Кичик ҳисобда ғалаба қозонган "Пахтакор" пешқадамликни қайтариб олди
Ўзбекистон Суперлигаси 9-туридан ўрин олган "Қизилқум" - "Пахтакор" учрашуви ўз ниҳоясига етди. Тенгма-тенг курашларга бой ўтган ўйин тошкентликларнинг кичик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланди. Ўйин тақдирини ҳал қилган ягона голга 62-дақиқада Драган Черан муаллифлик қилди.
Шу тариқа, ғалабани қўлга киритган "Пахтакор" турнирдаги очколари сонини 22 тага етказиб олган ҳолда жадвалдаги пешқадамликни қайтариб олди. Айни дамда уларнинг ҳисобида битта захира учрашуви ҳам мавжуд. "Қизилқум" эса 10 очко билан 10-ўринни эгаллаб турибди.
Ғалаба билан "шерлар" мухлисларини табриклаб қоламиз!
- 90+5'
Учрашув якунланди! "Пахтакор" пешқадамликка қайтди! Эътиборингиз учун раҳмат!
- 90+4'
Асабийлашиб кетган Бойдуллаев ҳам огоҳлантирилди.
- 90+3'
Вақтни чўзгани учун "Пахтакор" дарвозабони Қувватов огоҳлантирилди.
- 90+1'
Сўнгги дақиқаларда "Қизилқум" шиддатни тобора оширмоқда! Қувватов сейв амалга оширди.
- 90+'
Иккинчи бўлимга 4 дақиқа вақт қўшиб берилди.
- 88'
Жўраев сариқ карточка олди.
- 87'
"Пахтакор"да Дердийок ўрнига Холдорхонов, Эркинов ўрнига Йўлдошев туширилди.
- 84'
Драган Черан сариқ карточка билан огоҳлантирилди.
- 80'
"Пахтакор" вакили Иминов сариқ карточка билан огоҳлантирилди.
- 78'
Жарима майдончаси ичидаги футболчига тўп етказиб берилди, бироқ ижрода камчилик юзага келди... Ҳисоб тенглашиши мумкин эди.
- 75'
Бош билан берилган зарбани Қувватов ушлаб олди!
- 74'
"Қизилқум"нинг ҳужуми яна бир бор бурчак тўпи билан якунланди.
- 72'
"Пахтакор"да Муҳиддинов ўрнига Иминов, Холматов ўрнига Турғунбоев туширилди.
- 71'
"Қизилқум"да Азимов ўрнига Жўраев туширилди.
- 68'
"Қизилқум"дан Тўхтахўжаев огоҳлантирилди.
- 67'
Мустафоев ҳимоячиларни алдади ва зарба берди, бурчак тўпи ишланди.
- 65'
Эркинов майдонда ёрдамга муҳтож. Ўйинда кичик пауза.
- 63'
Нестеров кўп вазиятларда жамоасининг жонига оро кирмоқда.
- 61'
ГОООООООООООООООООЛЛЛ!!! Жуда мураккаб ўйинда ҳисоб очилди. Драган Черан вазиятдан унумли фойдаланди ва дарвозани ишғол қилди.
- 58'
"Қизилқум"нинг сўнгги ҳужумлари анчайин кескин чиқмоқда.
- 56'
Ўйинда устунлик иккала томонда ҳам эмас. Ҳар томонлама тенглик.
- 55'
Қиличевнинг зарбасидан сўнг Қувватов тўпни қойилмақом тарзда қайтарди!
- 52'
"Пахтакор"нинг ҳужумлари сони ҳам ошиб қолди.
- 50'
Дердийокнинг зарбаси дарвозабонга қийинчилик туғдирмади.
- 49'
"Қизилқум"да ўзгариш: Жамшид Ҳасанов ўрнига Беҳруз Саъдуллаев ўйинга қўшилди.
- 48'
Бурчак тўпидан сўнг ҳимоячилар тўпни узоқлаштирди.
- 48'
Ойбек Қиличевнинг зарбаси ҳимоячига тегиб майдонни тарк этди.
- 47'
Бурчак зарбаси позцион ҳужумга уланиб кетди.
- 47'
"Пахтакор" тезкор ҳужум уюштирди, сўнгги зарбага ҳимоячи блок қўйди.
- 46'
Иккинчи бўлим бошланди!
- 45'
Футболчилар майдонга қайтишмоқда. Биз ҳам қайтамиз.
- 45+1'
Биринчи бўлим асабий тарзда якунланди. Танаффус.
- 45+'
Биринчи бўлимга 1 дақиқа қўшиб берилди.
- 44'
"Қизилқум" таймни фаолликлари билан тугатмоқчи.
- 42'
Ухх! "Пахтакор" шундай вазиятни қўлдан чиқарди... Черандан ноаниқ зарба.
- 42'
Мати Вацадзе қўпол ўйнади. Жарима зарбаси.
- 40'
Ўйин темпи у қадар юқори эмас. "Пахтакор" ўз класси эвазига 2-бўлимда ютиб кетмоқчи шекилли.
- 38'
Қувватов тўпни эгаллаб олиб, мезбонларнинг ҳужумига якун ясади.
- 37'
"Қизилқум"нинг ҳужумлари анча жозибали ва ранг-баранг чиқмоқда.
- 36'
"Пахтакор" ўта хотиржам ўйнамоқда. Ўйин унчалик тезкор ҳам эмас.
- 34'
Муҳитдиновнинг узоқ масофадан йўллаган зарбасига аниқлик етишмади.
- 33'
"Пахтакор"да барибир класс юқорилиги биттада сезилади.
- 32'
"Қизилқум" футболчиси "Пахтакор" жарима майдончаси чизиғи устида йиқилиб тушди. Ҳакам жим.
- 31'
"Қизилқум" қанотларда фаол. Иккала қанотлардан ҳужумлар тинмай уюштирилмоқда.
- 29'
Убайдуллаевнинг қанотдан узатган тўпини дарвозабон ушлаб олди.
- 27'
Черан жарима майдончаси ичига тўпни етказиб бера олмади, ҳимоячилар бехато ҳаракат қилишмоқда.
- 25'
Майдонда деярли тенг курашлар кечмоқда. "Қизилқум" ҳам осонликча бўш келадиганга ўхшамайди.
- 23'
"Пахтакор"нинг узоқ вақт уюштирган ҳужуми Чераннинг ноаниқ ҳаракати туфайли тўхтаб қолди.
- 21'
"Қизилқум" рақиб жарима майдончаси атрофида прессинг уюштирмоқда.
- 19'
Чераннинг зарбасига аниқлик етишмади.
- 17'
Секин-аста ўзига ўхшаётган "Қизилқум" бирин-кетин ҳужумар уюштиришни бошлади
- 15'
"Пахтакор" "Қизилқум"ни ўз жарима майдони ичига қамаб қўйди.
- 13'
Устунлик ҳар тарафлама "Пахтакор"да. Ўйин қоидаси навоийликлар томонидан бузилди.
- 11'
Ўйин марказга кўчди.
- 9'
Илк ўн дақиқалик меҳмонларнинг устунлигида ўтди.
- 7'
Холматовнинг боши билан берган зарбасидан сўнг Нестеров тўпни ушлаб олди.
- 5'
Тўп назорати ва прессинг "Пахтакор"да юқори.
- 3'
Ўйин "Пахткор"нинг устунлигида бошланди.
- 1'
Учрашув бошланди!
Фикрлар
Мен ўзи футбол ишқибози эмасман, аммо бир-бир футбол кўраман ва ... доим асабим бузилади.
Аввало, бугун Ўзбекистон жамоаларининг ўйини Европа футбол клубларининг ўйини олдида ҳомиладор хотинлар ўйнайдиган ўйинга ўхшаб қолган. Бугун буни шарҳловчи ҳам айтди, “Ўйинчилар чой ичиииб, тўп келишини кутиб ўтиради”, деди. Ҳеч ким югурмайди, футболимизда умуман тезлик, шиддат йўқ. Агар ўйинчиларимиз Германия ё Голландия чемпионатидаги ихтиёрий ўйинга қўйиб юборилса, 15 дақиқага ҳам бардош беролмай, тили осилиб, майдонда йиқилиб қолса керак.
Энди айтмоқчи бўлган асосий гапим. Авваллари Ўзбекистон жамоалари ё терма жамоаси араб жамоалари ё термалари билан ўйнаганда ва араблар ютаётганида улар йиқилиш санъатидан бизникиларга “Мастер класс” ўтиб, бизникиларни қон қақшатиб кетарди. Буни бугун шарҳловчи ҳам қизиқ қилиб тасвирлади: “Ўйинчилар ётиб олишар, врачлар келиб, уни текшириб, ташҳис қўйишар, кейин улар “Тез ёрдам” машинаси чақиришар, машина ўйинчини тўғри госпиталга олиб кетар эди”, деди. “Ҳозир араб футболида бу нарса йўқ”, деди.
Аммо ана шу ғирромликни, аблаҳликни ўзимизникилар, айниқса, пойтахт жамолари ўйинчилари обдон ўзлаштириб олишди. Ҳакамлар ҳам пойтахтдан ўша ўйинчилар билан битта самолётда учиб келади, шекилли, пойтахтлик футболчилар рақиблари ёнидан ўтиб кетса бўлди, шартта ўзини ташлаб юборади-да. Ҳакам ҳам дарров ўйинни тўхтатиб, оёғи “синиб кетган” ўйинчига ҳамдардлик билдиради. Вилоят ўйинчиси айбдор бўлса, дарров “сариқ”, ҳатто “қизил” китобчасини кўрсатишдан ҳам уялмайди.
Бугун “Пахтакор” ва “Қизилқум” ўйинида ҳам ҳакамнинг аниқ пойтахтликликларга ҳамдардлиги сезилиб турди. Битта гол уриб олгандан сўнг “Пахтакор”чиларга биттадан кўрпача камлик қилди, холос. Айниқса, охирги лавҳани бошқатдан кўрсангиз, жуда кулгули ва шармандали ҳолат бўлди. “Қизилқум” футболчисининг оёғи теккан бўлса, “Пахтакор”чининг икки оёғи орасига теккан бўлиши мумкин, аммо, адашмасам, Исмоилов оёғини ушлаб, шундай вой-войлади-ки, оёғи синиб кетди-ёв, деб ўйлайсиз. Адашмасам, худди шу ўйинчи сал олдинроқ майдонга ётиб олиб, майдонни шунақа муштлади-ки, “Ҳа, бечоранинг бир ери ё синиб кетди ё кирадиган жойига кириб кетди”, деб ўйладим. Қаерда, сал ўтиб, тиржайиб ўйинни давом эттирди. “Бинойидек ўйнаб кетар экансан, нимага бунча дод солиб, майдонни муштладинг?” деб ҳакам “қизил” бериб ташламайдими?
Қайтанга “артистлик” қилган Исмоиловга “Тур, энди, жўра, ўйнайлик”, деган “Қимзилқум” ўйинчисига ҳакам шартта “сариқ” кўрсатиб юборди.
Камига Черан дегани сал қолди 11метрлик жарима бермагани учун ҳакамнинг қулоғининг остига тортворишига!
Ҳакамлар вилоятлар ўйинчиларига жуда сахийлик билан огоҳлантириш беради-ю, пойтахт футболчиларига қолганда нуқул зиқналик қилади. Бир куни шу қилиқлари учун бирор ҳакамни ишқибозлар уриб, пачағини чиқаришса, сира ҳам ажабланмайман.
Айтмоқчи бўлган гапим шуки, футболни эркаклар ўйнайди!
Ўв, футболчилар! Эркак бўлинглар! Эркакка ўхшаб ўйнанглар! Стадион энангнинг уйи эмас, ҳадеб ётиб олаверма!
Ўв, ҳакамлар, ҳадеб “жирт-жирт” эткизиб, ҳуштагингни чалаверма, қўй, эркаккка ўхшаб ўйнашсин! Тепиб, оёғини чўртта синдириб ташласа, тўхтат!
Ўв, ҳакамлар! Вилоят футболчиларига ўгай кўз билан қарайдиган бўлсанг, ўйинни шартта тўхтатиб, пойтахт жамоаси фойдасига бирданига 5-6 та 11 метрлик жарима тўпини қўйиб бер, барибир сенга биров бир нима демайди. Пойтахтликлар битта гол урмагунча ўйинни тўхтатмай, Самарқандда икки соат ўйнатганларингда ҳам биров бир нима демаган эди.
Хуллас, ҳакамлар холис бўлмаса, футболчилар “ҳомиласи”ни уйига ташлаб келиб югурмаса ва тўп тепмаса, Ўзбекистон футболи жаҳонга чиқиши учун бу авлод футболчилари ва бу авлод ҳакамлари тўлиқ дунёдан ўтиб, ўрнига бошқа футболчилар ва бошқа ҳакамлар туғилиши шарт!
Такрор айтаман, футбол мухлиси эмасман ва футболни жуда кам кўраман! Аммо қачон кўрсам, асабим бузилади...
✍️ Каимберди Тўрамуродов