Жозе ва Бэйл ҳамкорлиги таназзулга юз тутдими?!
«Реал» жамоасида ишлаб юрган чоғлари Жозе «Тоттенҳем» юлдузи – Гарет Бэйлни ўз жамоасида кўрмоқчи эканлигини Флорентина Пересга маълум қилади. Тақдирнинг ишларини қаранг-ки, Моур Мадридни тарк этиши билан уэльслик ҳужумчи «Реал» либосини кияди. Бу воқеадан Карло Анчелотти жуда унумли фойдаланганини алоҳида эътироф этиш даркор. Италиялик мураббий қўл остида Бэйл ўзининг илк ЕЧЛ олтин медалларига эга бўлади.
Жозе эса, доимо жамоасида кўришни истаган футболчи билан ўзи кутмаган пайтда ҳамкорлик қилишга мажбур бўлмоқда. Бундан 7 йил илгари Моуриньо ва Бэйл фаолиятининг пик нуқтасида эди. Уларни ҳозир фақат тарихдаги улкан ғалабаларигина бирлаштириб туради…
«Беназир» «Реал» Бэйлни ижарага бермоқчи эканлигидан хабар топгач, шахсан ўзи Даниэл Левига қўнғироқ қилади. Мураббий клуб раҳбарини таваккал қилишга кўндиради. Ўзининг қурумсоқлиги билан донг таратган мутахассис жуда арзонга тушаётган Бэйлни қўлдан чиқармасликка уринади. Гаретнинг маошини ярмидан кўпини «Реал» тўлаб бериши Левини қизиқтириб қўйган бўлса, ажаб эмас. Бу трансфер кўплаб мухлисларда қизиқиш уйғотди. Жозе ва Бэйл! «Тоттенҳем»га унинг қайтиши! Улар тарихни реал воқеликка айлантиради! Шу ва шунга ўхшаш сарлавҳалар остида инглиз нашрлари оптимистик руҳдаги мақолаларни эълон қилди.
Аслида, Моур Бэйл ёрдамида ҳужумда Сон-Кейн-Бэйл учлигини ташкил этмоқчи эди. Бу йигитлар биргаликда Англия ва Европа Лигасида шов-шув кўтаришини португалиялик тахмин қилгани аниқ.
Келишувдан Бэйлнинг ҳам кўп нарса кутгани аниқ. У Зиданнинг босимидан қутулиб фаолиятини қайта ишга тушириш учун Лондонга кўчиб келди. У ўзига бўлган ишончни қайтариб олиш мақсадида «Тоттенҳем»ни танлади. Бир пайтлар уни топ даражага кўтарган «шпорлар»нинг меҳрини қозониш муаммо эмасдек кўринди, аммо…
Ҳеч ким ўзи кутган натижага эришмади!
Бэйл шартномага қўл қўйиш мақсадида Лондонга учиб келди. Тиббий кўрик чоғида унинг жароҳати бор эканлиги маълум бўлди. Орадан бир ой ўтибгина Бэйл «Тоттенҳем» либосида майдонда кўриниш берди. Тўғриси, уни идеал формада эди деб бўлмайди.
Воқеалар ривожини кузатиб турган Жозе Бэйлни эркинроқ бўлиши учун асосан захирадан ўйинга ташлади. Фақат иккинчи даражадаги ўйинлардагина асосий таркибга киритди. Моур шу тариқа Бэйлни тезроқ жамоага мослашиб олишини истаган эди. Бу методика кутилмаган натижа берди. Бейл ўзини шимолий Лондонда жуда ҳам эркин ҳис этишни бошлади.
Вингер «Брайтон», «Уиком» ва «Сток Сити» дарвозасини ишғол қилди. Шу орада мураббий ва футболчи ўртасидаги диалог омма юзини кўрди. Машғулот чоғида Жозе Бэйлга : “Гарет сен шу ерда қолиб тўп сурмоқчимисан? Ёки «Реал»га қайтиб, яна захирада ўтирмоқчимисан?”,- деди. Бу видео анча олдинроқ ёзилгани маълум бўлди.
Инглиз нашрларининг маълум бўлишича, Лондон клуби офисидагилар уэльсликни мавсум якунида сотиб олишдан бош тортган. Бунга унинг «Эвертон»га қарши баҳс олдидан кўрсатган «ҳунари» сабаб бўлгани айтилмоқда.
Бэйл учрашув олдидан оёқларида оғриқ бор эканлигини маълум қилди. Шу боис, у шифокорларни тўлиқ анализи чиқмагунига қадар машғулотларда иштирок этмади. Якунда, унинг оёғида ҳеч қандай шикастланиш ёки оғриқ йўқлиги маълум бўлди.
«Ирислар»га қарши ўйиндан сўнг, Жозе чидаб тура олмади. У футболчининг ўйиндан аввал қилган иши ҳақида кескин фикр билдирди.
«Тўғриси, унинг тиббий кўрикдан ўтказишларини талаб қилгани мени ҳайрон қолдирди. Унинг қандайдир жароҳати бор, деб ўйламайман.»
Бу сўзлардан кўриниб турибдики, Бэйл кейинги мавсумни Мадридда ўтказади. Жозе ундан қандайдир наф чиқариш имконсиз эканлигини англаб етган кўринади.
Воқеалар ривожидан энг кўп «Реал» зарар кўриши турган гап. Ўзи шундоқ ҳам Азарга миллионлаб евро маош бераётган жамоа елкасига Бэйл бориб ўтириб олиши аниқ. Йигитларнинг улкан маошлари сабабли «Қироллик клуби» Рамосга янги шартнома таклиф этишга қийналмоқда. Анчадан бери кутилаётган Килиан Мбаппенинг трансфери ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади.
Умуман олганда, Бэйлнинг Лондонга қайтиши ҳеч кимга ҳеч қандай наф олиб келмади. Жозе Даниел Левининг олдида хижолат бўлиб қолди, «Реал» бошоғриғидан қутилгани йўқ, Бэйл эса яна аввалги даражасига чиқа олмади. Мана буни чинакам омадсизлик деса бўлади.
Фикрлар