КОНКАКАФ қитъасининг машҳур жамоаси — Мексика. Жаҳон чемпионатигача босиб ўтган йўли, таркиб ва юлдуз футболчилари ҳақида

ЖЧ-2022 стартига тобора оз вақт қолмоқда. Мухлис ва мутахассисларни интизорлик билан куттираётган турнир тез орада бошланади.

Қайси терма жамоалар "ЖЧ-2022"да иштирок этишини яхши биласиз. Агар ҳамон бундан хабардор бўлмасангиз яна бир  бор эслатиб ўтиб кетамиз.

Мундиаль стартига 23 кун қолган ва биз кетма-кетликда термалар билан сизни таништириб ўтамиз. Демак, "С" гуруҳининг навбатдаги вакили Мексика орқали ўзига хос "челленж"имизни давом эттирамиз.

Жамоа ҳақида

Мексика футбол федерацияси (FMF). Лақаби – “яшиллар”.

Ташкил топган йил: 1927 йил (ФИФАга 1929 йил аъзо бўлган)
Жамоа бош мураббийи: Херардо Мартино
Жамоа сардори: Андрес Гуардадо

Илк расмий учрашуви: Гватемала – Мексика 2:3 (1923)
Энг йирик ғалаба: Мексика – Багама 14:0 (1987)
Энг йирик мағлубият: Англия – Мексика 8:0 (1961)

Мексика терма жамоаси айни пайт ФИФА рейтингида 13-ўринни эгаллаб турибди. Энг яхши натижаси эса  4-поғона бўлиб, 1998 ва 2006 йилларда ушбу натижага эришган. 2015 йилнинг июль ойида эса энг ёмон кўрсаткични қайд этган. Ўшанда улар 40-ўринга тушиб кетишган.

Мексика 1930 йилдаги биринчи жаҳон чемпионатидан кейин ушбу турнирда мунтазам тарзда иштирок этиб келади ва шундан бери жами 16 та мусобақада қатнашган. Бу вақт давомида улар 3 марта турнир йўлланмани қўлга кирита олмади: 1934 (Италия), 1974 (Ғарбий Германия) ва 1982 (Испания). Бундан ташқари, Мексика 1938 йилдаги (Франция) мундиалга бормаган. Шунингдек, ФИФА 1988 йилги Олимпия саралаш турнирида ёши каттароқ футболчилар билан ўйнагани сабабли “яшиллар”ни 1990 йилги жаҳон чемпионатидан четлатган.

Турниргача босиб ўтган йўли

Мексика терма жамоаси Шимолий ва Марказий Америка ҳамда Кариб ҳавзаси мамлакатларини ўз ичига олган КОНКАКАФ конфедерацияси орқали Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Бу қитъада сайёрамизнинг асосий турнирига саралаш икки даврали ўйин тизимига эга саккиз жамоадан иборат битта гуруҳдан иборат. Мундиал учун саралашда “яшиллар”дан ташқари Канада, АҚШ, Коста-Рика, Панама, Ямайка, Сальвадор ва Гондурас терма жамоалари иштирок этди.

КОНКАКАФнинг Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига квотаси учта йўлланмани ўз ичига олган ва яна бир ўрин қитъалараро плей-оффда иштирок этиш учун мўлжалланган. Дастлабки олти учрашувда мексикаликлар мағлуб бўлишмади — тўрт ғалаба ва икки дуранг. Мексика саралаш пешқадамга айланиб олди, аммо кейин жамоа ўйинида бироз пасайиш кузатилди. Мексика АҚШ (0:2) ва Канада (1:2) каби асосий рақибларига мағлуб бўлиб, гуруҳда учинчи поғонага тушиб кетди.

Шунга қарамай, “яшиллар” жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлдан бой беришмади. Қолган олти ўйинда Мексика 14 очко жамғариб, Канада терма жамоасини ортда қолдирган ҳолда гуруҳида иккинчи ўринни эгаллади. Саралаш натижаларига кўра, ҳар икки жамоада ҳам очколар сони тенг (20) бўлган бўлса-да, канадаликлар қўшимча кўрсаткичлар бўйича мексикаликлардан ортда қолди.

Таркиб

Олдинлари Мексика терма жамоаси маҳаллий чемпионат футболчиларидан иборат эди. Ўтган йиллар давомида терма жамоанинг асосини “Америка” “Монтеррея”, “Крус Асуль”, “Тигрес”, “Депортиво Гвадалахара”, “Хуарес”, “Тихуана” каби клублар футболчиларидан ташкил топган. “яшиллар” сафида Европа чемпионатларида ҳаракат қиладиган футболчилари ҳам етарлича топилади. Жаҳон чемпионатига саралаш доирасида “Бетис”, “Севилья”, “Вулверхэмптон”, “Наполи”, “Аякс”, АEК, ПСВ, “Брага” ва “Генк” каби клублар футболчилари Мексика терма жамоаси сафида ҳаракат қилишди.

Терма жамоа либосида энг кўп ўйин ўтказиш бўйича рекорд Клаудио Суаресга тегишли. Мексикалик ҳимоячи 1992 йилдан 2006 йилгача миллий терма жамоада ўйнаган ва 177 та ўйинда майдонга тушган. Қатардаги жаҳон чемпионатида "Бетис" футболчиси Андрес Гвардадо Суареснинг натижасини ортда қолдира олиши мумкин. Айни дамда Гвардадода “яшиллар” либосда 174 та ўйинда майдонга тушган.

Айни дамда Мексиканинг энг яхши тўпурари "Лос-Анжелес Гэлакси"да тўп тепаётган Хавьер Эрнандес (109 ўйинда 52 гол). Чичарито терма жамоадаги фаолиятини якунлаганини расман эълон қилмаган ва Қатардаги мундиалга бориш ниятида. Хавьер Мексика термасидаги сўнгги ўйинини 2019 йилнинг сентябрь ойида АҚШ термасига қарши ўтказган (3:0).

“Transfermarkt” маълумотларига кўра, Мексика терма жамоаси 219,30 миллион еврога баҳоланган. Жамоанинг энг қиммат футболчилари Эдсон Альварес ва Ирвинг Лозано ҳисобланади. Уларнинг нархи 30 миллион еврога баҳоланган.

"ЖЧ-2022"даги тақвими

22 ноябрь. Мексика — Польша
26 ноябрь. Мексика — Аргентина
30 ноябрь. Мексика — Саудия Арабистони

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!