"Кўп вақтимни захирада ўтказишни истамайман!" - Элдор Шомуродов "Рома"дан кетмоқчилиги ҳақидаги саволга жавоб берди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентда "Navruz Cup" халқаро турнири учун тайёргарлик кўрмоқда. Бугун Сречко Катанец бошчилигидаги "оқ бўрилар" навбатдаги машғулотни ўтказди. Жамоамизнинг "Рома"даги легионери Элдор Шомуродов журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб бериб ўтди:
"Миллий терма жамоа таркибига келганимда кайфиятим фақат аъло бўлган. Доим кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишни истаганман. Балки машғулотларда ўзимни етарлича кўрсата олмаётгандирман. Барчасини вақт кўрсатади.
"Рома" билан шартномам бор. Агар менга имкон беришса, қолиш ниятим йўқ эмас. Лекин ҳозиргидек кўп вақтимни захирада ўтказишни истамайман. Ҳужумчи биринчи навбатда гол урса, ўзига бўлган ишончи ортади. Шунинг учун МТЖ сафида рақиб дарвозасини ишғол этишга ҳаракат қиламан.
Халқаро турнирнинг Водийда ўтиши маҳаллий ишқибозлар учун ҳақиқий байрам бўлади. Албатта, бизнинг мақсадимиз уларни хурсанд қилиш. Барча мухлисларни Намангандаги стадионга чорлаб қоламиз! Чиройли ўйин кўрсатиш орқали уларни мамнун қилишга ҳаракат қиламиз".
Фикрлар