"Кимнидир хафа қилмоқчи эмасман-у, финалга..." ёхуд Ўзбекистон Кубоги ярим финали олдидан

13 ва 14 октябрь кунлари Қарши билан Наманганда катта футбол байрами. Жуфтликлар: “Насаф” – АГМК ҳамда “Навбаҳор” – “Сўғдиёна! Кучли ўйинлар кўрамиз. Финал учун бир қадам қолди. Таниқли мутахассислардан бири Жаъфар Ирисметов иккала жуфтлик бўйича кенг қамровдаги фикрларини билдирдиб ўтди.

“Насаф” - АГМК

- “Насаф”ни ўз уйида ҳамда мухлислари қаршисида ўйнаётгани ҳисобига уларда бироз устунлик бор. Ўзинглар биласизлар, Қаршида мухлислар ўз жамоасини фаол қўллаб-қувватлашади. АГМК ўйинида бироз барқарорлик етишмаяпти. Лекин бу Кубок баҳси ва битта ўйиндан иборат бўлганлиги учун Миржалол ака Қосимов футболчиларни яхши тайёрлай олади. АГМКда Кубок орқали Осиё Чемпионлар лигасига чиқиш вазифаси бор. Чемпионатда эса уларни ишлари унчалик яхши эмас. Шунинг учун битта учрашувга жуда пухта тайёрланади. Чунки жамоалар учун финалга бир қадам қолди. Бу жуфтликда катта ташаббус бўлмайди, аммо “Насаф”нинг имконияти 60х40. Барибир қаршиликлар ўз майдонида ва ўз мухлислари кўз ўнгида ўйнайди. Бироқ АГМК жуда жиддий қаршилик қилади. Бундай баҳсда аслида кимни ғолиб чиқишини билиш қийин. Бу ерда иккита фактор бор. Биринчиси, “Насаф”нинг Қаршида ва мухлисларини қўллаб-қувватлаши остида тўп сурса, иккинчи фактор, АГМК охирги пайтларда барқарор эмас. Омад келмаяптими ёки ўйини пасайганми, буни мураббийлар билади.

насаф5

Айтганимдек, АГМК бор кучини Кубокка ташлайди. Боя таъкидлаганимдек, бу улар учун Чемпионлар лигасига чиқишнинг бирдан-бир йўли. Ҳакамларга келадиган бўлсак, охирги пайтларда бу масалада кўп муаммолар кўтариляпти. Барибир хатолар кузатиляпти. Четдан қараганда, кўп вазиятларда бир томонга бериляпти, бошқа томонга эса йўқ. Шунинг учун баҳсли вазиятлар кўп бўляпти. Менимча, “Насаф” – АГМК учрашувига ҳакамлар таъсир қилмаса керак. Фақат “Насаф” эмас, балки “Пахтакор” иштирокидаги ўйинларда ҳам баҳсли вазиятлар бўляпти. Менимча, “Пахтакор” дарвозасига бир неча бор пенальти белгиланди. Ҳакамларни айбламоқчи эмасман, аммо нимадир бўляпти. Мен улар учун жавоб беролмайман. Лекин Қаршидаги баҳсга ҳакам таъсир қилмаса керак. Жамоаларнинг мотивацияси жуда кучли. “Насаф” Ўзбекистон Кубоги соҳиби сифатида ўйнайди. АГМКга эса Чемпионлар лигасига чиқиш учун ғалаба жуда керак. Шунинг учун жуда яхши ўйин кўрамиз, деб ўйлайман.

Менимча, ўйин пенальтилар сериясигача ҳам бориши мумкин. АГМК яхши ҳимояланишни билади. Очиқ ўйин бўлади, деб ўйламайман. Чунки ўртага финал йўлланмаси қўйилган, жамоалар таваккал қилмайди. Шу боис катта ҳисоб бўлади, деб ўйламайман. 1:0, максимум 2:0 ёки 2:1 бўлиши мумкин. Қўшимча вақтларга чўзилиши ҳам ҳеч гап эмас. Ҳали “Насаф”нинг пешқадамлиги бу уларнинг ҳам 1-ўринни қўлга киритди, дегани эмас. Шу сабабли иккала жамоа ҳам ғалаба учун борини беради.

“Навбаҳор” – “Сўғдиёна”

- АГМКга ўхшаб “Сўғдиёна”нинг Осиё Чемпионлар лигасига имконияти Кубок орқали қолган. “Навбаҳор” ҳам шуни истайди. Менимча, мезбонларнинг имконияти 60х40. Лекин “Сўғдиёна” “Навбаҳор” билан қандай ўйнашни билади. Бу ерда “Насаф” – АГМК каби бир хил даражадаги жуфтлик десак бўлади. Улуғбек Бақоев шогирдлари натижа учун ўйнашни яхши билади. Биласиз, жиззахликларнинг футболи “Атлетико”га ўхшатилади. Наманганда ҳам жуда қийин ўйин бўлади. Фикримча, у ерда ҳам катта ҳисоб бўлмайди. 1:0 бўлар ёки қўшимча вақтларни кўришимиз мумкин. Лекин жуфтликлар бир-бирига мос. Финалга ким чиқади? Уйда ўйнаётгани ҳисобига “Насаф” билан “Навбаҳор”да бироз имконият кўпроқ.

сўғдиён_1

Агар “Сўғдиёна” ютса буни сенсация дея олмайман. Ярим финалда 4 та кучли жамоа бор. Тўғри, “Пахтакор” курашдан чиқиб кетди. Бу жамоа ҳам асосий даъвогарлардан бири эди. Кимнидир хафа қилмоқчи эмасман-у, назаримда финалга “Насаф” билан “Навбаҳор” чиқса керак. Лекин қандайдир сюрпризлар бўлиб қолиши мумкин. 4 та жамоа орасида яққол кучли ёки кучсиз жамоа йўқ. “Насаф”ни кўпроқ фаворит дейиш мумкин. Аммо баъзида қаршиликлар ўйинида ҳам нимадир етишмай қоляпти.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!