Келинг солиштирамиз! Қосимов, Абрамов, Бабаян ва Купер
Ўзбекистон терма жамоасида ишлаган 4 мураббий Қосимов, Абрамов, Бабаян ва Купернинг муҳим ўйинларини эслаб ўтамиз.
Терма жамоамиз бош рулида энг кўп ўйин ўтказган Миржалол Қосимов умумий 40 та учрашувда термамизни майдонга бошлаб тушган. Шулардан, 18 таси ғалаба, 11 таси дуранг ва яна 11 таси мағлубият билан якунига етган.
2008-2010 ҳамда 2012-2015 йиллар футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг бош мураббийи лавозимида ишлаган. Бундан кўзланган асосий мақсад, мамлакатнинг бош жамоасини ЖЧга олиб чиқиш бўлган. 2 бор шундай ишончга эга бўлган Миржалолнинг терма жамоадаги энг яхши ва энг ёмон ўйинларини эслаб ўтамиз.
Энг яхши ўйинлари.
ЖЧ-2010 саларашининг сўнгги босқичида Қатар терма жамоасини қабул қилган Ўзбекистон рақибларини аямай 4 та гол урган. Фарход Тожиев ва Жасур Хасановнинг бенефисига айланган баҳсда, 18 минг мухлис стадиондан учрашувни кузатган. "Пахтакор" ўйингоҳида бўлиб ўтган ушбу учрашув 2009 йилнинг 28 март куни бўлиб ўтган.
2012 йил 14-ноябрь Эроннинг Теҳрон шаҳрида жойлашган "Озоди" стадиони. 43700 нафар томошабин кўз ўнгида. ЖЧ-2014 саралаш босқичининг ўта муҳим беллашуви. Қийин ва оғир ўйинда Қосимов шогирдлари Осиёнинг кўзга кўринган мамлакати Эрон термасини Улуғбек Бақоевнинг 71-дақиқада киритган ягона голи эвазига таслим қилган.
ЖЧ-2014 саралаш босқичи. Гуруҳ босқичидаги сўнгги учрашув, барчасини хал қиладиган ўта муҳим тур ўйинлари бўладиган 2013 йилнинг 18 июнь кунига тўғри келди. Қосимов бошчилигидаги терма жамоамизнинг энг ёрқин ўйинларидан бири бўлиб ўтди. Тошкентнинг "Бунёдкор" стадионида Қатар терма жамоасини 5:1 ҳисобида "ер тишлатди". Австралиялик хакам Питер Грин бошқариб борган учрашувда, терма жамоамиз футболчилари хоҳлаганларича хужум қилишди. Шу кунгача эхтиёткорона ва ёпиқ футбол ўйнаган терма жамоамиз шу куни 5 та тўп фарқи билан ғалаба қозонишлари керак эди. Ёрқин ва очиқ ўйин билан мухлисларнинг олқишларига сазовор бўлган термамизнинг шу кунги ўйинидан сўнг, яна бир бор ўзбек футболи хужумкор ўйинни хуш кўришига амин бўлгандик.
Аслида учрашувнинг биринчи ярим қисмидан сўнг 0:1 ҳисобида мағлуб бўлаётган эдик. Танаффусдан сўнг тақдирга тан беришган шекилли кетма-кет хужумлар уюштириб, 5 та гол уришга эришган. Озарбайжон чемпионатида тўпурарлик кўрсатиб, термада гол уриш нималигини билмай келган Баходир Насимов ҳам "дубль" қайд этган.
2015 йил. Австралия. Осиё Кубоги мусобақаси январь ойи. Гуруҳ босқичида КҲДР(1:0) мағлуб этилди, Хитой(1:2)га ютқазиб қўйдик. гуруҳнинг сўнгги учрашуви Саудия Арабистонига қарши кечди. Шу куни терма жамоамизда янги юлдуз порлади. Бу Сардор Рашидов эди. Бу истеъдодни ўзбек халқи Европада тўп суришидан умид қилган. Саудияликлар дарвозабони оёқлари орасидан тўпни ўтказиб юборган ҳолда гол ургани-ю учрашувда "дубль" қилиб, қаҳрамон бўлгани барчамизни қувонтирганди ўша кезлар. Якунда 3:1 термамиз чорак финал йўлланмасига эга бўла олганди.
Аламли мағлубиятлари ва энг ёмон ўйинлари.
ЖЧ-2010 сўнгги саралаш босқичи гуруҳ ўйинлари. 2009 йилнинг иккита санаси 11-февраль ва 17-июнь.
Бахрайн термасига қарши бўлиб ўтган ўйинлар. Олдинига Тошкентда, кейин эса Манамада. икки маротаба бир хил таблода 0:1 ҳисоби. Игнатий Нестеров дарвозасига жарима зарбасидан урилган иккита ўйинда 2 та гол. 12 очкога тенг бўлган 6 очко араб жамоаси фойдасига хал бўлган. Ёдимизда қолган ушбу учрашувларда Бахрайн термаси аъзоси Махмуд Абдурахмон стандарт вазиятдан унумлий фойдаланиб кетган. Биринчи учрашувда, 90+1'да Нестеров ушбу зарба олдида ожиз қолган. Манамада сценарий қайтадан такрорланган. Фақат бу сафар 74-дақиқадаги гол барчасини хал қилган. Шундан сўнг, Махмуд Абдулрахмон Игнатийнинг тушларига кириб чиққан бўлса ажаб эмас.
ЖЧ-2014 саралашида ёмон натижалар қайд этмаётган эдик. ЖЧга чиқишимизга ишонч жуда юқори даражага чиқиб бўлган бир пайтда, меҳмонда Жанубий Кореяга қарши кечган баҳснинг 43-дақиқасида Акмал Шорахмедов ўйин антиқахрамонига айланган. Акмалнинг автоголи узоқ муддат давомида, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу ҳар қандай футболчининг руҳиятига ўта жиддий таъсир кўрсатмай қолмайди. 50 мингдан зиёд мухлис ташриф буюрган беллашувда, нимагадур Қосимов ўзгаришларга кеч қўл урди. Футболчилар мағлубиятга учраётганларига қарамай, 0:1 ҳисобига рози бўлгандек ўйнашди.
Буни ҳаттоки ўйиндан кейинги матбуот анжуманида, Қосимовнинг ўзи ҳам таъкидлаб ўтган. Айнан, матбуот анжуманларининг бирида Миржалолнинг айтиб ўтган машхур ибораси "Боллада айб йўқ" кенг тарзда тарғиб қилинган, ҳатто санъат аҳли ҳам бу борада ўз чиқишларини намойиш этишган.
2015 йил. Осиё Кубогининг чорак финал учрашуви. Жанубий Корея билан кечган қийин беллашувнинг асосий вақтида ҳисоб очилмади. 15 дақиқадан қўшиб берилган 2 та бўлимда, корейслар юлдузи Сон "дубль"га эришди. Ҳозирда бутун Европа бўйлаб донғи кетган осиёлик юлдуз, кейинчалик ёшлар термаси сафида ҳам армияга бормаслик учун терма жамоамизга қарши баҳсда голлар уриб, бош жамоамизни мусобақадан чиқариб юборган.
Вадим Абрамов. Ўзбекистон термасини ЖЧга олиб чиқишни жуда қаттиқ хоҳлаган мураббий.
Миллионлаб ишқибозлар қалбидан жой олган мутаҳассис. 2010-2012 йиллар давомида терма жамоамиз бош мураббийи бўлиб ишлади. Қисқа вақт бўлса-да, ўзбек халқининг каттагина қисми мехрини қозонди.
Лавозимидан озод бўлганига 7 йил тўлди. Ҳамон мухлислар орасида Абрамовни қайтариш кераклигини истайдиганлар сон-саноқсиз. Унинг бошчилигида терма жамоамиз 28 та баҳсни ўтказган. 11 та ғалаба, 5 та дуранг ва 12 мағлубият.
Энг яхши ўйинлари.
Аслида бир қатор ўйинларни ёзишимиз мумкин. Биз энглари орасидан энгларини саралаб олдик.
2011 йил январь ойи Қатарнинг Доха шахри. Осиё Кубогининг очилиш учрашувида Қатар термасига қарши баҳс олиб бордик. 37 мингдан зиёд иҳлосманд тўғридан-тўғри стадиондан ўйинни кузатиб борди.
Бутун жаҳон бўйлаб Қатарнинг ғалабасига хеч ким шубха қилмаган эди. Фақат ўзбекистонликлар ўз суюклиларига ишонишган беллашув. Иккинчи бўлимда Одил Ахмедовнинг шедевр голи мусобақа очилиш учрашувининг хақиқий безагига айланган эди. 2 карра Осиёнинг энг яхши футболчиси Сервер Жепаров навбатдаги голни ҳам урди. Якунда 2:0 терма жамоамиз фойдасига хал бўлди.
Ушбу Осиё кубоги давомида Ўзбекистонда футбол мухлислари ҳаддан зиёд бахтиёр эдилар. Оммавий ахборот воситаларида бутун дунёда термамиз ҳақида нималар дейилаётгани ёритилиб бориларди.
Ўзининг хужумкорлиги, тўп назоратини қўлга олиб, чиройли пасларни ижроши этиши билан Абрамов жамоасини "Барселона"га қиёслаганлар талайгина эди. Жуда илиқ фикрлар ўзбекларни мағрурлантирарди. Футболчиларнинг барчасига мадҳияни ёддан билиш зарурлигини таъкидлаб, ҳатто ёд олишга ҳам мажбур қила олган Абрамов айнан шу жиҳатлари билан ҳам бошқа касбдошларидан ажралиб турарди.
2 ғалаба ва 1 дуранг гуруҳдан чиққан термамиз, чорак финалда Иорданияга қарши баҳс олиб борди. Хужумчига ҳос характерни намойиш эта олган, 2-рақам остидаги форвардимиз Улуғбек Бақоев 2-бўлимнинг бошидаёқ 2 та гол урди. Бунга иорданияликлар битта гол билан жавоб бера олишган ҳолос.
ЖЧ-2014 иккинчи саралаш босқичида, Япония мехмони бўлган вакилларимиз иккинчи таркиб билан 45 минг мухлис кўз ўнгида, хеч кимга мағлуб бўлмай келаётган "самурай"ларни таслим этди. Ўшанда, Япония терма жамоаси Осиёнинг амалдаги чемпиони эди ва бир қатор ўйинлардан буён мағлуб бўлмай келаётган бир пайт эди. Бу ўйинни ёдга олар эканмиз, албатта, Шадрин йодимизга тушади.
Беллашувдаги ягона гол муаллифи бу ёруғ оламни эрта тарк этган.
Энг аламли ва энг ёмон ўйинлари.
Яна бир бор 2011-йилги Осиё Кубогига қайтамиз. Бу сафар ижобий хотира билан эмас. Аслида, кўпчилик эслашни хоҳламайдиган беллашув. Нестеров жароҳатидан сўнг, дарвозамизни кечаси билан ухламай чиққан Темур Жўраев қўриқлаган эди. Бу баҳсдан кейин ҳам, уни ухлаганлигига ишониш қийин.
Ўзбек футбол мухлислари учун хақиқий "шок" ҳолати бўлган кун. Австралия терма жамоаси ярим финалда, дарвозамизга аёвсиз тарзда, жавобсиз 6 та гол урган. Келинг бу ўйинни кўп эслаб, яраларимизни янгиламайлик. Ўшанда термамиз ростакамига сочилиб кетганди.
Бундай ўйиндан кейин, кайфиятини ижобий томонга тиклаб улгурмаган Ўзбекистон 3-ўрин учун баҳсда Жанубий Корея билан беллашди. Ўйиннинг биринчи бўлимида кетма-кет голлар ўтказган вакилларимиз бироздан сўнг, ўзларига келишди ва вазият яна-да жиддийлашиб кетишини тушуниб етишди шекилли, голлар уришни бошлашди. Бу сафар Александр Гейнрих катта саҳнага чиқди. "Дубль"ни нишонлаган футболчимиз кейинчалик айнан корейслар чемпионатида фаолиятини давом эттирган. 3-ўрин учун кечган учрашувда эса, корейсларга 2:3 ҳисобида мағлуб бўлганмиз.
2014 йилги жаҳон чемпионатига саралаш ўйинлари доирасидан ўрин олган Эронга қарши беллашувда бир қатор футболчиларимиз дисквалификация туфайли иштирок этишолмасди. Таркибимизнинг тенг ярми иккинчи таркибдан ташкил топган баҳсда термамиз 0:1 ҳисобида мағлуб бўлган. Тўлақонли термамиз устунлигида ўтган беллашувнинг сўнгги дақиқасида қарши хужумдан киритлган ягона гол учрашув тақдирини хал қилган. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида кўзда ёш ва ишонч билан "биз барибир ЖЧга чиқамиз" деган Абрамов эртаси куниёқ ягона мағлубият билан истеъфога чиқарилган эди.
Самвел Бабаян.
"Пахтакор" клубида қилган узоқ йиллик хизматларидан сўнг, терма жамоа Самвелга ишониб топширилди. Бу вазият мухлислар томонидан турлича қабул қилинди. Кимдур қаршилик кўрсатса, кимдур умид қилиб, ишонч билдирди. Зеро, унинг "Пахтакор"да қилган ишлари беқиёс эди. Терма жамоа бош мураббийи сифатида 24 та баҳсни ўтказган. Шулардан 16 таси ғалаба билан якунланган бўлса, 2 таси дуранг ва яна 6 таси мағлубиятни олиб келган.
Энг яхши ўйинлари.
ЖЧ-2018 иккинчи саралаш босқичидан ўрин олган азалий рақибимиз Бахрайндан қисман ўч олишга эришдик. Афсуски, бу илгаридек биз билган ва кўрган ўша кучли Бахрайн эмас эди. Ушбу мамлакатда футбол савиясида пастлашиш бор эди. Шундай бўлса-да, мехмонда термамиз жавобсиз 4 та гол ура олишган. Беллашувнинг биринчи бўлими 0:0 ҳисоби билан якунига етганидан сўнг, иккинчи бўлимни юқори кайфиятда ўтказиб, Игорь Сергеев, Сардор Рашидов, Одил Ахмедов ва Элдор Шомуродов ўз ҳисобларига биттадан гол ёзиб қўйишган.
ЖЧнинг сўнгги саралаш босқичида асосий рақибларимиз Жанубий Корея ва Эрон терма жамоаларини мағлуб эта олмаганмиз. Аммо, гуруҳдаги 3-ўрин учун кураш олиб бориши таҳмин қилинган терма жамоаларни мағлуб этганмиз. Улардан бири Тошкентда 34 минг мухлис кўз ўнгида Сурия термасини афсонавий футболчимиз Александр Гейнрихнинг киритган голи эвазига таслим этганмиз.
Бизнинг фикримизча, Бабаян бошчилигидаги термамизнинг энг яхши ўйини Хитойга қарши бўлиб ўтган.
Хужумкор ва чиройли ўйинимиз ушбу баҳсда кўринган. Хитой Тошкентда мехмон бўлган ва 2:0 ҳисобида мағлуб бўлган. Терма жамоамиздан Марат Бикмаев ва Отабек Шукуров гол уришга эришган.
Энг ёмон ва энг аламли ўйинлари.
Бу борада ҳам биз энглар орасидан энгларини танладик десак, муболаға бўлмайди. Бабаян даврида 6 бор мағлуб бўлган Ўзбекистон Жанубий Кореяда очко олиши мумкин эди. Корейсларга қарши баҳсни ёмон бошламагандик. Ҳатто, биринчи бўлиб гол уришга ҳам эришганмиз. Кореяликларнинг химоядаги палапартишликлари оқибатида дарвозабон олдинга чиқиб кетган вазиятдан Бикмаев маҳорат билан фойдаланди. Афсуски, иккинчи бўлимда ҳисобни ушлаб қолиш термамизга насиб этмаган. Жанубий Кореянинг захирадан майдонга тушган футболчилари ўйинни кучайтиришди ва гол ҳам уришга эришишди. Оқибатида 2:1 термамиз зарарига.
Келинг, Эрондан учралган мағлубиятларга эмас, балки Сурия ва Хитой каби термалар таъзиримизни беришган учрашувларга тўҳталамиз.
Омар Ал-Сома ва Омар Ал-Харбин каби форвардларга эга термага қарши мехмондаги баҳс, гўёки дуранг натижа билан якунига етадигандек эди. Аммо, учрашувни бошқариб борган Бирлашган Араб Амирлиги мамлакатидан келган хакам, 90+1'да дарвозамиз томон белгиланган 11 метрлик зарба нуқтасини кўрсатди. Сурияликлар вазиятни бой беришмади ва 1:0 кўринишидаги ғалабани илиб кетишди.
Ҳудди шу сценарийга ўхшаш яна бир ўйин. Бу баҳсда ҳам дурангни хиди келаётган бир пайт эди.
Хитойда 51 мингдан зиёд томошабин кўз ўнгида бўлиб ўтган беллашувда вакилларимиз гол уришмади.
Шри-Ланкалик хакам ўйиннинг 84-дақиқасида дарвозамиз томон пенальти қўйиб берди. Шундан сўнг, Хитойликлар таблодаги ҳисобни 1:0 қилиб қўйишди ва учрашувда бошқа ҳисоб ўзгармади.
Халқнинг каттагина қисмини Самвел Бабаянга бўлган муносабатни жиддий кўринишга келтирди. Ушбу мутаҳассисдан нафратланиб қолган мухлислар эътирози тинмади ва хориждан кучли мураббий келишини талаб қила бошлашди.
Эктор Купер.
Мухлисларнинг талабини ерда қолдирмаган раҳбарлар дунёга машхур Эктор Куперни олиб келишди. Ҳаттоки, Купер номзодини ҳам маъқул кўрмаганлар йўқ эмас. Яна кўпчилик бу мутаҳассисга ишонч билдириб, вақт кераклигини айтишмоқда.
Купернинг иш услубидаги энг яхши томонларидан бири, бу футболчилар танловида десак ҳам бўлади.
Тўғри бу кўпчилик учун ҳам маъқул келмаяпти. Кимдур керак эмас, яна кимнидур чақирмаяпти қабилидаги гаплар. Бундай ҳолат дунёнинг ҳар қандай жамоасида кузатилади. Аммо, Купернинг олдинги мураббийлар билан солиштирганда таркиб танлаш жиҳати нисбатан яхшироқ. Ҳар ҳолда, Олим Навкаров, Лутфулла Тўраев, Александр Лобанов каби футболчилар термамизда кўринмаяпти.
Купер Ўзбекистон термаси бош мураббийи лавозимлигида 15 та баҳсни ўтказди. 7 та ғалаба, 3 та дуранг ва 5 та мағлубият. Биз Купернинг терма жамоамиздаги энгларни танлашимиз учун вариантлар кўп бўлмаганлиги сабабли, ўртоқлик ўйинларига ҳам эътибор қаратдик. Барчасига эмас, балки асосийларига.
Энг яхши ўйинлари.
Купер бошқарувида, ўртоқлик ўйинларида ишончли ўйинлар ва натижалар етарлича, аммо биз кўпроқ расмий ўйинлардан фойдаланишга қарор қилдик.
Олдинги чизиқдаги футболчиларга эркин ўйнаш имконини берадиган Купернинг жамоаси 2019 йилги Осиё Кубогининг илк учрашувида қийинчиликка учраган эди. Нестеровнинг қаҳрамонлиги бир қатор голлардан термамизни қутқариб қолганди. Уммонга қарши учрашувда, захирадан майдонга туширилган Элдор Шомуродов эса, учрашувга голи билан нуқта қўйган. Якунда 2:1 вакилларимиз фойдасига.
Туркманистон термасини 4:0 ҳисобида таслим этганимизга кўп ҳам вақт бўлмади. Шу боис, ўйин тафсилотлари ёдингизда бўлса ҳам керак. Осиё Кубогининг гуруҳ босқичида ўйини очилиб кетган Шомуродов, ўз маҳоратлари билан майдонда ажралиб турган Машарипов, Сиддиқов каби футболчиларни тилга олишимиз шарт эди. Туркманистонга қарши айнан мана шу футболчилар мастер-классни ўтаб беришганди.
Ўртоқлик ўйинлари орасидан энг яхшиси деб шу йилнинг июнь ойида Шимолий Корея термасига қарши бўлиб ўтган беллашувни маъқул деб топдик. Корейслар дарвозасига киритилган жавобсиз 4 та гол, мухлисларнинг яратган атмосфераси, умуман барчаси аъло даражада бўлиб ўтган эди.
Энг ёмон ва аламли ўйинлари.
Бу борада албатта, Осиё Кубоги олдидан ўтказилган назорат ўйини ёдимизга тушади. Жанубий Корея термасига қарши деярли хеч нарса қила олмагандик. Ўйинда на сифат, на қандайдур тактик ёндашувлар кўзга ташланмаганди. Футболчиларимиз тўпни эгаллашганида нима қилишни билмайдигандек харакат қилишди. Айнан мана шу учрашувдан сўнг, кўпчиликни Куперга қарши қилиб қўйган. Корейслар дарвозамизга 4 та гол уришни канда қилишмаган. Биз эса, ўйин давомида, гол уришда сифат кўрсатиш ўрнига, зарбаларимиз сони бормикан деган ҳаёлга борар эдик.
Купер даврида энг аламлий мағлубият албатта, Осиё Кубогининг плей-офф ўйинида Австралияга пенальтилар сериясида ютқазганимиздур. Бутун учрашув давомида гол кўрмадик. Ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида Марат Бикмаев ва Ислом Тўхтахўжаев бизга яна гол кўрсатишни исташмаганди.
Оқибатида мусобақани эрта тарк этишга мажбур бўлдик.
Жахонда ўз ўрнига эга бўлган Туркия термасига қарши беллашувда терма жамоамиздан кўп нарса кутиш, балки нотўғри эди. Сабаби, турклар Европанинг кўзга кўринган термаларидан бири саналади. Футбол савияси анча ривожланган мамлакат. 2:0 ҳисобида термамизни хотиржам мағлуб этишга эришган турклар асосий таркиб футболчиларидан ҳам фойдаланишгани эътиборга молик. Ҳатто, ҳисобни яна-да йирик кўринишга келиб қолмаслигидан умидвор бўлганлар ҳам йўқ эмас.
Умуман олганда тўрттала мутаҳассисни солиштириш ноўрин. Биз солиштиришни истамадик. Улар турлича. Бу мураббийларга яратиб берилган шароит ҳам турлича бўлган ва даврлар ҳам бошқа-бошқа пайтга тўғри келган. Шунинг учун биз ўзбек халқи орзусини амалга ошириш мақсадида ишлаган барча мураббийларга омад тилаймиз.
Фикрлар
"Козонга бори чумичга чикади" деган гап бор.