Коростиченко "Олимпик"нинг келажаги, Кападзенинг кетиши, ёзги селекция ва Кубок финали хусусида нималарни айтди?
Айни пайтда турнир жадвалида 8-ўринда бораётган Тошкентнинг “Олимпик” клубида иккинчи давра арафасида бироз ўзгаришлар рўй берди. Бош мураббий Тимур Кападзе Олимпиададан кейин “Олимпик” клубидаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди.
Шундан кейин бош мураббий лавозимига Денис Коростиченко тайинланди. “Олимпик” унинг бошчилигида ҳам ёмон кўринмаяпти. Чемпионатда юзага келган қисқа танаффус чоғида мураббий жамоаси билан тайёргарликни қизғин олиб бормоқда.
Фурсатдан фойдаланган ҳолда Sports.uz мухбири Коростиченко билан суҳбатлашди.
- Денис Владимирович, иккинчи даврадан "Олимпик" клубига бош мураббий этиб тайинландингиз. Тимур Кападзе бу клубдаги миссиясини бажарди. Энди олдингизга қандай вазифа қўйилган?
- Тимур ака кўп иш қилди. Ҳозирда дам олди ва барибир бизга ёрдам бериб турибди. Олдимиздаги вазифа шундайки, ҳали олдинда ўйинлар кўп ва ўйинчиларимизда эса ўйин амалиёти камроқ. Шу боис уларни кўпроқ ўйнатиш ва иқтидорли ёшларни етиштириб чиқариш. Шу билан бирга Суперлигадан чиқиб кетмаслик.
- Иккинчи даврада таркибга ёши катта футболчи Суннат Абдуллажонов таклиф қилинди. Бунгача “Олимпик”да асосан ёшлар тўп суришган. Бундан чиқди, клубнинг ёшлар билан ишлаш сиёсати бироз ўзгаряптими?
- Мақсад қўйилганди ва бу бажарилди. Олимпиадага чиқдик. Энди бошқа мақсад йўқ. Бу ёғига ёшлар ўйнаши керак. Албатта, ёши катта ўйинчилар у қадар керак эмас. Лекин биз жамоамизга ким ёрдам бериши мумкин бўлса, ўшаларни олдик. Худо хоҳласа, улар албатта бизга ёрдам беради. Бундан бошқа нарсалар ўзгармаяпти. Мақсадимиз барибир ёшларни ўйнатиш. Шунчаки, сафимиздан бир қанча футболчилар кетишган. Тезда уларнинг ўрнига янги ёшларни топиш қийин, боз устига кучли иқтидорларни. Иккита футболчи ижарага олиш мумкин, битта клубга. Шу боис бир-иккита бироз каттароқ бўлган тажрибали ўйинчилар ҳам керак.
- Суперлигада бироз пауза бўляпти. Бу вақт давомида жамоани режаси қандай?
- Биз тайёргарлигимизни давом эттиряпмиз. Чемпионатгача иккита ўйинимиз бор. Эртага ОКМК билан, 6 сентябрда “Сўғдиёна”га қарши майдонга тушамиз. “Металлург” билан учрашувга шу тарзда тайёрланяпмиз.
- Ўзбекистон Кубоги финалига “Навбаҳор” ва “Андижон” клублари чиқишди. Сиз кутганмидингиз? Умуман, бўлажак финал ҳақида ва имкониятлар тўғрисида фикрингиз қандай?
- Ўзбекистон Кубоги финалига ушбу клублар етиб келишини кутмагандим. Лекин тан олиш керакки, “Навбаҳор” ҳам, “Андижон” ҳам охиригача мақсадига эришиш учун ҳаракат қилишди. Фикримча, бу финал жуда қизиқарли бўлади. Асосийси, майдон яхши бўлсин. Бу жуфтликда “Навбаҳор” бироз фаворит бўлиши мумкин. Лекин “Андижон” ҳам қараб турмайди. Финалда илк бор ўйнаяпти. Ўйлашимча, зўр ўйин бўлади.
- Бу "Олимпик" клубини охирги мавсуми бўладими? Клубни келажаги қандай?
- Рости, билмайман. Агар “Олимпик” Суперлигада қолса, кейинги йили жамоа яна фаолиятини давом эттириши мумкин. Кейинги мақсад 2005 ва 2006 йилларда туғилган ёшларни ўйнатиш бўлади.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар