"Катанецга нималарга қодирлигимни кўрсатиш ёшидан ўтганман" ёхуд Лутфулла Тўраев нима учун ўзига-ўзи сўз берди?

“Бунёдкор” Ўзбекистон кубоги 1\8 финалида “Навбаҳор”ни енгиб, чорак финалга чиққанидан хабардорсиз. Ўша учрашувдан кейин “Бунёдкор” сардори Лутфулла Тўраев Sports.uz учун интервью берди.

- Ўзбекистон кубогининг 1\8 финалида “Бунёдкор” ўз уйида “Навбаҳор”га қарши оғир учрашувда ғалаба қозонди. Ўйин чиндан ҳам қизиқарли кечди. Айтинг-чи, ниманинг эвазига муваффақиятга эришдинглар?

- Қийин ўйин бўлди. Майдоннинг ҳолати ҳам яхши эмасди. Шунинг учун иккала жамоа ҳам майдонда қийналди. Айрим ўйинчилар жароҳатланди. “Навбаҳор” ҳам яхши жамоа. Таркибга яхши легионерларни қўшиб олгани эвазига кучайган. Кубок баҳси битта ўйиндан иборатлиги учун ҳам эҳтиёткорлик билан ўйнадик. Иккинчи бўлимда майдоннинг ҳолати яхши бўлмагани сабабли, бироз орқароқда ҳаракат қилдик. Ғолиб битта ўйинда аниқланиши учун ҳам биз натижа учун курашдик. “Навбаҳор”га қарши учрашувда ҳақли ғалабага эришдик.

тураев

- “Бунёдкор” чорак финалга чиқди. Жамоанинг Ўзбекистон кубогидаги мақсади нима? Қаергача бора олади, деб ўйлайсиз?

- Чемпионат баҳсида “Пахтакор”дан анча орқада қолганмиз. Осиё Чемпионлар лигасига чиқиш учун бизга энг яқин йўл – бу кубокни қўлга киритиш. Раҳбарлар ҳам кубокни ютиш вазифасини қўйганлар. Бу борада бизда ҳам имконият бор. Кимнидир яққол фаворит сифатида кўрсатиб бера олмаймиз. Ҳозирги ҳолатда ҳамма бир хил.

- “Бунёдкор” – “Навбаҳор” жамоалари иштирокидаги ўйинни Сречко Катанец бевосита стадионда кузатиб борди. Унинг келишидан хабардормидингиз?

- Яқинда Тошкентга келди. Бир кун олдин “Пахтакор” – “Турон” ўйинига ҳам борганди. Бизнинг ўйинга ҳам келиши кутилаётганди. Чунки учрашув Тошкентда ўтаётганди. Шу сабабли, Катанецнинг келишини билгандим.

тураев6

- Миллий терма жамоамизнинг янги бош мураббийи бўлиши кутиляпти. Шу боис, у чемпионат баҳсларини ҳам кузатяпти, футболчиларнинг имкониятларини ўрганиб чиқяпти. “Навбаҳор”га қарши баҳсга Катанецнинг келиши эвазига сизда янги мураббийга ўзингизни кўрсатиш бўйича иштиёқингиз янада кучайдими?

- Йўқ, мен ўзимни кўрсатиш ёшидан ўтганман. Ҳар доим қўлимиздан келганича жамоамизнинг ғалабаси учун ҳаракат қиламиз. “Навбаҳор”га қарши беллашувда ярим соатча ўйнагач, жароҳат олиб майдонни тарк этдим. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, масалан, миллий терма жамоа мураббийи ўйинга келадими ё келмайдими фарқи йўқ, жамоамизнинг ютуғи учун боримизни берамиз.

- Умуман олганда, Катанец ҳақида қандай фикрдасиз?

- Бирор фикр билдира олмайман. Футболимиз раҳбарлари шу инсонни бош мураббийликка лойиқ кўришди. Шу боис уларнинг қарорини ҳаммамиз ҳурмат қиламиз. Мураббийга ҳам, миллий терма жамоага чақириладиган футболчиларга ҳам омад тилайман. Бизни асосий мақсадимиз жаҳон чемпионатига чиқиш. Ҳамма бирлашиши керак: мухлислар, футболчилар, раҳбарлар барча-барча ҳамжиҳат бўлиши лозим.

тураев7

- Катанец Ўзбекистонни мундиалга олиб чиқишига ишонасизми?

- Яхши ният қиламиз. Ҳаммаси мураббийга боғлиқ эмас. Агар мураббийга боғлиқ бўлганида Ироқни жаҳон чемпионатига олиб чиққан бўларди.

- “Бунёдкор”да молиявий муаммолар борлиги ҳақида эшитиб турибмиз. Бу ҳолат футболчиларга қанчалик таъсир кўрсатяпти?

- 9 кундан кейин ойлик маош олмаётганимизга уч ой бўлади. Ғалаба учун мукофот пулларидан ҳам қарздорлик бор. Уч йилдан бери “Бунёдкор”да ўйнаётган бўлсам, ҳар йили мавсумнинг ўртасига келиб шунақа муаммо бўлади. Шуҳрат ака Мақсудов ҳам матбуот анжуманида муаммо ҳақида айтиб ўтди. Жамоани ҳокимятга ўтади дейишди, лекин бундай бўлмади. “Бунёдкор” ўртада қолиб кетди. Лекин маош олмаяпмиз деб ўйнамай қўйсак бу ҳам нотўғри. Кимга ёмон? Ўзимизга жабр бўлади. Барибир пулларимизни оламиз, қолиб кетмайди. Футболчилар ўзаро гаплашамиз, албатта қарзларни тўлашади, майдонда бор куч билан ўйнайлик, ютайлик, деб ўзимизга далда беряпмиз.

тураев1

- Жамоа сардори сифатида бундай пайтда футболчиларни руҳлантиришда қийналмаяпсизларми?

- Биздан кўра, ёшларга осонроқ, ҳали уйланишмаган. Тўғри, ҳаммага пул керак. Уйига, ота-онасига пул олиб бориши лозим. Яна қайтараман: маблағларимиз қолиб кетмайди. Раҳбарлардан умид қилиб қоламиз. Жамоамиз учун эътиборлироқ бўлишларини сўраб қолардим.

- Сизни кўпинча ўйин пайтида ҳакамлар билан тортишаётганингизни кўрамиз. Бу асабийликданми ёки...

- 15 та тур ортди қолди. Бу йил ҳисобидан адашмасам учта сариқ карточка олдим. Ушбу мавсумда ҳакамлар билан тортишиш камайди. Бу борада ўзимга-ўзим сўз берганман. Шуҳрат ака Мақсудов ҳам менга ҳакамлар билан камроқ гаплашишимни айтган. Энди ВАР тизими бор. Ҳакамларга гапирган билан фойдаси йўқ. Тўғри, ўйин пайтида барибир қизишиб кетиш ҳолатлари бўлиб туради.

тураев5

- ВАР ҳақида оғиз очдингиз. Унинг футболимизга қанчалик фойдаси тегяпти? ВАРни қўллашга тайёрмизми?

- Барибир бир кун келиб тайёр бўлишимиз керак-ку. Ҳозирдан бошлаб футболимизда ВАРни қўллаяпмиз. Ҳамма жойда хатолик бўлади. Аммо ВАРдан фойдаланишни бошлаганимиз кейинчалик тўғри бўлиб чиқади. Агар бу нарса бўлмаганда ҳам юрардик, ВАР бўлганда яхши бўларди, деб.

тураев4

- “Бунёдкор” мавсумни барқарор ўтказа олмаяпти. Мавсум якунига қадар жамоадан нима кутиш мумкин?

- Йил бошида раҳбарият томонидан бизга кучли учликка кириш ва Кубок финалига чиқиш вазифаси қўйилган. Ҳали ҳаммаси олдинда деб ўйлайман. Охиригача курашамиз.    

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!