"Келишилган ўйинлар билан боғлиқ вазият муҳитни барбод қилди" - "Локомотив"га қайтган Коростиченко яна нималарни айтди?

Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси учун бу йилги мавсум анча омадсиз ўтяпти. “Темирйўлчилар” ўзига ўхшамай қолди. Кўплаб ўйинларда очколар йўқотилди. Афсуски, жамоа ўйини ҳам ҳозирги натижаларга мосдек кўринмоқда. Оқибатда раҳбарият томонидан мураббийлар алмашинуви давом этмоқда.

Мавсумни Денис Коростиченко билан бошлашганини биласиз. Кейин натижалар кўнгилдагидек бўлмагач, Сервер Жепаров бош мураббий лавозимига тайинланди. Лекин “Локомотив” Жепаров қўли остида 3 дуранг 3 мағлубият қайд этди. Оқибатда унга ҳам “чиқиш эшиклари” кўрсатилди.

Жепаров кетгач, Коростиченко яна “Локомотив”га қайтарилди. Энди у Мирко Йеличич билан бирга ишга киришди.

- Денис Владимирович, сиз яна собиқ жамоангиз – “Локомотив”га қайтдингиз. Менимча, бу кутилмаган жараён бўлди. Қайтишингизга сабаб нима?

- Ҳа, мендан жамоага ёрдам беришимни сўрашди. Энди Мирко Йеличич билан бирга ишлаяпмиз.

- Ўрнингизга келган Сервер Жепаров жамоада узоқ вақт қолмади. Таассуфки, унинг “Локомотив” бош мураббийлигидаги иши омадсиз бўлди. Айтинг-чи, Жепаровнинг истеъфосини кутганмидингиз?

- Афсуски, мураббийларда доимо шундай. Натижа бўлмадими, истеъфога чиқиб кетамиз. Келишилган ўйинлар билан боғлиқ вазият жамоадаги муҳитни барбод қилди. Афсуски, бу натижада ҳам ўз аксини кўрсатди.

денис

- Жепаров клубда иш бошлаганидан кейин жамоа ўйинида қандайдир ўзгариш кўрдингизми? Бироқ жамоа у билан ғалаба қозонмади.

- Ўзгаришлар албатта таркибда бўлгани каби ўйин схемасида ҳам юз берди. Кўплаб учрашувларда яхши ҳаракат қилдик ва натижага эришиш учун интилдик. Бироқ омад кулиб боқмади.

- “Локо” энди қийин вазиятга тушиб қолди. Айтинг-чи, жамоани Суперлигада сақлаб қолиш учун режа қандай?

- Албатта, энди жамоани Суперлигада сақлаб қолиш керак. Зеро, тақвим жуда тиғиз ва мураккаброқ. Бу ёғига чемпионлик учун курашаётган клубларга қарши майдонга тушишимизга тўғри келди.

- ПФЛ сизни “Локомотив” бош мураббий сифатида рўйхатдан ўтказди. Шунинг учун асосий жавобгарлик сизнинг бўйнингидами?

- Ҳа, Мирко билан бирга ишлаяпмиз. Лекин у кўпроқ бош мураббий вазифасини бажаряпти. Раҳбарият унга ишонч билдирди.

- Умуман олганда, Йеличич билан олдиндан бир-бирингизни яхши биласизларми?

- Албатта, мен уни анчадан бери биламан. Шахсан у билан муносабатларимиз жуда яхши. Йеличич кучли ва тажрибали мутахассис.

- “Локомотив”га қайтишингиз бу сиз учун иккинчи имкониятми?

- Албатта, эҳтимол шундай бўлса керак. Бироқ вазият у қадар яхши эмас. Биз тўғрилаш учун керакли бўлган барча ишни қиламиз.

денис3

- Денис Владимирович, клубдан кетганингиздан кейин ишингизни таҳлил қилдингизми? Қаерда хатога йўл қўйдим, деб ўйлайсиз?

- Хатолар жуда кўп. Келажакда бунга йўл қўймайман.

- Олдинда “Пахтакор”га қарши ўйин кутиб турибди. Чемпион жамоани қандай ютмоқчисизлар?

- Чемпионат шуни кўрсатяптики, унда ҳамма билан ўйнаш, курашиш ва ғалаба қозонишингиз мумкин. Шундай экан, биз фақат ғалаба қозонишни хоҳлаймиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Baxil Alihuja
21/10/2022 20:37
Тажрибали мураббий! Узбек мураббийларида етмайдиган ишонч, хотиржамлик, босиклик бор!