Канчельскис Лига кубоги ҳақида: Ҳеч нарса бермайдиган бу мусобақа ким учун қизиқарли?
Бундан бир неча кун аввал Россиянинг «Аргументы и Факты» рўзномасида «Навбаҳор» бош мураббийи Андрей Канчельскис билан уюштирилган суҳбат чоп этилди. Биз мазкур суҳбатнинг ўзимизга тегишли қисмини ҳавола қиламиз.
- Ўзбекистонга қандай бориб қолдингиз?
- Наманганнинг «Навбаҳор» жамоасидан қизиқарли таклиф олдим. Кўп ҳам ўйлаб ўтирмай, таклифга рози бўлдим. Ўзбекистонга мослашув жараёни узоқ кечмади. Наманган - футбол шаҳри. Машғулотларимизни кўплаб мухлислар кузатишади. Ўйин куни стадионга 20 мингдан зиёд ишқибозлар ташриф буюради.
- Россияда ўртача томошабинлар ташрифи - 16,6 минг.
- Тўғри, лекин ҳамма жамоалар ҳам шунча мухлис йиғолмайди. Бу ерда ҳаммаси жойида. Аммо мен тушунмаётган нарсалар ҳам бор. Масалан, ўйин куни огоҳлантиришсиз ҳакам ўзгариши мумкин. Шунингдек, Лига Кубоги ташкил этилди, худди Англиядек сингари. Яхши ғоя. Бироқ, Англияда ғолиб чиққанга Европа Лигасига йўлланма берилса, бизда йўқ. Ҳеч нарса бермайдиган бу мусобақа ким учун қизиқарли?
- Наманган - палов юрти. Буни ўзингизда ҳис қилдингизми?
- Паловни ҳафтада 1-2 марта тановвул қиламан. Кўпайиб кетса семириб кетасиз. Футболчиларга ҳам оғирлик қилади. Аммо футболчиларга буни таъқиқлаб ҳам бўлмайди. Эслайман, «Спартак»ни бошқарган Невио Скала клубга келгач таомномани буткул ўзгартирганди. «Борщ»ни таъқиқлаб қўйганди. Ҳамма макарон ейишига тўғри келган. Четдан келиб ўзининг тартибини ўрнатиш мумкин эмас.
- Россияга қайтиб ишлашга умид қиляпсизми? Олдинлари ёш мураббийларнинг ишлашларига тўсқинлик қилишаётгани ҳақида гапиргандингиз.
- Аввал қандай бўлган бўлса ҳозир ҳам шундай. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Олдиндан бир нарса деб бўлмайди.
Манбаа: lochinlar.uz
Фикрлар