"Келажагимизни ўзгартириш учун қаердадир таваккал ҳам қилиш керак" ёхуд про лига футболчиси қандай қилиб легионерга айланмоқда?!
Куни кеча сайтимиз орқали “Динамо”да тўп сурган истеъдод эгаси – Шоҳруҳ Абдураҳмоновнинг Беларусь чемпионати вакили – “Энергетик-БГУ” жамоасининг қишки йиғинида иштирок этаётгани тўғрисида хабар бергандик.
Ростини айтганда, мухлислар орасида Абдураҳмонов ҳали тўлиқ кўзга ташланиб улгурмаганди. Асосан “Динамо”да тўп сурган ҳолда самарқандлик ишқибозларни қувонтириб келаётганди ва айниқса, ўтган йили жамоасининг Суперлигага чиқишида катта ҳиссаси тегди. Шунинг учун ҳам у мавсумнинг энг яхши футболчиси бўлди.
Шоҳруҳ Абдураҳмоновни олдинда ёрқин келажак кутяпти. Унинг легионерга айланаётгани ҳам бежиз эмас. Шундоқ ҳам унга Суперлигадан жиддий чорловлар мавжуд. Аммо у Беларусь чемпионати орқали Европага кетишни ният қилган. Айни пайтда “Энергетик” сафида шуғулланаётган футболчи Sports.uz мухбири билан мулоқотда бўлди.
Ўтган йилги мавсум ҳақида
- Чемпионат давомида барчаси - мухлислар, мураббийлар, жамоадошларимни ёрдами билан бўлди, деб ўйлайман. Қўлимдан келганича ҳаракат қилдим. Жамоадагилар, мухлислар ва мураббийлар менга ишонч билдиришди. Шунинг учун клубда ўзимни бемалол ҳис қила олдим. 2021 йилги мавсум жуда ҳам қизиқ ўтди. Яхши ўйинларга ва рақобатга бой мавсум бўлди. Барча рақибларга қарши қийин ўйинларни ўтказдик. Ҳар бир очко учун қаттиқ курашдик. “Динамо”да жуда аҳил жамоа йиғилганди, футболчилар билан иноқ оила бўлдик деб айтсам бўлади. Авваламбор, Ҳаким Фузайловни алоҳида айтмоқчиманки, у бизни бир оила қила олди. Ички муҳит ҳам яхши эди. Футболчилар бир-биридан умуман хафа бўлишмади. Ҳамма бир-бирини қўллаб-қувватлагани учун ҳам Суперлигага чиқдик, деб ўйлайман. Барча бирдек меҳнат қилди. Жамоа, мухлислар ва ўзимиз учун ҳам ўйнадик.
“Энергетик-БГУ”да қандай пайдо бўлди?
- Бу вариант агентларим томонидан тавсия қилинди. Ўзим ҳам олдиндан четга чиқиб ўйнашни жуда хоҳлардим. Шу боис хорижда кучимни синаб кўрмоқчиман. Фақат олдинга интилиш мақсадим бор. “Энергетик-БГУ” билан машғулотларда иштирок этяпман. Мураббийлар, жамоадагилар мен билан яхши муносабатда. Худо хоҳласа, бу ерда қоламан. Бу йилги мавсумни Беларусь чемпионатида ўтказаман, деган умиддаман. Қолгани ўзимизга боғлиқ. Меҳнат қилсак, яна ўсишда давом этаман. Аста-секин олдимга қўйган мақсадларимга эришяпман. Мен эса айнан шу вариантни хоҳладим.
Ҳаммаси қачон ҳал бўлади?
- Агентимни кутяпман, бир ҳафта ичида Беларусга келиши керак. Яқин орада аниқ бўлиб қолади. Аммо клубдагилар мени олиб қолишмоқчи. Агентим бу ерга етиб келганидан сўнг раҳбарият билан гаплашади ва барчаси ҳал қилинади.
У Суперлигада тўп суришдан кўра, легионерга айланмоқчи. Бу таваккалчиликми?
- Тўғри, ўринли савол. Ўзимга ишончим баланд. Ҳеч қандай қўрқув йўқ. Ҳаммаси Худодан ва Худо учун таваккал қиламиз. Чунки келажагимизни ўзгартириш учун қаердадир таваккал қилиш ҳам керак, деб ўйлайман.
Абдураҳмонов ўтган йили ёзда ҳам “Динамо”дан кетиши мумкин эди...
- Тўғри, вариантлар бор эди, яхши таклифлар бўлган. Ўйнаб турган жамоамни ва менга ишонаётганларни ярим йўлда ташлаб кетишим нотўғри бўларди. Мухлислар ишонч билдириб турганди. Шу боис вазифани ҳали ҳал қилмасдан туриб, кетиб қолсам яхши иш бўлмасди. Мақсадим “Динамо”ни Суперлигага олиб чиқиш ва ёруғ юз билан кетиш эди. Худога шукр, ўйлаган мақсадимга эришдим.
Янги мавсумда “Динамо”ни нималар кутяпти?
- Ҳозир “Динамо”даги янгиликлардан хабарим йўқ. Аммо клуб ўз олдига яхши мақсад қўйган. Янги мураббийни олиб келиш ҳам бежизга эмас. Таркибга яхши футболчиларни жалб қилади, деб ўйлайман. Умид қиламанки, бу йил Самарқандда яхши жамоа бўлади. Натижа ҳам шунга яраша ижобий бўлади. Чунки клубда яхши одамлар ишлаяпти.
Фузайловнинг истеъфоси
- Нима бўлганда ҳам бу жамоадагиларнинг қарори, бунга ҳеч нима дея олмайман. Уларнинг ўртасида шундай келишув бўлган. Шартнома бир йилга тузилган. Тўғриси, қолганини билмадим, барчаси ўзаро келишув асосида бўлган.
Суперлигадаги таклифлар
- Ҳа, менга Суперлигадан таклифлар бўлди. Олдимга қўйилган мақсад бўйича қарор қабул қилиб бўлгандим. Яхшигина жамоалардан таклифлар олгандим. Мақсадим аниқ эди ва бундан воз кеча олмасдим. Шу боис четга кетишни танладим.
Фикрлар