"Кўплаб ўзбек футболчиларини кузатиб бордик". Анталияда Россия терма жамоасининг собиқ футболчиси SPORTS.UZ учун интервью берди
Россия терма жамоасини собиқ футболчиси Александр Самедовни яхши билсангиз керак-а? “Спартак”, “Локомотив”, “Динамо”, “Крилья Советов” сингари клубларда тўп сурган ва қатор ютуқларни қўлга киритган. 2011-2018 йиллар мобайнида Россия терма жамоасида ўйнаган.
Анталиядаги сафаримиз чоғида Самедовни учратиб қолдик. Аниқроғи, “Андижон”нинг “Факел”га қарши ўртоқлик учрашувида Александр Сергеевич билан кўришдик ва ўйиндан сўнг суҳбатлашишга келишиб олдик. Бунда “Факел” матбуот хизмати бу борада бизга ёрдам кўрсатгани учун миннатдорчилик билдирамиз.
- Александр Сергеевич, сизни яхши биламиз, футболчилик пайтингиз ҳамон ёдимизда. Сизни “Факел” клубида учратиб қолганимиздан хурсандмиз. Жамоада қандай лавозимда ишлаяпсиз?
- Мен “Факел” жамоасида селекция ишлари билан шуғулланяпман.
- Сизни мураббийлардан бири бўлса керак, деб ўйлагандим...
- Йўқ. Мураббийлик ҳақида ўйлаганим ҳам йўқ.
- “Андижон”га қарши ўйин сизга ёқдими?
- Яхши ўйин бўлди ва яхши машғулот. Иккала жамоа учун футболчиларнинг тайёргарликларини кўзган кечирдик. Кўплаб вазиятларда хатолар бўлди. Асосийси, ақлли футбол кўрсатишди.
- Рақиб қандай таассурот қолдирди?
- Яхши жамоа экан. Техник томонлама ва айниқса тўп билан жуда яхши ҳаракат қилишди. Бир сўз билан айтганда, яхши таассурот қолдирди.
- Россия чемпионатида қатор легионерларимиз тўп суришган ва ҳозир ҳам улардан айримлари фаолият олиб бормоқдалар. Сиз кўпроқ қайси футболчиларимизни алоҳида айтган бўлардингиз?
- Мен Виталий Денисов билан “Локомотив”да бирга ўйнаганман. Ўзбек футболида афсона футболчиларидан бири. Яхши химоячи. Элдор Шомуродов ўз ўйинлари билан Европани лол қолдиришга ҳаракат қилмоқда. Юқори классдаги футболчилар ҳисобланади.
- Биласизми, Денисов ҳозир Ўзбекистон чемпионатда ўйнаяпти.
- Ҳа, жуда яхши алоқамиз бор. Билганим шуки, у ҳозир жамоасини ўзгартирган. Ўзбек футболининг энг яхши ўйинчиларидан бири саналади.
- Шомуродов ҳақида фикрингиз қизиқ. У “Ростов”дан “Женоа”га ва у ердан “Рома”га ўтди. Фаолиятида босқичма-босқич қадам ташлаётганди. Шомуродовнинг “Специя”га кетгани орқага ташланган қадам эмасми?
- Шомуродов ҳозир Европада ўзини кўрсатмоқда. Машҳур “Рома” жамоасида тажрибасини орттирди. Майдонга туширган ўйинларида ўзини кўрсатишга ва голлар уришга ҳаракат қилиб, бу орқали Жозе Моуриньонинг ишончини қозонди. Ўзбекистонда шундай яхши ўйинчилар бор, албатта. Ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг Европада эканлиги олдинга ташланган қадам.
- Юқорида селекция ишлари билан шуғулланаётганингизни айтиб ўтдингиз. Ўзбек футболчилари орасида кўз остингизга олиб қўйганларингиз ҳам борми?
- (Кулади) Нима учун йўқ?
- Сир бўлмаса кимлар?
- Фамилия бўйича ҳеч кимни айта олмайман. Лекин албатта яхши ўйинчилар бор. Кўплаб ўзбек футболчиларини кузатиб бордик. Балки келажакда кимнидир чақирармиз.
- Ўзбек футболи ҳақида яна нималарни биласиз? Дўстларингиз ҳам бор-а?
- Андрей Витальевич Фёдоров ва Виталий Денисов билан алоқамизни айтиб ўтдим. Доим гаплашиб турамиз. Эслаганим ҳозирча шулар.
- Терма жамоамизни ҳам кузатиб турасизми?
- Ҳа Росиия билан ўйинни томоша қилдим. Яхши жанговор ва дурангбоп ўйин бўлди.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар