Катанецнинг истеъфо беришида мантиқ борми?
Ҳозиргина Сречко Катанец бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё кубоги саралашини Шри-Ланкага қарши ўйин билан бошлади. Наманганда ўтган баҳс ҳамюртларимизнинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Эътиборлиси шундаки, жамоамиз ғалаба қозонганига қарамай, кўплаб мухлислар ўйиндан кўнгли тўлмаганини ва словениялик мутахассиснинг имзоси кўринмаётганидан нолимоқда. Қайсидир маънода бунга уларнинг ҳаққи бор. Лекин мураббийни танқид қилиш учун ҳали асос йўқдек туюлмоқда. Шри-Ланка кучсиз жамоа эканлиги маълум. Аммо ижобий ва салбий фикр билдириш учун ўлчов бўлиши керак.
Хўп, ФИФА рейтингидаги 205-поғонадаги жамоа билан ўйинда биз нимани кўриб олишимиз мумкин? Биринчи навбатда антифутболда қандай қилиб гол киритишни. Хўш, яна нимани? Афсуски, бундан ортиғини кўриш, унга баҳо бериш имкониятимиз йўқ. Мураббийларнинг бор потенциалини “катта ўйинлардагина“ кўриб олиш мумкин. Бундай баҳс бўлмай туриб, футболнинг чинакам экспертлари ҳам словениялик мутахассиснинг имкониятларига баҳо беришининг имкони йўқ.
Дунёнинг энг кучли жамоалари ҳам 10 киши бўлиб ҳимояланадиган жамоаларга қарши ўз арсеналидаги фақат 25-30 фоизгина кучини кўрсатиши ҳеч кимга сир эмас. Бундай дўппини қўлга олиб ўйлаб кўрилса, биринчи расмий учрашувида рақиб Шри-Ланка бўлишига қарамай 3:0 ҳисобда енгган мураббийни танқид қилиш ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди. Эътиборингизга бир суратни намойиш этаман. Бу жуда эски, бироқ актуаллигини ҳали-ҳамон йўқотгани йўқ.
3 йиллик узр - бу ҳали ҳам ахлат!
Алвидо Ферги!
“Манчестер Юнайтед“ эмас, балки футбол тарихидаги энг кучли мураббийлардан бирини кетишини талаб қилган мухлислар баннер кўтариб кўчага чиққан десак, ҳозир ҳеч ким ишонмаса керак. Шотландиялик мутахассис ҳам ўзининг “қизил иблислар“ рулидаги илк йилларида ҳеч кимни ҳайрон қолдира олмагани кўриниб турибди. Аммо буни ҳозир ким эслайди? Барча унинг стабил давридаги ўйинлари билан хотирлайди. Бу натижага эришиш учун Сер Алексга ҳам вақт талаб этилганини инобатга олсак, биринчи расмий ўйинидаги ғалабадан кейин эътирозларга сабаб бўлаётган Катанецнинг ҳолатини тасаввур қилиб кўриш мумкин. “Қизил иблислар“ фанатлари ҳеч йўқ 3 йил сабр қилибди. Бизни ишқибозларга биринчи расмий ўйинни ўзи кифоя қилгандек. Бу албатта, ҳазил.
Ҳар қандай мутахассис учун ўз ўйинини қуриш учун вақт талаб этилади. Майли, кетказишга ҳеч қачон кеч эмас. Шу пайтга қадар Абрамовни Эрондан учралган мағлубиятдан сўнг кетказиб, кейин унинг ҳужумкор футболини қумсадик. Куперни ҳимоявий ўйини учун танқид қилиб, Фаластинга бой берилган баҳсдан сўнг уйига жўнатиб юбордик. Ўрнига яна Абрамов олиб келинди. Мантиққа ҳеч тўғри келмайдиган қарор, аммо тарих буни бизга доим эслатиб туради. Тошкентда Саудияга 2:3 ҳисобида енгилгач, барча мухлислар Куперни ҳимоявий тактикаси иш бериши мумкинлиги ҳақида ўйлаб ичидан зил кетди. Билмадим, ҳужумкор Абрамовни ва тартибли Куперни ҳуш кўрмасак, бизга қандай услубда тўп тепадиган мураббий керак?
Ҳозир футболимиздаги энг катта муаммо ҳимоя эканлигини била туриб, агрессивлик ва минимализмга суянадиган футболни тарғиб этиш учун таклиф этилган мутахассисдан ранжишимиз қай дарада адолатли?
Сизга бир кичик сирни очай. Терма жамоамизнинг етакчи футболчиларидан бири билан камералар ўчгач бўлган суҳбатда айтган сўзи ҳали-ҳамон ёдимда:
“Агар Купер бошқарганида, биз Тошкентда Саудиядан бемалол 3 очко олган бўлар эдик“.
Ишқилиб, 1-2 йилдан сўнг "Катанец бўлганида бу ўйинни ютқазмаган бўлар эдик", - дегувчиларни учратмасак бўлди. Ҳозирги вазиятни ташқаридан томоша қилар эканман, шу нарсадан сал хавотирим бор.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар