"Кавасаки Фронтале" мураббийи: Бизни Осиёнинг энг кучли жамоаси дейишга ҳали эрта

Осиё чемпионлар лигаси шарқ минтақасида гуруҳ босқичи баҳслари бўлиб ўтмоқда. Бугун "I" квартети иштирокчилари иштирокида ўйин олди матбуот анжумани ўтказилди. Унда "Кавасаки Фронтале" клуби мураббийи ва футболчиси қатнашиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Жамоа мураббийи Тору Оники:

"Дастлабки учрашувда ғалаба қозонишни уддаладик. Ўйлайманки, кейинги баҳсларда ҳам 3 очко олишга ҳаракат қиламиз. Шуни атйишим керакки, қисқа муддат ичида кўп ўйинлар ўтказиш муаммо туғдириши аниқ. Уни устига, ҳаво ҳарорати анча юқори. Бироқ бу баҳона бўлмаслиги керак.

Биринчи ўйиндаги ғалаба ажойиб бўлди. Энди кейингиларида ҳам фақат мазмунли ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Бизга юқори баҳо бергани учун рақиб жамоа мураббийи Зоран Янковичга миннатдорчилик билдираман. Аммо менимча, бизни Осиёнинг энг кучли жамоаси дейишга ҳали эрта. Барчаси майдонда ҳал бўлади.

Жамоа юлдузи Ю Кобаяши:

Мураббий таъкидлаб ўтганидек, ҳар бир ўйинда фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Рақиб таркибида ёш футболчилар кўп. Аммо бундан хотиржамликка берилмаймиз. Улар ёш бўлишига қарамай, катта иштиёқ билан майдонга тушади.

Ўз ўйин услубимизни шакллантириб улгурдик ва яхши ўйин кўрсатяпмиз. Бу орқали ички биринчиликда муваффақиятга эришдик. Энди буни халқаро майдонда ҳам кўрсатишни истаймиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!