Калифорния штати фаолиятини якунлаган ММА жангчилари учун жамғарма ташкил қилади

  • 13 октябрь, 2023, 11:27
  • 0
  • MMA

Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом Калифорнияда ММА бўйича фаолиятини тугатган жангчилар учун фонд яратиш тўғрисидаги қонунни имзолади, дея ESPN нашри хабар бермоқда. Калифорния штати Атлетика комиссияси (CSAC) ижрочи директори Энди Фостернинг сўзларига кўра, у 2024 йилнинг 1 январидан кучга киради. CSACга фонд қандай яратилишини аниқлаш вазифаси юклатилган.

Бир нечта таниқли жангчилар Калифорния Қонунчилик палатаси олдида қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаш учун гувоҳлик беришди. Жумладан, Юрая Фабер, Жош Эмметт, Кет Зингано, Ронда Роузи ҳам қонун лойиҳасини омма олдида қўллаб-қувватлади.

Штатда CSAC томонидан тасдиқланган жангларнинг камида 39 раундини якунлаган ҳар қандай ММА жангчиси 50 ёшдан бошлаб маблағ олиш ҳуқуқига эга бўлади. Пул турли йўллар билан, жумладан, Калифорниядаги аралаш яккакурашлар бўйича тадбирларга чипталар сотиш орқали келади. Штат, шунингдек, ММА билан боғлиқ нуфузли турнирларни сотади ва барча тушум фондга ўтади, деди Фостер.

Бошқа штатларда ММА жангчилари учун шунга ўхшаш маблағ йўқ. Аралаш яккакураш спортчилари касаба уюшмаси ёки ассоциациясига эга эмаслар.

Эслатиб ўтамиз, Калифорнияда 1982 йилда боксчилар учун ҳам шундай фонд ташкил қилинганди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!