Карпов ФИДЕнинг ФШР аъзолигини тўхтатиш қарорини изоҳлади
Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) Россия шахмат федерацияси (ФШР) аъзолигини вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда ташкилот қарорига таянадиган маълумотлар тарқатилди.
Қарорга кўра, ФШРга ЛНР, ДНР, Херсон ва Запорожье вилоятлари, шунингдек, Қрим ҳудудларидаги ҳар қандай фаолиятини 90 кун ичида тўхтатиш талаби қўйилган эди. Ушбу шарт бажарилмаган тақдирда, ташкилотни уч йилга дисквалификация қилиш мумкинлиги олдинроқ огоҳлантирилган.
FIDE шу ҳафта бошида ФШРга мурожаат қилиб, Спорт арбитраж суди (CAS) қарори бажарилгани ҳақида далиллар тақдим этишни сўради. Кейинчалик эса Россия федерацияси аъзолигини вақтинча тўхтатиш ҳақида расмий равишда эълон қилди.
ФШР фахрий президенти, ўн иккинчи жаҳон чемпиони Анатолий Карпов бу қарор юзасидан ўз муносабатини билдирди. Унинг таъкидлашича, қарор қонуний жиҳатдан асосланган бўлиши мумкин, бироқ вазият ўзига хос тарзда қайғули баҳоланмоқда.
"FIDE қарори, эҳтимол, ҳуқуқий жиҳатдан тўғридир. Лекин бу жуда аламли. Биз қўйилган шартларни бажара олмадик. Барча тафсилотлардан тўлиқ хабардор эмасман. Энди, деб ўйлайманки, жорий йилги Жаҳон шахмат олимпиадасида иштирок эта олмаймиз", — деди Карпов.
Шу билан бирга, FIDE маълум қилишича, Россия шахматчилари шахсий мусобақаларда иштирок этишни давом эттириши мумкин, бироқ улар нейтрал мақом остида чиқиш қилади.
Россия шахмат федерациясининг жамоавий таркибдаги иштироки, жумладан, жорий йилдаги Жаҳон шахмат олимпиадасида қатнашиши ҳозирча ноаниқлигича қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги Шахмат олимпиадаси куз фаслида Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган.

Фикрлар