Кимдир "Пахтакор"нинг 3 та гол уришини айтса, яна кимдир АГМКнинг ғалабасини мўъжизага қиёсламоқда! Финал олдидан Суперлига мураббийларининг турфа хил фикрлари
20 декабрь куни Намангандаги “Марказий” стадионда Ўзбекистон Кубогининг финал учрашуви бўлиб ўтади. Охирги йўлга яна “Пахтакор” билан АГМК жамоалари соғ-омон етиб келдилар.
Қизиғи, охирги уч йилдан бери финалда фақат иккала клуб баҳслашмоқда. Ёдингиздан чиқмаган бўлса, 2018 йили Фарғонадаги финалда АГМК “Пахтакор”ни мағлуб эта олганди. Ўтган йили эса Арвеладзе жамоаси олмалиқликларни йирик ҳисобда таслим қилган.
Бу жамоаларнинг финалдаги учинчи тўқнашувидан нима кутиш мумкин? АГМКнинг “Пахтакор”ни яна бир бор доғда қолдиришга кучи етармикин? Бу борада Суперлига клубларини бошқараётган бир қатор мутахассислар sports.uz учун ўз фикрларини билдирдилар.
“Ғолиб 90 дақиқа ичида аниқланади”
Андрей Шипилов (“Металлург” клуби бош мураббийи):
- Бугунги кунда “Пахтакор” Кубок финалига чиқди, ўз навбатида АГМК клуби ҳам кетма-кет учинчи йил мусобақа финалида қатнашиш имкониятига эга бўлмоқда. АГМК жуда яхши шаклланган жамоа, чемпионатни ҳам бир текис ниҳоясига етказди. “Пахтакор”га келсак, бу клуб ҳақида ортиқча гапириш шарт эмас. Охирги йилларда “Пахтакор” чемпионат ва Кубокларни қўлга киритиб, ҳақиқий байроқдор жамоа ҳисобланишини исботлаб келмоқда. Финал Наманганда бўлиб ўтади. Майдон ҳам яхши ҳолатда. Насиб қилса, ўша куни стадион мухлислар билан тўлади ва улар икки клуб ўртасидаги чиройли ўйин гувоҳига айланишади, деб умид қиламан. Ким ғолиб чиқади? Бу саволга жавоб бериш амримаҳол. Чунки мен бу клубда ҳам, у клубда ҳам ишлаётганим йўқ. Фақат шуни тахмин қилишим мумкинки, финалда ғолибни аниқлаш учун қўшимча бўлимлар бўлмайди. Ўйлайманки, ғолиб 45 дақиқадан иборат иккита таймда аниқланади. Учрашув қўшимча бўлимлар ва пенальтилар сериясига етиб бормайди. АГМКда ҳам яхши ижрочилар кўп. Бу клуб охирги йилларда яхши шаклланди ва таъбир жоиз бўлса, Кубок жамоасига айланди. Бу клубга ҳам, у клубга ҳам ортиқча баҳо бермоқчи эмасман. Ўйин ғолиби ким бўлишини вақт кўрсатади.
“АГМКнинг финалгача етиб келишини тасодиф деб бўлмайди”
Вадим Абрамов (“Бунёдкор” клуби бош мураббийи):
- Финалга иккита муносиб жамоа чиқди. Ҳар иккиси ҳам соврин учун курашга муносиб эканлигини босиб ўтган йўли орқали исботлаб берди. Албатта, “Пахтакор” жуфтлик фаворитидир. Бироқ ҳаммасини ўйин ҳал қилади ва рақибидан кучлироқ бўлган жамоа ютади. Кубок мусобақасида исталган натижалар қайд этилиши мумкин. Лекин АГМКнинг финалга етиб келишини тасодиф деб бўлмайди. Масалан, ярим финалда кўпчилик “Насаф”нинг ютишини тахмин қилганди. Амалда эса...Финал томошабоп руҳда ўтади, деб умид қиламан. Боз устига ушбу иккала клуб келаси йили ўзбек футболининг шаънини халқаро саҳнада ҳимоя қилади.
“Иккала жамоада ҳам имконият тенг”
Улуғбек Бақоев (“Сўғдиёна” клуби бош мураббийи):
- Ўйин ўз номи билан финал. Унда беллашувга ким яхшироқ тайёргарлик кўрган бўлса, ўша жамоа ютади. Бир ўйинда исталган воқеалар содир бўлиши мумкин. Мен иккала клубнинг ғолиб чиқиш имкониятини 50х50 баҳолайман. Ким кучли эканлигини якшанба куни учрашувни томоша қилиш асносида билиб оламиз. Умуман, охирги уч йил давомида бу икки жамоанинг финалда тўқнаш келиши уларнинг бошқалардан яхшироқ эканлигини гўё тасдиқлагандек бўляпти. Кимда иштиёқ кўпроқ бўлса, ўша жамоа ғалаба қозонади. Менинг фикрим мана шундай. Яна қайтараман: имкониятлар 50х50.
“Пахтакор” ютади, 100 фоиз ишонаман”
Ҳамиджон Актамов (“Қизилқум” клуби бош мураббийи):
- Финалдан ҳеч нима кутмаяпман. Чунки унда “Пахтакор” ютади, бунга 100 фоиз аминман. Шунинг учун финалнинг ҳеч қанақа қизиғи бўлмайди. “Пахтакор” АГМК дарвозасига минимум учта гол уради. Бу учрашувда олмалиқликларда ҳеч қандай имконият йўқ. Тўғриси, улар финалга фақат омад туфайли чиқиб қолишди.
“Пахтакор”га Ўзбекистонда тенг келадиган рақиб йўқ”
Бахтиёр Ашурматов (“Қўқон-1912” клуби бош мураббийи):
- Ўйлайманки, “Пахтакор” ҳозирги пайтда Ўзбекистонда ҳамма жамоалардан кучли. Буни Қўқонда бўлиб ўтган ўйинда ҳам исботини топди. Йигитларимиз ёмон ўйин кўрсатишмади. Бироқ “Пахтакор”да ўйин сифати ва юқори даражадаги футболчилар борлиги сабабли ғалаба қозонишди. Албатта, финалда “Пахтакор” яққол фаворит. Агар фоиз ҳисобида қарайдиган бўлсак, 90 га 10 “пахтакор”чилар фойдасига. Тўғри, бу – футбол. Олдиндан нима бўлишини билиб бўлмайди. Лекин мураббий сифатидаги фикрим шундайки, “Пахтакор”га Ўзбекистонда тенг келадиган рақиб йўқ, буни тан олишимиз керак. Тўғри, АГМК меҳнат қилиб финалга чиқди ва бу таҳсинга сазовор. Аммо “Пахтакор”нинг имконияти бу рақибидан бир неча баробар юқори. Агар олмалиқликлар ушбу учрашувда ғалаба қозонадиган бўлса, буни сенсация ва мўъжизага қиёсласа бўлади. Иккала жамоага ҳам омад тилайман. Лекин “Пахтакор” барибир кучли.
“Финалда жамоалар ўртасида катта тавофут кузатилмайди”
Отабек Ғуломхўжаев (“Андижон” клуби бош мураббийи):
- “Пахтакор” бежизга чемпион жамоа эмас. АГМКда ҳам анча ўзгаришлар бор. Финал барибир финал. Бу жамоаларнинг чемпионатдаги охирги ўйинини кўрдик, қандай ҳисоб қайд этилганини. Лекин Миржалол Қосимов жамоасини финалга яхши тайёрлай олади, деб ўйлайман. Шунга қарамай, барибир “Пахтакор” ижрочилар борасида ҳам кучли. Иккала жамоага ҳам омад тилайман ва кучлиги ғалаба қозонсин. Ўзим ҳам бу ўйинни стадионда кузатишга ҳаракат қиламан. Бу жамоалар финалгача бежизга етиб келишмаган. АГМК ярим финалда “Насаф”га қарши муносиб ўйинни ўтказди. Иккала жамоада ҳам ғалаба учун яхши имконият бор. Бу битта ўйиндан иборатлигини инобатга олсак, бундай пайтда катта тафовут ҳам кузатилмайди. Муҳими, зўр финал бўлади.
Фикрлар