Кейн «Тоттенхэм»нинг қулими? Лондонни тарк этиш шу қадар имконсизми?

Рубен Диаш 24 ёшида «Манчестер Сити»нинг қаҳрамонига айланади. Бруну Фернандеш бутун бошли «Манчестер Юнайтед»га креативлик қўшди. Жек Грилиш камтарин «Астон Вилла»да топ-футболчи даражасини кўрсатиб қўйди. «Челси»да Мейсон Маунт суперюлдузлардан марказни тортиб олди. Бу номлар қанчалар ёқимли эшитилмасин, Ҳарри Кейн улар фонида ҳам ажралиб туради. Жорий мавсумда Ҳарри ўз пик формасига кўтарилди. АПЛ юлдузлари ўз фишкаларини ишга солган бўлса, Ҳарри барча имкониятларини кўрсатишни бошлади.

Бунга қадар у найзанинг учи эди, холос. 2017/18 йилнинг кузида «Тоттенхэм» АПЛга мурожаат билан чиқди. Унга кўра, Кристиан Эриксеннинг голи Харри Кейн ҳисобига ёзилди. Даниялик футболчи жаримадан зарба йўллаганида, тўп ҳужумчига теккан экан. Кейн ушбу гол учун ўз ҳуқуқшуносларини ишга солди. Очиғи, футбол тарихида бунақаси аввал содир бўлмаган эди. Соддароқ қилиб айтганда, 3 йил аввалги Кейн, асосан, ўз статистикаси ва жамоадошларининг қўллаб-қувватлаши эвазига юқори ўринларда юрадиган оддий 9-рақам эгаси эди.

Ҳозир у умуман бошқа. Сўзимизга исбот сифатида чемпионатнинг сўнгги баҳсида «Лестер» дарвозасига киритилган голни кўрсатишимиз мумкин. Ҳужумчи қулай вазиятга чиқди, дарвозабонни алдаб ўтди, аммо зарба йўлламади. Ўткир бурчакда тургани етмаганидек, «тулкилар» аъзоси кипер ўрнида пайдо бўлди. Аввалги Кейн ўйлаб ўтирмай зарба йўллаган бўлар эди. Боз устига, ҳозир Муҳаммад Салоҳ билан тўпурарлар пойгаси авжига чиққан палла! Ҳарри пауза ушлади ва тўпни қулайроқ вазиятдаги Бэйлга ташлаб берди.

14-ассист якунда «Тоттенхэм» учун муҳим бўлган 3 очкони келтирди. Эътибор қаратинг, Кейн сўнгги 6 мавсум ичида умумий ҳисобда 20 та голли узатмани амалга оширган. Якунда нима бўлганини биласиз. Кейн тўпурарлар пойгасида Салоҳни ортда қолдирди. Энг яхши ҳаммуаллиф бўлиши тахмин қилинган Бруну Фернандеш ва Кевин Де Брюйнени бошқа фазада доғда қолдирди. Бу статистикалар қаҳрамонимиз ўзини «қайта қураётганини» кўрсатиб турибди.

Кейн ўйин услубини ўзгартирди. Ҳарри жорий мавсумда 125 та ҳужум бошловчи узатмаларни амалга оширган. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан икки баробар яхшироқ дегани. Сўнгги зарба бериш учун етказилган паслар сонида ҳам катта ўсиш бор: 43-23! Шунингдек, муваффақиятли алдаб ўтиш борасида ҳам катта прогресс! Кейн ҳеч қачон техникаси билан мақтана олмаган. Энди эса, тўпни марказда қабул қилиб олишни бошлагач, бу борада ҳам ўсишга эришди. Ҳужумчи якунланган мавсумда 53 бор муваффақиятли алдаб ўтишни амалга оширган. Бу унинг фаолиятидаги мутлақ рекорд!

Ҳужумчининг ўсаётганига эътибор берар экансиз, голлар сони камаймагани қувонарли. У худди ўтгани 3 мавсумдаги каби сўнгги зарбаларнинг 16 фоизини голга айлантирмоқда. Ўйин давомида йўллаган зарбалари сони ҳам камаймади. Бошқа аспектлардаги ўсиш сермаҳсулликка тўсқинлик қилгани йўқ.

Кейн анча марказга қайтиб тўп суришни бошлади. Ўйинни яхши ўқий олгани учун ҳужумнинг биринчи босқичида унинг иштироки катта наф берди. «Вест Хэм» дарвозасига киритилган голга эътибор қаратинг! Дарров тушуниб оласиз!

Соддароқ қилиб айтганда, Кейн камида ЕЧЛ финалчиси даражасидаги мавсумни ўтказди. Жуда бўлмаганда, АПЛ даъвогари бўлишга ҳақли эди. Бунинг ўрнига у «Динамо Загреб» билан Европа Лигасида тўқнаш келди. Энди 3-даражаси мусобақа - Конференциялар Лигаси саралаш баҳсларида ҳаракат қилади.

Бежизга ОАВ Кейнни ёзда «шпорлар»ни тарк этиши ҳақидаги миш-мишлар юргани йўқ. Аввалига, «Sky Sports», кейин «The Athletic» футболчи аллақачон руҳан «Тоттенхэм»да эмаслигини эълон қилди.
Гарри Невил уюштирган интервьюда ҳужумчи ҳаммасини тан олди:

«Катта ўйинларда тўп суришни истайман. Улкан воқеаларга алоқадор инсон бўлгим келади. Афсуски, бу воқеаларни телеэкран орқалигина томоша қилишим мумкин. Инглиз клублари ўз вазифасини муносиб уддаламоқда. Фаолиятим сўнгида алам қилмаслиги учун ҳам соврин ютишни хоҳлайман. Ҳозир айни пайти. Клуб ва директорлар билан ҳаммасини гаплашиб олишимиз керак. Тўғри, уларнинг режаси бор, бироқ ўзимни ортиқ мажбурлай олмайман. Қарор қабул қилишим керак».

Кўп ўтмай, «The Athletic» интервью сабабли, Даниель Левининг жаҳли чиққанини маълум қилди. «Шпорлар» нима қилиб бўлса-да, Ҳаррини олиб қолади. Уларда бир нечта козер қарталар бор. Футболчининг клуб билан тузган 3 йиллик шартномаси устунлик беради. Бир томондан «тақачилар»ни тушуниш мумкин. Айни дамдаги энг кучли инглиз футболчисини асосий рақобатчиларга қўйиб юборишдан қандай наф? Кейн Англияда қолиши турган гап.

Музокаралардаги энг муҳим аргументни ёдда сақлаш керак. Футболчи учун клуб талаб қиладиган сумма. Кейн тез орада 28 ёшни қарши олади. Бу ҳужумчи пик формасига чиқди, дегани. 3 йиллик шартномаси бор ҳужумчи 150 миллион фунтдан камига қўйиб юборилмайди. Айниқса, Даниель Леви сингари устаси фаранг вазиятдан максимум наф чиқаришга уринади.

Шу ўринда, яна бир фактни унутмаслик керак. Ўз вақтида, Бэйл кетгач, «шпорлар» «тўкилиб» кетгани йўқ. Футболда алмаштириб бўлмас ижрочилар бўлмайди. Леви молиявий қийин вазиятда 150 миллион фунт ишлаб олиши ва уни тўғри сарфлаш орқали жамоа ҳужумини эмас, бутун таркибни яхшилаб олиши мумкин. Бу вариант ҳам кучда эканлиги аниқ. Ахир, Кейн 3 йилдан кейин ҳам 100+ миллионга баҳоланади, деб ҳеч ким кафолат бермайди.

Умуман олганда, супер ҳужумчига ачиниш мумкин. Унинг клубда қолиши қанчалар мантиқсиз кўринса, кетиши ҳам шу даражада имконсиз.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!