Кино оламини ларзага келтирган яккакураш усталари ёхуд миллионлаб болаларнинг кумирига айланган актёрлар

Жаҳон кино оламида жанговар руҳдаги, яккакураш турлари билан йўғрилган фильмлар доимо томошабинлар диққат марказида бўлади. Айниқса, 1970-1990 йилларда ушбу турдаги киноларга эҳтиёж юқори бўлган. Шунинг учун ҳам кино саноатига профессионал спортчиларни жалб қилиш урфга айланади. Улар орасида кейинчалик бу йўналишда шуҳрат қозонган, миллионлаб болаларнинг кумирига айланган қаҳрамонлар пайдо бўлади. Яъни, спортчилик фаолиятидан кўра, актёр сифатида ном қозониб, ўзига хос тарих яратганлар ҳам бор. Улар орасида эса, баъзилари яққол ажралиб туради.

Қуйида, уларнинг энг машҳурлари билан таништирамиз.

Брюс Ли

Бу ҳақида сўз борар экан, биринчи навбатда Ли Сяолунг, яъни Брюс Ли кўз олдимизга келади. Брюс Лининг исмини билмайдиган одам бўлмаса керак. Кинода ҳам, жанг санъатлари дунёсида ҳам афсона. 20-асрнинг энг таниқли шахсларидан бири. Жанг санъати билан шуғулланадиган дунё бўйлаб миллионлаб ўғил болаларнинг кумири. Брюс Ли шунчаки кино актёри эмас, у жанг санъатлари оламидаги ҳақиқий файласуфдир. Aктёрликдан ташқари Брюс Ли ўзининг иштирокидаги филмларнинг продюсери, режиссёри ва ҳатто сценарий муаллифи бўлган.

Шунингдек, у жит-кун-до яккакураш турининг ҳамда норасмий тарзда аралаш жанг санъатларининг ҳам асосчиси сифатида эътироф этилади. Афсуски, у 1973 йил 33 ёшида оламдан ўтди. Унинг ўлими билан боғлиқ жуда кўп тахминлар мавжуд.

ли

Чак Норрис

1980-90 йилларнинг энг кўзга кўринган актёрларидан бири... Чак кино оламидан ташқари спорт дунёсида ҳам катта шуҳрат қозонган. Каратэ ва кикбоксинг бўйича 7 карра жаҳон чемпиони ҳисобланади. Уни дунёнинг турли ҳудудларидан шогирдлари бор. Жумладан, Ўзбекистондан Хўжамқул Хўжақулов ҳам севимли шогирдларидан бири ҳисобланади. Чак Норрис юртдошимизга Никлос, деб ном қўйганлигини ҳам кўпчилик билса керак. У ўз тажрибасидан келиб чиқиб, яккакураш турларининг чун-кук-до турига ҳам асос солган. Ҳар йили бу йўналиш бўйича дунёнинг кўплаб давлатларидан ташриф буюрган спортчилар иштирокида фестиваль бўлиб ўтади.

11а

Стивен Сигал

Ҳақиқий жанг санъати устаси Стивен Сигал ёшлигида каратэ билан шуғулланишни бошлаган, 15 ёшида у айкидони ўрганган ва 17 ёшида Японияга кўчиб ўтган, у ерда шарқона жанг санъатлари фалсафасини тўла ўзлаштиради. Аҳамиятлиси, Стивен Сигал Японияда ўзининг жанг санъати мактабини очишга рухсат олган биринчи ва ягона америкалик бўлди. Aйнан, Японияда Сигалда суратга олиш майдончасида бўлиш насиб этади ва шу тарзда у жанговар фильмларнинг намояндасига айланди.

сигал

Дольф Лундгрен

Ушбу қаҳрамонимиз 14 ёшидан каратэнинг киокушинкай йўналиши билан шуғуллана бошлаган. Кўп ўтмай, у Австралия ва Европа чемпионлигини қўлга киритади. Кейинчалик, бодибилдинг ва кикбоксинг билан ҳам жиддий суръатларда машғулотлар олиб борган. Унинг ушбу спорт турларидаги муваффақиятлари кино оламига етаклайди. Кейинчалик эса унинг бу оламдаги машҳурлик онлари бошланади.

ор

Жеки Чан

Ушбу актёр кўз олдингизга келиши билан беихтиёр юзингизга кулгу югуради. Ҳа, у кино оламида “портлаш” қилган шахслардан биридир. Яъни, ҳазил ва жанговар йўналишни бирлаштирган комедия жанрининг асосчисидир. У кино оламига каскадёр сифатида кириб келади. Ўша буюк Брюс Лининг фильмларида ҳам каскадёрлик қилган. Яна шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, у ўзи иштирок этган кинолардаги мураккаб трюкларнинг барчасини ўзи бажаради. Албатта, бунинг учун юксак даражадаги қобилият бўлиши лозим. Жеки эса бунга қодир. Чунки у кунг-фу ва акробатика бўйича профессионалларнинг профессионалидир!

ч

 

Жан-Клод Ван Дамм

1980 йилларнинг яна бир қаҳрамони Жан-Клод Ван Дамм кинога ўзи билан тенгдош бўлган бошқа барча жанг санъатлари актёрларидан олдинроқ келган. Бельгияда таваллуд топган Ван Дамм 12 ёшидан каратэ билан шуғулланган ва бу борада жиддий ютуқларга эришган. У Европа чемпионлигини ҳам қўлга киритган. Шунингдек, кикбоксинг бўйича ҳам турли натижаларни қўлга киритган.

ван

Марк Дакаскас

Марк яккакурашчилар оиласида таваллуд топган. Унинг биринчи мураббийи отаси ҳисобланади. Марк кунг-фу ва каратэ бўйича жиддий ютуқларга эришади. Жумладан, икки спорт тури бўйича у Европа очиқ чемпионати ғолибига айланган. Унинг нафақат отаси балки онаси ҳам ушбу спорт турларидан бир қатор ютуқларни қўлга киритган. Дакаскас капоэйра, дзюдо каби спорт турларини ҳам жиддий равишда ўзлаштирган. Кейинчалик у кино оламини танлади ва бу йўл унга жуда катта шуҳрат келтирди.  

марк

Албатта, бу борада яна бир қатор юлдузларни ҳам айтиб ўтиш мумкин. Мисол учун, Жет Ли, Боло Янг, Билл Уоллес  қолаверса, янги аср юлдузлари ҳам жуда кўп. Улар ҳақида эса кейинги мақоламизда сўз юритамиз.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)