Клубга янги легионерлар келади, 3 нафар футболчисига етакчилар жиддий қизиқиб қолган ёхуд "Металлург"даги ўзгаришлар ҳақида
Суперлига иштирокчилари айни вақтда таътилда эканини яхши биласиз. Лекин яқин вақтлар ичида клубларимиз мавсумлар оралиғидаги машғулотларга киришишади. Кузатиб бораётган бўлсангиз, Sports.uz сайти орқали жамоаларнинг янги мавсум учун тайёргарлик режалари ҳақида маълумотларни сиз азиз ўқувчилар билан баҳам кўрмоқдамиз. Биз ушбу йўналишимизда давом этамиз ва бу сафар “Металлург” клубининг режалари билан ўртоқлашмоқчимиз.
Бекобод жамоаси “мавсум-2022”ни 32 очко тўплаб 10-ўринда якунлади. “Металлург” чемпионат давомида турли таассурот қолдириб келди. Лекин умумий маънода, бу жамоа ўзидан ёмон хотираларни қолдиргани йўқ. Янги мавсум учун тайёргарлик борасида албатта ўзига яраша режалар бор.
Бизга маълум бўлишича, “Металлург” клуби 25 декабрда тўпланади ва 30 декабргача 5 кун мобайнида шуғулланиши кўзда тутилган. Табиийки, асосий йиғин январь ойидан бошланади. Хабарингиз бор, “Металлург” раҳбарияти 2023 йилда ҳам испаниялик бош мураббий Луисма Эрнандес билан ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олган. Айни пайтда уйда таътилда бўлган мутахассис “Металлург” клубига 4 январда қўшилади. Айнан шу кундан жамоа йиғинни бошлайди. Январь ойининг ўрталаридан машғулотлар Тошкентга кўчирилади. Қишки йиғиннинг учинчи босқичи Туркияда давом эттирилиши белгиланган.
Ҳаммани таркиб масаласи қизиқтиряпти. Айниқса, бекободлик мухлислар учун бу жуда муҳим саналади. Sports.uz журналисти Шуҳратбек Жўраев яна ушбу клуб билан боғлиқ бир қатор маълумотларга эга бўлди. Демак, дастлабки янгилик сифатида шуни айтишимиз мумкинки, иккинчи даврада жамоа сафига қўшилган босния ва герцеговиналик ярим ҳимоячи Керим Палич янги мавсумни яна “Металлург” сафида ўтказадиган бўлди. Футболчи бекободликлар таркибида 12 та учрашувда майдонга тушиб 6 бор сариқ карточкага “сазовор” бўлган. У раҳбарият билан ҳамкорликни давом эттиришга розилик билдирган.
Яна бир муҳим жиҳатни ҳам айтиб ўтмасак бўлмайди. Энди “Металлург” клуби янги мавсум учун легионерлар лимитидан тўлиқ фойдаланмоқчи. Бу масалада раҳбарият ҳам таркибга хорижлик малакали футболчиларнинг олиб келинишга розилик билдирган. Бу борада клубдагилар жамоага янги легионерларни олиб келиш бўйича амалий ишларни бошлаб юборишган ва айни чоғда музокаралар қизғин палласига кирган. Шу боис янги мавсумда “Металлург” таркибида албатта легионерлар кўриниш беради.
Шу билан бирга раҳбарият бошқа клубларда тўп сурган маҳаллий футболчилар билан ҳам келишувга эришиб қўйган. Катта эҳтимол билан шу ой охирига қадар бу хусусида клуб расман маълумот бериши кутилмоқда.
Бундан ташқари, “Металлург”нинг бир қатор футболчиларига Суперлиганинг етакчи жамоалари жиддий тарзда қизиқиб қолишган. Жумладан, Дамир Темиров, Аброр Тошқўзиев ва Иброҳим Ибрагимов етакчи клубларнинг эътиборини ўзига қаратмоқдалар. Учаласи ярим ҳимоячи ва якунига етган мавсумда ўзларидан ажойиб таассурот қолдирдилар. Иброҳимов, 21 ёш, Темиров ва Тошқўзиев эса 24 ёшни қаршилашган. “Металлург” раҳбарияти ҳозирда уларга келиб тушган таклифлар устида ишламоқда. Албатта, юқоридаги ўйинчиларнинг бекободликлар билан шартномалари бор. Агар томонлар келишувга эришишса, “Металлург” ўзи истаган нархга сотиши ҳам мумкин. Мазкур клубдаги воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар