Ковалёв Бектемирни синдирмоқчи. Ўзбек нокаутчиси унга босиқлик билан “даҳшат” жавоб қайтарди!

  • 17 февраль, 2021, 08:15
  • 2
  • Бокс

Бектемир Мелиқўзиев аслида янги йилни супер учрашуви билан бошлаши керак эди. Собиқ жаҳон чемпиони Сергей Ковалёвга қарши ўтказилиши режалаштирилган ушбу жанг даставвал, 30 январга белгиланганди.

Сергей Ковалёвнинг навбатдаги жангини ташкил этишга масъул бўлган Golden Boy промоутерлик компанияси унга қарши ўз боксчиси – Бектемир Мелиқўзиевни қўйишга қарор қилганди.

20201218_072312

Бу бежиз эмас, албатта. Мутахассисларнинг таъкидлашича, DAZN ва Golden Boy бундан буён ўзбекистонлик панчер Бектемир Мелиқўзиевнинг профессионал бокс оламида янги юлдузга айланишини билиб, унинг жангларига алоҳида урғу қаратишга қарор қилган. Бек бугунги куннинг етакчиларидан фарқли ўлароқ, анча ёш, ёрқин ва томошабоп жанг қилади, ўта кучли зарба эвазига нокаут билан ғалаба қозонадиган боксчи. Бунақалар ҳар қандай мухлисни трансляцияларга михлаб қўяди.

Бу хусусият DAZN ва Golden Boy компанияларига айна муддао. Шу боис, ўз даврида суперчемпион бўлган Сергей Ковалёвга қарши профбоксга яқинда қадам қўйган, лекин юқори салоҳиятга эга Бекни рўбарў қилаётган эди.

Бироқ, ўз вақтида супер ўрта вазннинг WBO, WBA (Super), IBF ва IBA йўналишларида жаҳон чемпионлиги, WBC бриллиант камарини қўлга киритган 37 ёшли Сергей Ковалёв жанггача икки марта допинг текширувидан ўта олмади. Натижада Бектемирга қарши баҳс қолдирилди.

Ўзбек боксчиси бир неча кун аввал, Калифорнияда америкалик Морган Фитч билан жанг қилиб, рақибини муддатидан олдин мағлуб этди. Бектемир кетма-кет еттинчи ғалабасини нишонлади.

buly

Тўғриси, Ковалёвга Бекнинг ғалабаси ёқмади. Жангдан сўнг, у ўз муносабатини билдириш чоғида, ўзбек боксчининг промоутерларидан Андрей Рябинскийнинг “Мелиқўзиев Ковалёвни енгиши мумкин”, деган гапига жавоб ҳам қайтарди.

- Ўзбекистонлик “Буқа”га бунақа жанг ташкил қилиб беришганидан ҳаммаси аён бўлди. Бир нарса аниқки, бу болакай ҳали стол тагида яёв юрибди.  Рингдаги биринчи учрашувдаёқ уни парчалаб ташлайман. Ҳурматли Андрей Рябинскийдан эса, шошилинч хулоса қилмасликни сўрайман, - деди Андрей Ковалёв.

Мелиқўзиев эса, россиялик машҳур боксчининг гапларига вазминлик билан муносиб жавоб қайтарди.

- Мен Ковалёвнинг допинг истеъмол қилмаганлиги ҳақидаги гапларига ишонаман. Ҳар нима бўлиши мумкин. Бўлар иш бўлди. Мен уни оқлашларига ва кейинги жангимни Сергейга қарши ўтказишга умид қиламан. Агар Ковалёв ҳақиқатан “тоза” боксчи бўлса, ҳамма муаммо бартараф этилади ва ўзаро жангимиз бўлади.

Лекин, агар боксчи тақиқланган моддалар истеъмол қилган бўлса, бу анча хавфли иш. Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Бу хато бўлиши мумкин, авваллари ҳам шунга ўхшаш ҳолатларни кўрганмиз. Мен ҳеч кимни айбламоқчи эмасман. Расмий маълумот йўқлиги учун бирон нима дея олмайман. Бироқ, кимдир допинг ишлатса, бу даҳшат, - деди Бектемир Мелиқўзиев.

0jb7OB-scwUTxH3eiT1TNAzoKK7TbsDi

Шунингдек, ҳамюртимиз Ковалёвга қарши жанг бўлганида унда қандай натижа қайд этилиши ҳақидаги саволга ҳам ўзига хос жавоб берди.

- Мен Ковалёв жанг қилганида ҳам натижа Фитчники билан бир хил бўларди, деб ўйлайман. Балки бунинг учун кўпроқ вақт кетиши мумкин эди. Уларнинг услуби ўхшаш. Албатта, Сергейнинг даражаси юқорироқ, у кучли рақиблар билан тўқнашган, уч карра жаҳон чемпиони бўлган. Шунга қарамай, жанг натижаси бир хил кўринишда бўларди, - деди Бектемир Мелиқўзиев ўзига ишонган ҳолда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Davron Parpiyev
17/02/2021 13:37
Yoripti Bektemir gapni!
Baxil Alihuja
17/02/2021 16:43
Ковалев куркканидан допингга утирган!