Ким ҳақ, ким ноҳақлигини вақт кўрсатади - Вадим Абрамов танқидлар, Рашидов ва терма жамоанинг эртанги куни борасида мухлисларга мурожаат қилди

Ўзбекистон терма жамоаси БААдаги йиғинда Сурия ва Ироққа қарши ўртоқлик учрашувларида ютқазиб қайтганидан кейин эътирозлар ва танқидларни эшитяпмиз. Ҳозиргача терма жамоамиз ҳақида бошқаларнинг фикрларию, муносабатларини ҳукмингизга ҳавола қилдик.

Мухлислар эса миллий термамиз бош мураббийи Вадим Абрамовнинг ҳам бу борада қандай фикр билдиришига қизиқаётганлари турган гап. Тўғри, мағлубиятга учраган ўйинларимиз ўртоқлик мақомида юз берди. Барибир шундай бўлса ҳам, миллий терма бу халқнинг жамоаси бўлгани учун ҳар доим барчанинг диққат-марказида бўлади. Шунинг учун ҳар қандай баҳсда қайд этиладиган натижа муҳокамаларга сабаб бўлиши аниқ. Буни эса тўғри қабул қилиш даркор.

Вадим Абрамов ҳам вазиятни тўғри маънода тушуниб турибди. Sports.uz мухбири билан суҳбатда Вадим Карленович мағлубиятлардан ранжиган ишқибозларни хотиржамликка чақирди ва бошқаларни қизиқтираётган муҳим масалалар бўйича ўз фикрларини билдирди.

Мураббийнинг БААдаги йиғиндан кўнгли тўлдими?

-  Йиғиндан кўнглимиз умуман тўлгани йўқ. Чунки биз иккала ўйинда ҳам мағлубиятга учрадик. Мағлубиятлардан эса, тўғри хулоса чиқаришимиз керак бўлади. Агар таркибга жалб этилган янги ўйинчилар терма жамоада тез-тез тўп сурса, албатта тажрибалари ошиб бораверади. Фаластинга қарши ўтказилган ўйиндан кейинги вазиятни олиб қарасак, ўша таркибдаги 11 футболчи қолганини кўриш мумкин. Ўртоқлик учрашувларида терма жамоа ўзагини ташкил этадиганларга бироз ҳордиқ чиқариб олиш имконини бериб, асосан янги чақирилганларни майдонга туширдик. Бундай йиғинларнинг афзаллик томонлари ҳам борки, футболчилар ўзлари учун керакли хулосани чиқариб олишади.

абрамов4_3

Легионерлар масаласи бўйича

-  Барча легионерларни иш устида кўриш истаги йўқ эмасди, лекин баъзилари турли сабабларга кўра, йиғинга етиб кела олмадилар. Айримларини ўзимиз безовта қилмадик. Масалан, Шомуродовни олсак, унинг янги клубга ва жойга мослашиб олсин, деган мақсадда бу сафарги йиғинга чақирмадик. “Спартак”даги легионеримизни ҳам жароҳати сабабли таклиф қилмадик. Яхшибоев Эронга қарши ўйинда тўп сурди. Лекин негадир у менда яхши таассурот қолдирмагани боис бу сафар чақириб ўтирмадик. Covid-19 туфайли режалар ҳам батамом ўзгариб кетяпти. Келаси йил баҳорга бориб ҳолат қандай бўлишини олдиндан ҳеч ким айтиб бера олмайди. Баъзилар бундай йиғинлар нима кераги бор, дейишади. Аммо шундай йиғинлар футболчилар учун зарур. Билсангиз керак, ФИФА яқинда қарор чиқарган бўлиб, унда карантин чоралари қатъий бўлган давлатлардаги клублар ўйинчиларни терма жамоа ихтиёрига бермасликлари мумкинлигига ижозат берган. Шунинг учун биз воқеаларнинг ҳар қандай ривожига тайёр турмоғимиз керак. Бу эса, ўз навбатида кутилмаган қийинчиликларни келтириб чиқаради. Мана шунинг учун ҳам йиғинларни ўтказиш чоғида янги футболчиларни чақиришимизга тўғри келяпти.

абрамов_6

Сардор Рашидов қачон чақирилади?

-  Сардор Рашидовни олдин ҳам чақириш ниятида эдик. Бироқ ўшанда у қайси клубда тўп суришини аниқлаб олиши керак эди. Бу сафарги йиғинимизда эса унинг ўрнида бошқа номзодларни синаб кўрдик. Биласиз, у аллақачон терма жамоанинг тажрибали футболчиларидан бирига айланиб улгурган. Унинг учун терма жамоанинг эшиклари доим очиқ эканлигини айтишим керак. Ҳали вақт бор ва Сардор жамоамизга ёрдам бера олади. Март ойидаги муҳим учрашувлар олдидан уни ҳам термага чақирамиз, албатта.

Кейинги режалар қандай?

-  Кейинги режаларга тўхталадиган бўлсам, аввало чемпионатимиз якунланишини кутишимизга тўғри келади. Ўтказилган иккита ўртоқлик ўйини бизнинг заиф нуқталаримизни кўрсатиб берди. Футболчилар биринчи бўлимда тетик кўринишган бўлса, танаффусдан кейин толиқиб қолганликлари шундоқ сезилди. Чунки чемпионат футболчилардан катта куч талаб қилади. Ҳаммада эса чарчоқ тўпланиб қолган. Йигитлар чемпионатдан сўнг яхшилаб ҳордиқ чиқаришсин, февраль ойига бориб навбатдаги йиғинни ташкил этиш ниятидамиз. Ўшанда март ойидаги ўйинларда кимлар майдонга тушишини аниқлаб оламиз.

абрамов2_3

Танқидлар тўғрисида

-  Одамларнинг ўз фикрлари бор. Агар биз ўртоқлик ўйинларини ютганимизда ҳозир улар бутунлай бошқача гапларни айтаётган бўларди. Мағлубиятга учрар экансан, ўз-ўзидан мухлислар сени танқид қилишга тушадилар. Албатта, ишқибозларимизни яхши тушунаман. Улар терма жамоадан кишини қувонтирадиган натижаларни кутишади. Агар муайян вақтда олдимизга ўша учрашувни албатта ютасан, деган вазифа қўйилганида эҳтимол натижалар бошқача бўларди. Лекин ўртоқлик учрашувларида бундай вазифалар қўйилмайди ва бундан фожеа ясаш керак эмас. Ўртоқлик учрашуви ўз номи билан ўртоқлик баҳсидир. Унда ҳар қандай терма жамоа устози ўзи синовдан ўтказишни истайдиган футболчиларни иш устида кўришга ҳаракат қилади. Дарҳақиқат, биз ҳам ўзимиз кўзлаган ўйинчиларни ўша беллашувларда синаб кўрдик. Ўша ўйинлар ТВда намойиш этилмаган экан, айтишим керакки, Сурияга қарши баҳснинг дастлабки 10 дақиқасидан сўнг майдонда бир ўйинчи кам бўлиб қолдик. Ҳакамнинг қарори эътирозли бўлса ҳам у билан баҳслашиш бефойда эди. Ўз ўрнида, биз майдонда 10 киши ўйнаш борасида ҳам ўша четлатиш баҳонасида етарлича тажриба оширдик. Гарчи озчилик бўлиб тўп сурсак-да, бир гол уришга эришдик. Афсуски, кейинчалик қўпол хато эвазига дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордик. Устига-устак сурияликлар иккинчи бўлимда ўйинни чўзишга ҳаракат қилишди. Бу ҳам ўзига яраша тажриба бўлди. Сурия ва унга ўхшаган жамоаларга қарши тўп суриш қандай бўлишини, айниқса, улар ҳисобда олдинда бораётган чоғда ўз танамизда синаб кўрдик. Йигитларнинг рақиблар атайин вақтни чўзишлари борасида ҳам тажрибаси ошди деб ўйлайман. Фурсатдан фойдаланиб, ишқибозларга шуни айтишим керакки, улар хотиржам бўлишсин. Расмий ўйин билан ўртоқлик беллашуви ўртасида жуда катта фарқ бор. Улар сабр қилишсин, ҳаммаси албатта ўз ўрнига тушади. Вақт олий ҳакам дейишади. Фурсати келганда вақт - ким ҳақ, ким ноҳақлигини албатта кўрсатиб беради.

“Бунёдкор”дан чақирилаётган футболчилар хусусида

-  “Бунёдкор”даги баъзи футболчиларни четга сотиш учун у ёқ, бу ёққа олиб юришибди, қабилидаги гаплар ҳам йўқ эмас. Буларнинг бари беҳуда гаплар. Агар шундай бўлганида бутунлай бошқача йўл тутардик. Одамлар ўз хулосаларига таянган ҳолда фикр юритишади. Кимлардир ёш ўйинчиларни гапирар экан, хорижда тўп суриш уларга тажриба мактабини ўташи ҳақида айтишади. Энди эса, биздаги бир қанча футболчилар четда ўйнаб юрган пайтда юқоридаги гапнинг аксини айтадиганлар ҳам орамизда талайгина топилади. Ҳамма ўз қаричи билан ўлчайди. Биз ўзбек футболи манфаати йўлида ишлаяпмиз. Мухлислар хотиржам бўлишаверсин, натижа албатта яхши чиқишига ишонамиз.

абрамов5_1

Дарвозабонлар масаласи асосий муаммоми?

-  Шак-шубҳасиз, Абдувоҳид Неъматов иккинчи ўйинда хатога йўл қўйди. Хато эса ҳар кимда учрайди. Асосийси, Неъматов яхши дарвозабон. Ўйлайманки, яқин вақт ичида у терма жамоада албатта ўзини кўрсатади ва анча хотиржам ҳолда майдонга тушади. Ундаги ҳаяжон ҳам ўша беллашувда Неъматовга панд берди, чоғи. Муҳими, биз унга ишонамиз ва ўзини кўрсатиши учун имкон берамиз. Хатолар эса, яна қайтараман, ҳаммада учрайди. Агар дарвозабон хатога йўл қўяр экан, майдондаги шериклари буни тўғрилашга ҳаракат қилишлари ва рақиб дарвозасига йўл топишлари лозим. Афсуски, Сурия билан беллашувда гол ура олмадик. Ўша баҳсда Неъматов пенальтини бартараф этганини билсангиз керак. У чакки эмас, яхши ўйнаяпти.

Абрамов терма жамоа ўзагини аниқлаштириб олганми?

-  Шак-шубҳасиз бизда терма жамоа ўзаги шаклланиб бўлган. Ёшларни уларнинг вориси сифатида тарбиялашга ҳаракат қиляпмиз. 19 ёшдаги йигитлар ўзларидан анча тажрибали бўлган шериклари билан тўп суриб малакасини оширади. Ўйлайманки, ёшлар яқин йилларда бизнинг келажагимиз бўла оладилар. Уларнинг ҳаммаси яхши хусусиятларга эга бўлган футболчилардир. Шу сабабдан ҳам ўша ижрочиларни мана шундай йиғинларда ва назорат учрашувларида синаб кўряпмиз. Агар бу йигитлар ўз устиларида ишлашда давом этсалар, албатта етук футболчилар даражасига чиқишади. Аммо терма жамоа ўйинини тажрибали футболчиларсиз қуриб бўлмайди. Ўз навбатида, тажрибали ўйинчилар ва ёшлар қоришмаси терма жамоа ўйинларида самарасини бермасдан қолмайди. Фақат ёшлар катталардан ўрнак олсалар бас. Умид қиламанки, ҳаммаси албатта яхши бўлади, - деди Вадим Абрамов.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
20/11/2020 16:00
Jurnalistla seladan iltimos. uzlariz savol berib uzlariz javobini berib quyapsizlarku. savol sahal mantiqli bulsin. masalan. Birinchi uyinga. Qizil oldi ha. lekin. nimaga berdan zamina qilmadi. Azizni nimaga quydiz nimaga asoslanib quydizla. qisqasi savol sahal uylap berizla mazmunli. uyindan kelib chiqib berizla.
&
Rustamov Dilmurod
20/11/2020 14:21
Metallurg darvozabonini nega chaqirmaydi oʻhshash xolat oxiri Baxayir bulsin