув чоғида рақобатбардош жамоадек таассурот қолдиришга эришдик. Элдор Шомуродов баҳсдан икки кун олдин келиб қўшилган бўлса ҳам учрашувда ўзидан яхши таассурот қолдирадиган даражада ўйнади. У бизга қандай ўйинчи эканлигини намойиш этиб берди. Аммо кейинчалик ҳаммаси ёмон тугади (йирик ҳисобдаги мағлубиятни назарда тутди).

Абрахам клуб таркибига юқори иштиёқ билан келиб қўшилди. Умид қиламизки, у ўзидан яхши тааасурот қолдиришда давом этаверади. Бизда Тэмми, Элдор, Борхо Майораль билан боғлиқ жуда яхши вариант бор ва бу менга жуда ёқяпти.

Моуриньо билан суҳбат жараёнида унга Шомуродовнинг “Рома”га қанчалик фойдаси тегиши ҳақида савол берилди. Бунга португалиялик мутахассис атрофлича жавоб қайтарди.

- Ҳа, фойдаси кўпроқ тегади. Қулоқ солинг, трансфер ойнаси аввал бошидан мен тасаввур қилгандан ҳам кўра, бироз ўзгачароқ бўлди. Мен иш бошлаган чоғимда бош менежер ва спорт директорига “Рома”нинг ўйинини ташкил этиш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларимни баён этгандим. Трансфер ойнаси ўзимиз кутмаган ҳолатларни ҳам тақдим этиб, биз Спинаццолини узоқ вақтга йўқотдик, кейин эса Жекодан айрилдик.

Элдорнинг трансферидан жуда хурсандмиз. Чунки барқарорлик учун шундай йўл тутиш лозим эди. Ҳужум чизиғида тезроқ ҳаракатланиш ва ранг-баранглик учун барқарорлик керак эди. Шомуродовнинг трансферидан қониқдим. Қолаверса, шундай футболчиларни жалб этган чоғимизда ишқибозларнинг муносабати ҳам яхши бўлди. Эҳтимол, ҳамма шундай бўлишига ишонқирамай қараган бўлиши ҳам мумкин. Ҳақиқатан, трансфер ойнаси – бу жуда мураккаб бозордир. Ўз навбатида раҳбариятнинг охирги уч йил давомида амалга оширган ишлари хусусида атрофдагиларнинг муносабати қандайлигини ҳам ҳозирги вазият тасдиқлаб турибди. Биз мана шундай муносабат билдириладиган даражада ишлай оляпмиз, - дея фикр билдирди, “Рома” устози.

шома2_1

Жозе Моуриньонинг Шомуродов тўғрисидаги фикрларини эшитиш барчамиз учун муҳим ва шу билан бирга ёқимли, тўғрими? Кўриб турганингиздек, мураббий Элдорга ишоняпти ва унинг трансферидан жуда мамнун.

Ёдингизда бўлса, Жозе “Интер”ни бошқарган пайтида “Женоа”дан аргентиналик ҳужумчи Дигео Милитони олиб келганди. Кейин у Моуриньо жамоасида қандай муҳим футболчига айланганини билсангиз керак-а? Бу сафар “Рома” бош мураббийи сифатида “Женоа”дан Шомуродовнинг трансферини амалга оширди. Жозе ўзбек йигитининг имкониятларини яхши илғай олди ва унинг янги қирраларини очса ажаб эмас.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Турсун Ғани
18/08/2021 23:17
Энди Элдор Карпендан олган яҳши ва ижобий ҳислатларини ўйинни ўқиш жараёни, голларни ҳис қилиш, ҳимоя ва ҳужумга бир вақтда ўтиш, тезкор қочиб кетиш, қарши ҳужумдан фойдаланиш кабиларни янги устози Жозе Маувринодек топ даражадаги мураббий ёрдамида ўз услубини, сайқаллаб, ўстириб боради ва яҳши натижаларга эришади деб ишонамиз. Элдор сенга омад. Олға давом этгин. Ютуқларингдан миллатдошларинг фаҳрланиб юришсин. Сенга Ўзбегим муҳлислари, Рома муҳлислари ва Жозе Маур ишонмоқда. Бу мавсум ҳам ишончларни оқлайсан деган умиддамиз.