"Келинг, атрофга реал кўз билан боқайлик, яширмайман, таклифлар йўқ эмасди, бу йигитга қизиқишимиз бор" - "Бухоро" билан шартномасини узайтирган Ҳаким Фузайлов суҳбатда яна нималарни айтди?
“Бухоро” мухлисларини хурсанд қилиб, уларни ниятига эриштирган ҳолда клубни яна Суперлигага қайтарган бош мураббий Ҳаким Фузайлов энди элитада ҳам жамоани бошқаришда давом этади.
Яқинда мураббий “Бухоро” билан янги шартнома имзолади. Бу хусусида клуб бош директори Sports.uz сайтига берган интервюсида айтиб ўтганди.
Ҳаким Қаюмович шартнома имзолаганидан сўнг сайтимиз журналистининг саволларига жавоб қайтарди.
- Ҳаким Қаюмович, “Бухоро”ни Суперлигага олиб чиқдингиз ва клуб билан тузилган шартномани узайтирганингиз билан табрикламоқчиман. Айтинг-чи, янги режалар қандай?
- Шуни айтишим жоизки, 15 декабрь куни жамоа йиғилди. Ўзимизда, Бухорода тўпланиб, селекция билан боғлиқ бир қанча ишларни амалга оширдик. Ўша селекцион йиғилиш чоғида шунга амин бўлдикки, таркибни кучайтириш учун бизда сабаблар етарли экан. Шу йўлда Аббос Отахонов билан шартнома туздик. Ҳумоюнмирзо Иминовни эса жамоага қайтардик. Яна бир қанча йигитлар билан хайрлашдик. Ҳозирча уларни номма-ном санаб ўтиришни истамаган бўлардим. Ҳозирда бир қанча номзод футболчилар билан музокараларни олиб боряпман. Бу ҳали ҳал қилинмаган масала бўлгани туфайли сизга кимлар билан шартномалар имзолашимиз мумкинлиги ҳақида исм-шарифларини айта олмайман. Буни тўғри тушунасиз, деб умид қиламан. 3 январдан навбатдаги йиғин сифатида Тошкентда тайёргарлик бошлашни режалаштирганмиз. Мана шу йиғин давомида таркибни сезиларли даражада кучайтиришдан умид қиляпмиз. Табиийки, мана шундай ўйинчиларни жалб қилсак, яқин икки ҳафта оралиғида 4 та назорат учрашувини ўтказишни режалаштириб қўйганмиз. Шундан кейин Бухорога қайтамиз ва кўп ўтмасдан Туркияга – Анталияга йўл олмоқчимиз. Чунки Анталияга йўл олиш ҳам ўйлаб қўйган режамизда бор. Анталиядаги йиғин чоғида ҳам у ерга ташриф буюрадиган бир қатор клублар билан назорат учрашувларини ўтказишни мақсад қилганмиз. Ҳозирча потенциал рақиблар йўқ. Кимлар билан ўйнашимиз ҳақида батафсилроқ кейин хабар қиламиз. Айтишим керакки, Тошкентда 8 ва 13 январга ўртоқлик баҳсларида қатнашишни мақсад қилганмиз.
- Жамоада янги легионерларни кўрамизми ва яна кимлар билан музокаралар кетяпти?
- Яширмайман, музокаралар олиб борилаётган бир қанча легионер футболчилар бор. Аммо ҳозирда сизга бу масалада бирор тайинли аниқ гап айта олмасам керак. Айни пайтда асосий эътибор ўзбек футболчиларини “Бухоро”га олиб келишга қаратилган. Биз бу борада асосий эътиборни Суперлигада ўйнаш тажрибасига эга бўлган ўйинчиларга қаратганмиз. Агар бу масалани ижобий ёпа олсак, шундан кейин чизиқлар бўйича юзага келган муаммоларни ҳал этишга киришамиз. Албатта, клубда легионерлар пайдо бўлиши ҳақиқатга яқинроқ. Бу борада бир қанча агентлар бизга қўнғироқлар қилиб туришибди. Аммо юқорида айтганимдек, сизга айнан қайси легионерлар билан музокаралар кетаётганини айта олмайман.
- Эшитишимча, Ихтиёр Тошпўлатов билан жамоа келишиб олибди. Шу ростми?
- Ҳозирда бу тўғрисида ҳам 100 фоиз ишонч билан гапира олмасам керак. Тўғри, биз у билан гаплашдик, лекин ҳали ҳеч нарса ойдинлашгани йўқ. У билан битим имзолар эканмиз, ўшанда ҳаммаси аниқ бўлади. Бу йигитга қизиқишимиз борлиги бор гап.
- Ўзбекистонга қайтиб мураббий сифатидаги тажрибангизни кўрсата оляпсиз. Кетма-кет икки йил давомида “Динамо”ни, кейин “Бухоро”ни Суперлигага олиб чиқдингиз. Эшитишимча, шулардан келиб чиқиб, хизматингизга таклифлар бор экан...
- Яширмайман, таклифлар йўқ эмасди. Аммо, Шуҳратбек, мен “Бухоро” билан амалдаги шартномани узайтириб бўлдим. Шу боис энди бу каби масалалар ўз-ўзидан бир четга чиқади. Шу эътибордан ҳам айтишим керакки, менга фалон, фалон клублардан таклифлар бор эди, ўтмадим, дейишим этика томонидан ҳам нотўғри иш бўларди. Бор гап шуки, шартномам ниҳоясига етгани сабабли “Бухоро” билан янги келишувга эришдим. Шуни инобатга олган ҳолда энди бу масалада ҳеч нарса демайман.
- Мураббийлар штаби қандай бўлади?
- Ўтган йили ҳам менинг штабимда ишлаган йигитлар билан ҳамкорлик қилишда давом этмоқчимиз. Уларнинг ҳаммаси ўз ўринларида қолган, ҳеч ким бирор жойга кетгани йўқ. Мураббийлар штабини кучайтиришга келсак, ҳозирда бу хусусида ҳам бош қотиряпмиз. Агар ўзимиз истаган мутахассис билан шартнома имзолар эканмиз, сизга бу хусусида албатта ахборот бериб ўтаман. Ҳозир эса бу ҳақида гапиришга эрта.
- Янги мавсум учун “Бухоро”да олдингизга қандай вазифалар қўйилди?
- Келинг, атрофга реал кўз билан боқайлик, ҳозиргача раҳбарият билан янги мавсум учун ўйланган вазифа борасида ҳеч қандай гап-сўз ўртамизда бўлиб ўтмади. Бунинг учун аввало жамоани шакллантириш, таркибга жалб этилиши мумкин бўлган ижрочиларни амалда синаб кўриш керак бўлади. Мана шунда ҳаммаси ойдинлашади. Фақат шундан сўнггина мавсум старт олишига оз қолганида жамоа олдига қўйиладиган вазифа ҳақида гапириш тўғрироқ бўлади. Мақсадимиз клубнинг про лигадан кўра, кучлироқ ўйин кўрсатишини таъминлашдан иборат. Чунки Суперлига барибир ўз номи билан Суперлига. Чунки бу лигада ҳар қандай рақибга қарши тура олишни билиш керак. Бир сўз билан айтганда, лиганинг даражаси жуда баланд. Ўз навбатида “Бухоро” таркибидаги ўйнайдиган футболчиларнинг даражаси ҳам шунга мос бўлмоғи даркор. Биз мана шундай даражага мос келадиган жамоани тайёрлашимиз керак. Ўз ўрнида “Бухоро” мухлисларни хурсанд қиладиган кўринишдаги ўйинни намойиш этишга киришмоғи даркор бўлади. Агар ҳаммаси режа асосида кетадиган бўлса, ўйлайманки, биз мана шундай клубни шакллантира олишимиз мумкин. Лекин бунинг учун ҳали жуда кўп ишларни амалга ошириш даркор.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар