Келинг, келишиб олайлик ёхуд Ҳакамлар Марказига мурожаат
Про-лигадаги "Турон" - "Бухоро" ўйинида мана шу вазият учун ҳакам пенальти белгилади. Бу ҳолатда 11 метрлик жарима зарбаси берилмаса тўғри бўларди, бизнингча. Сабаби, қўл ётган ҳолда табиий турибди. Футболчи қўлини яшира олмасди. Аммо ҳакам...
Келишиб олайлик, масалан, ҳакамлар қўмитаси журналист ва томошабинлар учун қандай ҳолатда тўп қўлга теккани учун пенальти берилиши ва берилмаслиги борасида тушунча бериб ўтиши ёки тушунтириб бера оладиган манба кўрсатиши керак. Акс холда, барча эпизодни ўзи билганидек талқин қилишни бошлайди.
Бизда ҳакамлар ФИФА қоидаларига амал қилиши керак бўлса, ўша қоидаларни мухлисларга ҳам тушунарли қилган ҳолда тақдим этиш фойдадан ҳоли бўлмасди. ОФК расмий сайтида ҳам мусобақаларда ФИФАдаги қоидалар бўйича иш олиб борилиши қайд этилган. ФИФАдаги қоидаларга қарайдиган бўлсак, ушбу вазиятга "Қоидабузарликлар ва нотўғри ҳатти-ҳаракатлар" бўлимида келтирилган мана бу жойи тўғри келади:
1. Ўйинчининг қўли тўпга ҳар қандай ҳолатда тегиши қоидабузарлик ҳисобланмайди.
Агар ўйинчи:
қўли билан атайлаб тўпга тегса, масалан, қўлни ҳаракатга келтирса,
тўп томон қўли билан тегса, бу унинг танасини ғайритабиий даражада ҳаракатлантирганини англатади ва бу вазиятда жарима белгиланади.
2. Футболчининг қўли тана ҳаракатининг натижасида эмас, табиий ҳолатда тўпга тегадиган бўлса, жарима белгиланмайди.
Бу ўзига хос вазият. Бундай ҳолатда қўл танани назорат қилувчи аъзога айланади ва уни назорат қилиш имконсиз бўлади.
Тушунтириш:
Қўл ва тўп ўртасидаги ҳар бир алоқа қўл билан ўйин саналмайди.
Шунингдек, тананинг елка қисмига тўп тегса, жарима зарбаси белгиланмаслиги керак. Мазкур ҳолатни яхшироқ тушунтириш учун қуйидаги расмни қолдирамиз.
Ҳакамлар хатоларга йўл қўйганда, инсон факторига йўйилади. Аммо қачонгача? Замон шиддат билан ривожланиб бораётган бир пайтда нима учун инсонлар ўсиши, ривожланиши керак эмас? Янги муаммолар янгича ечим талаб этаркан, ҳаммамиз шунга тайёр турмоғимиз даркор.
Суперлигада юзага келган тортишувли ҳолатлар мана энди Про-лиганинг етакчи жамоалари ўртасидаги ўйинга ҳам кўчди. Бухоролик мухлислар ҳамон ҳакам мезбонларга ён босди, деган фикрда юришибди.
Мухлислар янада аниқ ва ишончли жавоб олиши учун, ФИФА регламентида ёзилган қоидалар асосида ҳакамлар ўз қарорини асослаб бериши керак. Ана шунда, ҳеч кимда ҳеч қандай савол қолмайди. Адолатли қонун бор жойда қаршиликларга ўрин қолмайди.
Албатта, буларнинг бари шахсий фикр...
Ҳа, айтганча, юқорида видеоси келтирилган пенальтидан "Турон" тўпурари Ҳумоюн Муртозаев унумли фойдалана олмади.
Агар гол бўлганда, бу баҳсни "Бухоро" клуби ва унинг мухлислари анча пайтгача эслаб юришарди. Чунки "Турон" бу баҳсда зафар қучганида, таъқибчиси бўлиб турган Ҳаким Фузайлов шогирдларидан оз эмас, кўп эмас нақ 8 очкога илдамлаб кетарди. Бу эса яйпанликлар учун катта эҳтимол билан иккинчи ўрин масаласини ҳал этарди. Аммо воқеалар ривожи бундай ривожланмади. Ҳозирча Про-лига "юқори қават"ида кураш давом этади.
Фикрлар