Кападзе: "Пахтакор" Пўлатхўжа Холдорхоновни бизга беришни истамаяпти"
Ўзбекистон Суперлигаси 14-туридан ўрин олган “Олимпик” – “Пахтакор” (0:2) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Тимур Кападзе ўз фикрларин билдириб ўтди.
“Қизиқарли баҳс бўлди. Бугун йигитлар футбол ўйнашга ҳаракат қилди. Афсуски, “Пахтакор” футболчилари тезкор голдан сўнг вақт чўзишга ҳаракат қилишди. “Шерлар” бундай таркиби билан яхшиси, футбол ўйнаса бўларди. Тўхталишлар жуда ҳам кўп бўлди. Биз бугун футбол ўйнамоқчи эдик. Меҳмонлар эса шундай усул билан темпни бузишга ҳаракат қилди. Ўзимизнинг хатолар сабаб иккита тўп олиб чиқдик. Иккала вазиятда ҳам ҳужумни бартараф этишнинг имкони бор эди.
Рақиб “Пахтакор” эди. Уларга қарши доимо тўғри ўйнаш керак. Жамоамиздаги мавжуд барча кучларни бугун майдонга туширдим. Захирада ҳам яхши футболчилар бор. Иккинчи давра эндигина бошланди. Ибрагимовни бугунни ўйлаб олмадик. У яхши футболчи. Барчасидан тўғри ҳулоса чиқарамиз.
“Пахтакор” Холдорхоновни бизга беришни истамаяпти. Ўйлашимча, клуб уни қўйиб юборганида яхши бўлар эди. Боиси, “шерлар”нинг ҳужум чизиғида футболчилар етарлича ва қанча ўйин амалиётига эга бўлишини вақт кўрсатади. Унинг нималарга қодир эканлигини биламиз. Шу сабаб у бизнинг жамоада ҳаракат қилганида кўпроқ ўйнаган бўлар эди. Футболчини терма жамоага тайёрлашда ўйин амалиёти муҳим саналади.
Абдунабиев йиғин вақтида жароҳат олганди ва бугун илк ўйинини ўтказди. У яхши дарвозабон. Тўғри, хатолар кузатиляпти, улар ёш. Тажрибали дарвозабонлар ҳам хатога йўл қўйишмоқда. Ёшлар ўша хатони қилиб, тажриба орттиришади. “Чиғатой”дан Немановни сафимизга қўшиб олдик, у ҳам ёмон дарвозабон эмас. Қайси бири кучли бўлса, ўша ўйнайверади. Муҳими - уларга ўйин амалиёти беришимиз керак. Улар майдонга тушмаса, хатоларини ҳам билмаймиз. Бу ёшда хато қилиш нормал ҳолат.
Мен учун футболчиларнинг ўйин амалиётига эга бўлиши муҳим. Улар термага тонусда келишлари лозим. Масалан, ҳозир Норчаевдан ҳавотирдаман. У жуда ҳам кам майдонга тушмоқда. Термага чақирилганда формада эмаслигига гувоҳ бўлдим.
Жўрақўзиев келгуси учрашувда ҳам майдонга тушмаслиги мумкин. Икки-уч кундан сўнг машғулотларни бошлайди. Унинг ҳам йўқлиги катта йўқотиш”, – деди Кападзе.
ЎзПФЛ матбуот хизмати
Фикрлар