Ислом Исмоилов: "Ўйин оғир ўтиши олдиндан маълум эди"
Суперлиганинг 11-туридан ўрин олган ОКМК – “Нефтчи” (0:0) учрашувдан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар устози Ислом Исмоилов қатнашди ва саволларга жавоб берди.
- Биринчи навбатда узоқ йўл босиб, қийин об-ҳаво шароитида бизни қўллаб-қувватлаган мухлисарга раҳмат айтаман. Умуман олганда, ўйин оғир ўтиши олдиндан маълум эди. ОКМК жамоаси охирги ўйинларда юқорига қараб ҳаракатланаётганди. Ўйлайманки, учрашувни тўлиқ назорат қила олдик. Имкониятларимиздан фойдаланганимизда ғалаба қозонган бўлардик. Бу – футбол ва бунақа ҳолатлар ҳам бўлиб туради.
- Дастлабки 35-40 дақиқада ОКМК яхши таассурот қолдирди ва “Нефтчи”ни деярли қийин аҳволга солиб қўйганди. Шундан кейин иккинчи бўлимда ўзгаришларни қилдингиз...
- Ўйиндан олдин таҳлил қилганимизда ҳам ОКМК юқори прессинг қилган пайтларда ҳам зоналар очилиб қолаётганди. Улар Жамшид Искандеровга алоҳида персонал ўйинчи бириктиришди. Тўп билан ҳаракат қиладиган футболчимизни қисман ёпа олишди. Лекин иккинчи бўлимда Искандеровни пастроқда очилишини ва у билан ҳаракатланаётган ўйинчи автоматик равишда зонани бўшатади. Шундан фойдаланиш учун ушбу ҳолатга урғу қаратдик.
- Аксарият клубларга барқарорлик етишмаяпти. Аммо “Нефтчи”да таркиб яхши йиғилган ва барқарор ўйнаяпти. Фақат бугунги ўйинда имкониятлардан фойдалана олмади. Сизнингча, бу нима билан боғлиқ?
- Гол етишмаганига нима сабаб? Ура олмадик. Мураббий сифатида мени вазифам жамоани ўша ҳолатга чиқариш. Ҳужумкор ўйнашини таъминлаш ва албатта машғулотларда футболчилар бунинг устида тинимисиз равишда ҳаракат қилишяпти. Имкониятларга келганда барибир қайсидир вазиятлардан фойдалана олмаяпмиз. Бироқ шунга қарамасдан жамоамиз 25 та гол урган ва ҳозирги ҳолатда турнир жадвалида 1-ўриндамиз.
- ФИФА кунларигача бўлган давр мобайнида апрель ойида боксинг дей бўлди. Шу вақт ичида жамоа битта ютқазди ва битта дуранг ўйнади. Сиз бу тиғиз тақвимдан нимани режа қилгандингиз?
- Бу бир томондан ёқимли ой бўлди, десам бўлади. Чунки ўйинлар ораси яқин бўлгани яхши. Мақсадимиз 11 та учрашувда 33 очко олиш эди. Афсуски, битта мағлубиятга учрадик ва битта дуранг бўлди. Аммо, умуман олганда ёмон ҳаракат қилмадик. Деярли март ойини ҳам қўшадиган бўлсак, икки ойда Суперкубок билан жамоа 12 та ўйинда ҳаракат қилди. Бундан 10 тасини ютдик. Ўйлайманки, яхши старт бўлди. Ўтган йилгига солиштирганда ҳам жамоа анча дадил ўйнаяпти. Турнир жадвалидан ҳам кўрса бўладики, “Нефтчи” ўзи учун керакли очколарни жамғара олди.
- Каннаваро бошчилигидаги миллий терма жамоамиз энди жаҳон чемпионати учун асосий тайёргарлигини бошлайди. “Нефтчи”да номзод ўйинчилар кўп. Яна қайси чақирилмаётган ўйинчиларингизни Фабио Каннаварога маслаҳат берган бўлардингиз?
- Мураббий сифатида қайсидир футболчини ажратмайман. Ўзбекистон фуқаросига эга бўлган ҳар бир ўзбек ўйинчисини терма жамоада ўйнашини хоҳлайман. Чунки ҳар биттасини муносиб деб биламан.
- Барибир кимларнидир алоҳида кўрсата оласизми?
- Ҳаммасини чақирсин (кулади).

Фикрлар