Клублар учун ҳал қилувчи палла бошланмоқда: Иккинчи давранинг илк туриданоқ кутилмаган натижаларни кўрамизми?

“Пахтакор” Осиё Чемпионлар лигасидаги иштироки сабабли Coca-Cola Суперлиганинг иккинчи даврадаги дастлабки учта турини эртароқ ўтказганини яхши биласиз. 10 сентябрдан эса иккинчи давранинг қолган иштирокчилари ўз юришларини бошлашади. Фақат боя айтганимиздек, “Пахтакор”сиз. Улар аллақачон ушбу турда “Навбаҳор” билан ўтказилиши керак бўлган ўйинни ўйнаб бўлишган ва унда 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Лекин сиз билан бизни 14-турнинг қолган учрашувларида ҳам кескин ва қизиқарли қарама-қаршиликлар кутмоқда. 

10 сентябрь (пайшанба)

“Андижон” “Локо”ни охирги бор 10 йил олдин мағлуб этган

“Андижон” – “Локомотив”

Биринчи даврани ғалабасиз якунлаган “Андижон”ни  иккинчи даврада нималар кутяпти? Хабарингиз бор, клубда жиддий ўзгаришлар бўлди, янги раҳбарият иш бошлади. Бахтиёр Ҳамидуллаев эса вақтинча бош мураббий этиб тайинланди. Клубни эса бир-биридан оғир ўйинлар кутяпти. Таркиб эса кучайтирилмади. Мураббийлар ихтиёридаги бор футболчилардан фойдаланишга мажбур. Аммо молиявий томонлама вазият ижобий томонга ўзгарди. Балки шу ҳолат ўйинчиларни руҳлантириши мумкин. Бундан ташқари, Ҳамидуллаев бошчилигидаги “Андижон”нинг қандай ўйин кўрсатиши ҳам жуда қизиқ туюлмоқда. “Локомотив”да ҳам мураббийлар ўзгарганини яхши биласиз. Улар ҳам биринчи даврани муваффақиятсиз ўтказишди. Ҳозирга қадар ушбу клублар 23 бор тўқнаш келишган. Катта устунлик эса табиийки, “Локо” томонида. Чунки қарама-қаршиликларнинг 16 тасини ўз фойдасига ҳал қилишди. Бу борада эса андижонликлар фақат 4 маротаба ғолиб чиқишганини айтиш мумкин холос. Яна 3 та ўйин дуранг билан тугаган. Эътиборлиси, “Андижон” охирги марта “Локомотив”ни 10 йил олдин мағлубиятга учратган. 2010 йилги мавсумда андижонликлар ўз уйида рақибини 2:0 ҳисобида мағлуб этганди. Ўтган йили эса Андижонда ҳам, Тошкентда ҳам “Локомотив” 4:0 ҳисобларида рақибини доғда қолдирган.

Қаршидаги ўйин ҳам қизиқарли ўтишига шубҳа қилмасак бўлади

“Насаф” – “Қизилқум”

Қаршида ҳам қизиқарли ўйин бўлишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Негаки, ҳар доим “Насаф” иштирокидаги ўйинлар қизиқарли кечади. Уларнинг бу сафарги рақиби – “Қизилқум” эса таркибини анча-мунча кучайтириб олгач, ўйин сифатида ҳам яхшиланди ва ижобий натижалар кўрсата бошлади. Муҳими, мағлубиятли серияларга барҳам бера олди. Шундай экан, “Насаф” майдонида кечадиган учрашувга ҳам эътибор катта. Ўйинлар статистикаси шуни кўрсатмоқдаки, мазкур баҳс ўзаро учрашувларнинг 43-сига айланади. Бунгача эса “Насаф” 25 та ўйинда ғалаба қозонган. “Қизилқум” бўлса, 7 марта устун келган ва яна 11 та беллашувда ғолиб номи аниқланмай қолган. Ўзаро учрашувлар тарихидаги энг йирик ҳисоб 2013 йилда кузатилган. Ўшанда “Насаф” ўз уйида “Қизилқум”ни 7:1 ҳисобида тор-мор келтирган. Шундан бери бу жамоалар ўртасидаги ўйинларда йирик ҳисоблар кузатилмаяпти.

11 сентябрь (жума)

“Сўғдиёна” биринчи даврадаги мағлубият учун реванш оладими?

“Сўғдиёна” – “Машъал”

Биринчи даврада Муборакда “Машъал” томонидан “Сўғдиёна”га ўзига яраша мастер-класс ўтказилган бўлиб, унда мезбонлар 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Хўш, жиззахликлар биринчи даврадаги мағлубият учун реванш оладими? Кўриниб турибдики, “Машъал” ҳам қайсар рақиб. “Сўғдиёна”га ҳам осон бўлмайди. Агар статистикага қарасак, шу пайтгача 28 та бўлиб ўтган учрашувнинг 8 тасида “Сўғдиёна”, 12 тасида эса “Машъал”нинг қўли баланд келган. 8 та баҳсда дуранг кузатилган.

Иккала жамоани осон бўлмаган ўйин кутмоқда

“Бухоро” -  “Қўқон-1912”

“Бухоро”даги вазият ҳам барчага яхши маълум. Суперлигада қолиш учун жиддий курашаётгани боис уларга ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Аммо мураббийлар ўзгаргач, жамоа ўйинида жонланиш сезиляпти. “Қўқон-1912” билан кечадиган учрашув эса бухороликлар учун ўта муҳим. Устига-устак қўқонликлар рақибидан фарқли ўлароқ, мавсумни барқарор ўтказишга ҳаракат қилмоқда ва турнир жадвалида 3-ўринда бораётгани ҳам бежиз эмас. Аниғи шуки, иккала жамоани ҳам осон бўлмаган учрашув кутяпти. Лекин ўзаро ўйинлардаги устунлик “Бухоро” томонида. Чунки 29 та баҳснинг 15 тасида мезбонлар ғолиб чиқишган. Қўқонликлар ҳисобида эса 11 та ғалаба бор. Яна 3 та баҳс дуранг билан тугаган.

12 сентябрь (шанба)

Ўзаро тўртинчи тўқнашув

“Бунёдкор” – “Сурхон”

“Сурхон” клубидаги вазият ҳам жиддий тус олмоқда. Яъни, термизликлар охирги пайтларда мағлубиятларга учраб, мухлисларини ранжитиб қўяётганди. Иккинчи даврани эса Равшан Ҳайдаров жамоаси учун ғалаба билан бошлаш жуда муҳим. Бироқ рақиб “Бунёдкор” эканини ҳисобга олсак, уларни олдинда мураккаб ўйин кутмоқда. Қизиғи, ушбу тўқнашув жамоаларнинг ўзаро тўртинчи ўйинига айланади. Ўтган йили Термизда мезбонлар 2:0 ҳисобида зафар қучган, бир ойдан кейин Тошкентдаги ўйинда “Бунёдкор” жавобсиз учта гол билан ғалаба қозонган. Ушбу мавсумдаги биринчи даврада ўтказилган беллашувда эса “Сурхон” ўз уйида 1:3 ҳисобида ютқазиб қўйган.

“Металлург” АГМКнинг мағлубиятсиз сериясига чек қўйишга қодирми?

“Металлург” –АГМК

Биринчи даврада Олмалиқ майдонида ўтган беллашувда 1:1 ҳисоби қайд этилган. Биласиз, АГМК чемпионатимизда ҳали умуман мағлуб бўлмаган ягона жамоа бўлиб турибди. Миржалол Қосимов жамоаси биринчи даврани ютқазмаган ҳолда “Пахтакор”дан кейин 2-ўринда якунлади. Энди эса уларни иккинчи даврада нималар кутмоқда? Мағлубиятсиз сериясини давом эттириш учун аввало Бекободда “Металлург” билан баҳсда ҳам муносиб қаршилик кўрсатиши лозим бўлади. Иккала клубнинг ҳам олдига қўйган мақсади бор ва улар шунга қараб ҳаракат қилишяпти. Ҳозиргача бу жамоалар 25 маротаба майдонга тушишди. Имкониятлар эса мутлақ тенг: 11 тадан ғалаба ва 3 та дуранг. Кўрамиз, навбатдаги беллашувда натижа қандай кўриниш оларкин?

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!