"Келаси йилга катта режалар қилишяпти, Суперлигада кўришдан хурсандмиз, чиқиб-тушиш керак эмас, етар энди!" ёхуд ўзбек футболи юлдузлари "Бургутлар"нинг парвози ҳақида
Келаси йил учун кураш ва интриганинг қандай даражада ривож топиши ҳозирданоқ қизғин муҳокама қилиняпти. Энди водийнинг тўртта клуби Суперлигада иштирок этади. “Навбаҳор” ва “Нефтчи”дан ташқари “Андижон” билан “Турон” про лигадан элитага йўлланмани қўлга киритган ҳолда мухлисларини хурсанд қилди.
Албатта, “Мавсум-2023” учун айниқса, “Андижон” клуби олдида қилиниши лозим бўлган зарур ишлар турибди. Эътиборлиси, улар бунга аллақачон қўл уришган. Кузатиб бораётган бўлсангиз, “Бобур Арена” майдонининг чими янгиланмоқда ва стадион “прожектор”лари ҳам талаб даражасига келтирилади. Ана шунда “Андижон” келаси йили ўз стадионидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Шу боис вилоят ҳокими бошчилигида ўзгаришлар бошлаб юборилган. Шунингдек, клубни молиявий томондан барқарорлигини таъминлаш ҳам устивор вазифалардан бири. Хабарингиз бўлса керак, айнан вилоят ҳокимининг ёрдами туфайли жамоа аъзолари билан барча ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилиб, қарздорликлар бартараф этилди. Бу энг муҳими. Келаси йил учун маблағ масаласида ортиқча узилишлар ва қийинчиликлар бўлмаслиги учун шахсан вилоят ҳокими жамоани ўз назоартига олгани ҳам эътиборга молик.
Маҳаллий ишқибозларнинг жамоадан умиди катта. Шунга яраша клубнинг режалари жиддий. Табиийки, “Бургутлар”нинг парвози ўлароқ Суперлигага қайта олгани бевосита элитадаги интриганинг янада ошишига хизмат қилади.
Қизиғи, ўзбек футболининг ёрқин шахслари ҳам “Андижон”нинг яна кучлилар орасига қайтганига ўзларининг ижобий муносабатларини билдириб ўтдилар.
Равшан Эрматов (ЎФА биринчи вице-президенти):
- Андижон вилоятини катта футболсиз тасаввур қилиб бўлмайди. “Андижон” клубини Суперлигага қайтгани билан жамоа аъзолари ва мухлисларини муборакбод этамиз. Мана шундай ашаддий ва фидойи мухлислари бор жамоага албатта Суперлига ярашади. Клуб раҳбарияти, вилоят ҳокими Шуҳратбек Қўшоқбоевич жамоани қўллаб-қувватлаб келаси йилга катта-катта режалар қилишяпти. Ҳозирдан “Бобур Арена” майдонини тўғрилаш ишлари бошланиб кетган. Келаси йили ушбу стадионда катта-катта жамоаларни кўриб, “Андижон”ни албатта юқори ўринлар учун курашишига ишонамиз.
Тимур Кападзе (Ўзбекистон U-23 терма жамоаси ва “Олимпик” клуби бош мураббийи ва Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи):
- Биринчи навбатда “Андижон” жамоасини Суперлигага чиққани билан табриклайман. Ўйлайманки, 1-ўрин билан муддатидан олдин муносиб ва ҳақли чиқишди. Албатта, Суперлигада уларга омад тилайман. Суперлигада ҳам ўз олдига қўйган мақсадига эришиб, ишқибозларини ва Андижон халқини хурсанд қилади, деб ўйлайман. Жамоага омад тилайман.
Рўзиқул Бердиев (“Насаф” клуби бош мураббийи ва Суперлиганинг энг яхши мураббийи):
- “Андижон” футбол жамоасини Суперлигага йўл олгани билан чин юракдан табриклаймиз. Андижонда кўп маротаба майдон эгалари билан рақиб бўлганмиз. Ҳар доим эсда қоларли нарсаси – мухлислари жуда ажойиб. Шунинг учун бу клубни Суперлигада кўришдан жуда хурсандман. Албатта, ўз жамоамиз ўйини билан мухлисларини хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз.
Биродар Абдураимов (Ўзбек футболи афсонаси ва футболимиз нуронийси номинацияси соҳиби):
- “Андижон” клуби ишқибозлари бу йил жуда хурсанд. Нега деганда, жамоа яна Суперлигага қайта олди. Энди етар! Айтмоқчиманки, ҳар йили лифтга ўхшаб чиқиб-тушиш керак эмас. Пойдеворни бақувват қилиб, жамоа яхши ўйнаса биз хурсанд бўлардик. Бундан ташқари, андижонликлар футболга ишқибоз. Ёшлигимизда Андижонга йиғинга борганимизда стадион лиқ тўларди, ҳозир ҳам шу. Энди андижонликлар учун фақат хурсандчилик бўлсин. Ҳаммасини табриклайман. Ўйлайманки, кейинги мавсумда яхши натижаларга эриша олади.
Олег Зотеев (“Қизилқум” клуби футболчиси):
- Ассалому алайкум. “Андижон” клуби ва фанатларини табриклайман. Бир йилдан кейин жамоа яна Суперлигага қайтяпти. Чин юракдан муборакбод этаман. 4-5 тур олдин вазифани бажаришди. Бу ҳам Суперлигага катта қадам.
Мухтор Қурбонов (АГМК клуби техник директори):
- Мана, бу йил “Андижон” футбол клубига жуда омадли йил келди, Суперлигага чиқишди. Элитада ҳам барқарор, мазмунли, чиройли ўйинлар кўрсатиб, узоқ йил давомида Суперлигада муносиб иштирок этишини тилаб қоламан. Жамоа мухлислари Ўзбекистонда энг биринчи қаторларда. Шунинг учун футбол ҳар доим Андижонда бўлган. Келгусида яхши-яхши ўйинчилар шу клубдан терма жамоаларимизга таклиф этилсин. Бир жойда тўхтаб қолмасин. Ҳар доим омад ёр бўлсин.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар