Крикет эндиликда ногиронлар ўртасида ҳам ривожланади
Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни, шу жумладан крикет спорт турини кенг аҳоли қатлами, хусусан, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган инсонлар орасида ҳам оммавийлигини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 19 октябрь куни пойтахтимизда жойлашган Ўзбекистон крикет федерациясида Ўзбекистон Ногиронлар жамияти марказий бошқаруви билан ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида меморандум имзоланди. Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.
Ушбу меморандум Ўзбекистон Ногиронлар жамияти бошқарув раиси Комил Абдуллаев ҳамда Ўзбекистон крикет федерацияси бош котиби Жаҳонгир Муродов ўртасида имзоланди.
Келишувга мувофиқ, энди ҳар иккала томон биргаликда имконияти чекланган ёш авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ҳамда ролини кучайтириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, соҳага оид қонун ҳужжатларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда ҳамда жамиятда ижтимоийлашуви жараёнини кучайтиришда уларнинг иштирокини кенгайтириш соҳаларида яқиндан ҳамкорлик қилади.
Бунда томонлар қуйидаги келтирилган йўналишдаги вазифаларни амалга оширадилар:
– Ўзбекистон Ногиронлар жамиятининг “Биз аҳил жамоамиз”, “Пара крикетчи ногиронлиги бўлган спортчилар заҳираси бизнинг орамизда” шиорлари ҳамда ташаббусини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш;
– имконияти чекланган ёш авлодни спорт билан шуғуллантириш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, маънавий ва жисмоний комилликка интилиш зарурлигини тушунтиришни шакллантириш, жисмоний тарбия ва крикет ўйини билан шуғулланишни ўқувчи ёшларнинг кундалик турмуш тарзига сингдириш;
– ногиронларни, айниқса, қизларни жисмонан бақувват, баркамол ва соғлом бўлишига, чиниқишига, умумий иш фаолиятининг ўсишига ёрдам бериш;
– жисмоний тарбия ва крикет ўйинларига жалб қилиш орқали ногиронларни турли спорт ўйинлари ва жисмоний соғломлаштириш машқларига қизиқтириш;
– крикет ўйини билан мунтазам шуғулланаётган ногирон ёшларни аниқлаб, улар ўртасида мусобақалар ўтказиш ҳамда фаол иштирокига эришиш;
– крикет ўйини бўйича мусобақаларнинг тизимли ўтказилишини йўлга қўйиш, имконияти чекланган ёшлар орасида иқтидорли крикетчиларни танлаб олиш (селекция)нинг самарали ва шаффоф тизимини яратиш, терма жамоалар таркибини сифатли шакллантириш учун юқори малакали крикетчилар заҳирасининг тайёрланишини такомиллаштириш;
– ногиронлар орасида республика биринчиликлари, чемпионатлари ва кубок мусобақалари ўтказиш ҳамда бошқа оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот этиш ва барча ногиронларни фаол иштирокига эришиш ҳамда халқаро майдондаги ўрнини қарор топтириш ҳамда крикет спорт турини ривожлантиришда ташкилотларга тегишли бўлган муассасаларнинг спорт залларидан беғараз фойдаланиш каби бир қатор вазифалар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш назарда тутилган.
Фикрлар