Кеча назорат учрашувида майдонга тушган "Навбаҳор" бугун ҳам ўйин ўтказди
Туркияда ўқув-машғулот йиғинини давом эттираётган “Навбаҳор” бугун Арманистоннинг “Алашкерт” (Ереван) клубига қарши назорат-синов ўйини ташкил этди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу баҳсда ҳисобни “лочинлар” очишди. Захирадан ўйинга қўшилган ҳужумчи Андрей Сидоров шериги Эҳсони Паншанбе бурчакдан узатиб берган тўпни боши билан рақиб дарвозасига жойлаб қўйди. Учрашув айнан "лочинлар"нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Хабарингиз бор, “Навбаҳор” 12 февраль куни Қозоғистоннинг “Қайрат” жамоасига қарши ўйин (1:0) ўтказганди, шу боис, бугун мураббийлар штаби кечаги учрашувда майдонга тушмаганлар ва нисбатан камроқ дақиқа мобайнида тўп тепганларни майдонга тушириб, уларнинг ҳолатларини яна бир бор кўздан кечириб олиш имкониятига эга бўлишди.
Назорат-синов ўйини
“Навбаҳор” – “Алашкерт” (Ереван) – 1:0
Гол: Андрей Сидоров.
“Навбаҳор”: Раҳимжон Давронов, Хуршидбек Мухторов, Бобур Мўйдинов, Аббос Ғуломов, Ҳожиакбар Юнусов, Сардор Теляков, Жамшид Болтабоев, Асад Собиржонов, Ислом Кенжабоев, Эҳсони Паншанбе, Иброҳим Ғанихонов.
Захирадан майдонга тушганлар: Музаффар Мўминов, Андрей Сидоров.
Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” мазкур йиғин доирасидаги навбатдаги назорат учрашувини 16 февраль куни Россиянинг “Химки” клубига қарши ўтказишни режалаштирган.
Фикрлар